Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодиров ижтимоий тармоқларда унга билдирилаётган фикрларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқда айрим фикрларингиз танқидларга учрайди. Баъзан ҳақоратлар ҳам кўзга ташланади. Бундай салбий муносабатлар Сизга қандай таъсир кўрсатади?
- Ҳақоратларга хафа бўлишга вақт сарфламайман. Танқидларни таклиф сифатида қабул қиламан. Ижтимоий тармоқ бугунги куннинг ҳам фойдали, ҳам хавфли қуролига айланди. Фикрлар тескари талқин қилиниши, мавҳум аккаунтлар уюштираётган муносабатлар, махсус ботлар - инсонларни манипуляция қилишга эришаяпти. Долзарб фикрларим, таклифларим четда қолиб, одамларни ғазабини келтирадиган провокацион контекстлардан фойдаланиш каби ҳолатлар тез-тез учрайди. Сиёсатчини кузатувчиларининг энг камида 50 фоизи танқид қилмаса, билингки у яхши сиёсатчи эмас! Бугун сиёсатчини олдида иккита йўли бор. Биринчиси, танқидчилар билан келишиб, уларга ёқадиган гапларни гапириб юравериш ёки уларга ёқмаса ҳам жамият ривожи учун курашиш. Шу кунгача тармоқларда танқидга учраган бўлса ҳам, бирорта айтган гапимдан қайтмайман, фикримни ўзгартирмайман.