БЎЗЧИ БЕЛБОҚҚА ҚАЧОН ЁЛЧИЙДИ?

Табиийки, бу пост ижтимоий тармоқларда фаол, ўз сўзига эга журналист ва блогерларни назаридан четда қолмади. Ҳар ким ўз сўзи, ўз фикрини билдирди. Ачинарлиси, бироқ ҳазил аралаш муносабат ёзган бўлса, кимдир бугун журналистика соҳасининг заволга юз тутаётганлигини таъкидлади. Жумладан, Чори Латипов соҳага муносабат сусайганлиги, ҳатто мактабларда ҳам шеър, ҳикоя, мақола ёзадиган ўқувчилар топилмаётганлиги, ёзилганда ҳам фақатгина мукофот олиш, имтиёзга эга бўлиш учун кимларгадир ёздираётганлиги оқибатида саводхонлик назардан четда қолганлигига урғу берган. Нормурод Мусомов касбга ҳар томонлама путур етаётганлиги сабабли касбдошларимизнинг кўпчилиги кўчада қолганлиги, тиражлар сони кескин тушиб кетиб, газеталар бир-иккита мулозимларнинг саводсизлиги туфайли савиясини йўқотганлигига эътибор қаратган. Шу туфайли журналистларнинг яшашдан кўра яшай олмаслик хавфи кучайганлигини ҳам таъкидлаган. 

Афсуски, бу ҳақиқат. Авваллари таҳририятлар обуна мавсумидагина обуна билан шуғулланар, ҳисоб-рақамга пул тушириш билан овора бўлишарди. Эндиликда эса йил давомида газетада ишловчи журналистлар мақола тайёрлашдан кўра яшаб қолиш учун таҳририятга обуна уюштириш, пул тушириш ҳақида бош қотираётгани ҳам бор гап. Азизахон Солиеванинг фикрича,   журналистика давлат томонидан қўллаб-қувватланмас экан, соҳа чалажонлигича қолаверади. Аҳвол шу бўлгач, Дилфуза Зарипова журналистика йўналишини битириб чиқаётган кадрлар қаерга ишга жойлашини иддао қилган. 

Газеталар чўкаётган кема мисол ўзини зўрға эплаб турган пайтда янги кадрларни ишга олиш амримаҳол. Бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам штатлар сони камлиги бунга йўл бермайди. Шундай экан, тизимни қайта кўриб чиқиш вақти келди. Ўрни келганда айтиш жоизки, ёшлар орасида журналистикага қизиқиш билдирганлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ савод, ёзиш ҳақида гап кетганда...

Нокамтарликка йўймангу, бироқ бугун газеталарда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизни фидойи десак арзийди. Зеро, кам маош, қўллаб-қувватловсиз ишлашнинг ўзи бўлмайди. 

Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетини тамомлаб, “Жиззах овози” газетасига мухбир бўлиб ишга келдим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Акрам Иномов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан ишлашдек бахтга мушарраф бўлганимдан бошим кўкка етди. Йиллар давомида турли мақолалар тайёрладим. Дастлабки вақтларда журналистман десам, борган жойларимда давраларда бир ҳадик уйғонганини сезардим. Ўтирганлар ҳам бироз ўйлаб гапиришга уринарди. Бу ҳолатни кўпчилик салбий изоҳлаши мумкин, албата. Бошқа томондан, журналистнинг ҳурмати сифатида таърифласак ҳам хато бўлмас. 

Бугунчи? Вазият анча ўзгарган. Журналистдан кўра телефонни кўтариб, “прямой эфир” билан чекланадиган, блогерликни даъво қилаётганлар кимсаларга тавалло қилишмоқда. Бу билан блогерларга ҳасад, нафрат кўзи билан қарамоқчи эмасмиз. Шунчаки, жамоатчилик журналистнинг касб этикасига мос равишда иш тутишини бошқача тушунаяпти. Ваҳоланки, блогерликда касб этикаси дуган тушунчанинг ўзи йўқ. Шундай бўлгач, телефонни кўтариб олиб, асосланмаган фактларни келтириш орқали аудитория йиғиш, шов-шув кўтариш, эътиборни ўзга қаратиш қанчалик тўғри? Бугун халқ блогерлар муаммони кўтариб чиқаради дея ишонч билдираяпти. Ваҳоланки, матбуотда ҳам танқидий мақолалар нашр этилаётганлиги бор гап. Бироқ ўша мақолаларда кўтарилган муаммоларга мутасадди ташкилотлар панжа ортидан қарагач, жавоб берилмагач, журналистларнинг обрўси ҳам тушиб бораяпти. Амина Қодированинг фикри шу ҳолатда жуда ўринли айтилди: “Бугун журналистдан кўра блогернинг нуфузи ошиб бораётган жамиятда қайси истеъдодли ёшлар бу касбга ҳавас қилиши мумкин...”. Аччиқ бўлсада тан олишимиз керак, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан доим турли жадваллар тўлдириб беришни сўрашади. Орада чоп этилган танқидий мақолалар хусусида ҳам маълумот берганимизни эслайман. Бироқ, қани унинг натижаси? Обуна масаласида-ку эҳҳе қайта-қайта юборилган жадвалларни айтмаса ҳам бўлади. Барчаси қоғозда қолмоқда. Журналистикага соҳасида фаолият олиб борувчи юқори ташкилотларнинг ўзи вазиятга жиддий ёндошмас экан, бошқалардан бирор нарса кутишга ҳожат йўқ. 

            Республикамизда отахон газеталар саноқлигина. Уларга кўрсатилаётган эътибор ҳам шунга яраша бўлса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Яқин кунларда обуна мавсуми бошланади. Мавсум бошланиши билан бош муҳаррирларнинг юрагига оғриқ кириши турган гап. Шунга яраша жараён охирида расмийлаштирилган обуна нусхалари таҳририятнинг йиллик харажатларини қоплашга етарли бўлса, ҳа хўп. Акси бўлса... 

Хуллас, гапирсак, гап кўп. Бироқ муаммоларга амалий ечим топилса, айни муддао бўларди. 

 Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА


Авторизация