Бир китобда шундай ўқиган эдим: «…Маълумки, тиканни бадандан чиқариб ташлашнинг анча алами бор, аммо у ичкарига йўл олса, азобу уқубати беҳад ортиқ бўлади. Чунки у вужудда фасод бойлайди. Шунинг учун оилавий муросада қандайдир ноаниқлик рўй берса, уни фаҳму фаросат билан ечиш учун дилда борини бир-бирига очиқ-ойдин айтиш керак. Агар эр ва хотин бир-бирининг дилидаги орзу-умидларини билмаса ва билишга ҳам қизиқмаса, улар ўртасида самимият ҳам бўлмайди. Оиланинг қувончи эр ва хотин бир-бирларининг қалбларини чуқур англашида ва дилдаги орзу-умидларини бунёд этиш йили ўзаро ҳамдамликдир».
Ҳа, ҳамдамлик бор оиладаўзаро ишонч, аҳиллик бўлади.
ОҒИЛХОНАГА ОСИЛГАН ДОР
…Фожиа бир зумда юз берди. К. аёлини чақирганда, ундан дарак бўлавермади, бундан ҳайрон бўлди. С.ни ҳовлидан излаб топа олмади. Негадир Комилнинг оёқлари уни оғил томонга судради. К. ичкарига кирдию, аёлининг осилган ҳолатда турганлигини кўрди. У дарҳол С.ни кўтариб олди... Сўнра зудлик билан уни ўзлари яшайдиган ҳудуддаги туман тиббиёт бирлашмасига олиб бориди. Афсусуи, С. вафот этган эди.
Келинчакнинг ўз жонига қасд қилганини эшитган баъзилар «Эҳ аттанг, иродасизлик қилибди, ҳеч бўлмаса, ичидаги боласини ўйламабди», дейишса яна бировлар «Эссизгина, охириям жонига қасд қилибди-да. Шўрлик, жудаям қийналиб кетганди. Ўзи у хонадондан ё ўлиб, ё қочиб қутулиши керак эди» дейишди. Аммо, нима бўлганда ҳам аёлнинг ёшгина умри хазон бўлди, ўзи жувонмарг кетди. Унинг бу дунёда орзу-ҳаваслари йўқ эди, деб ўйлайсизми? Адашасиз, унда ҳам яхши ўйлар, гўзал истаклар бор эди. Фарзандли бўлиб, уларни ўқитиб, уйли-жойли қилгиси келганди.
Бироқ, тақдирнинг оғир зарбалари, турмушнинг муштлари уни енгиб қўйди. Ўзга бирон бир чора-тадбирни тополмади аёл бечора. Ортга қайтай деса...
Хуллас, шўрпешона аёлнинг қўлидан ҳеч нима келмади. Қийинчиликлар, хўрланишлар олдида туғилажак фарзанди ҳам кўзига кўринмади. Оғилхонага осилган дор унинг учун ҳаммасини ҳал қилди…
ЭНГ ДАҲШАТЛИ КУН
Ҳа, бу оиланинг икир-чикирларидан бохабар бўлган қариндош-уруғлар учун ҳаммаси ойдек равшан эди. Қўни-қўшнилар бир-бирлари билан ўзаро суҳбатлашишганда, мавзу С.га келиб қолганда, бошларини оғиргина чайқаб қўйишарди. Чунки, унинг қийналганлари, изтироб чекканлари, азобда яшаганлигини жуда яхши билишарди-да.
С. нинг юраги ўша куни аллақандай беҳаловат, безовта эди. Қўнгли бирдан увишиб, ўзини бирдан ночор, қўлидан бир иш келмайдиган аёлдек сезди. Юрагининг бир бурчида ўзи сезмаган, билмаган ғулғула ҳосил бўлганди. Бўғзидаги аччиқ йиғининг таъми кўнглини беҳузур қилса-да, қайнонасидан тиз чўкиб узр сўради. Сўнг эса эрининг буйруғи билан қайнопасидан ҳам кечирим сўраб, тавба-тазарру қилди. Ҳўнграб йиғлаб юборгиси келса-да, ўзини зўрға қўлга олиб, опаси билан ичкарига – ўз хонасига кирди. Келинчак ётоқхонасининг бетартиблиги, буюмларнинг ҳар томонга сочилиб ётганини кўриб, йиғлаб юборай деди. “Опа, мен сиз билан кетаман, булар мени уриб ўлдириб қўйишади. Қаранг, мен булардан бошқача муносабат кутгандим. Уларнинг нияти бошқача, мени алдашяпти, қўрқаяпман”, дейди. Опа бечора синглисининг оиласи бузилиб кетмаслигини ўйлаб, унга насиҳат қилиб, уни куёвиникига ташлаб ортга қайтади.
... Опасим кетгач, қандай воқеалар содир бўлди, бу келинчак ва ёлғиз Аллоҳга аён. Билмадик, билганимиз шуки, ўша кун келинчак учун энг даҳшатли, энг оғири эди.
С. турмуш ўртоғи билан дастлаб жуда аҳил-иноқ яшаганликларини эслади. «Ўшанда ҳаммаси яхши эди. Оиламиз тинч-тотув, энди бахтимни топдим деб ўйлардим. Аммо, бу бахтга кўз тегди. Нега шундай бўлди? Ахир дурустгина яшаб юрган эдик-ку. Охирги пайтларда у жудаям серзарда бўлиб қолган. Майли, бунисига чидаш мумкин. Лекин мени ҳақоратлаб, оёқ ости қилишига, шаънимни таҳқирлашига қандай чидай? Эссиз, мен бундай бўлади деб сира ўйламаган эдим».
«УЧТА ҚИЗИМ – УЧТА ДУМИМ»
Ҳа, С. икки ўт орасида азобланарди. Ота уйига қайтса, улар безовта,куёвининг хонадонида эса беҳаловат эди. Ҳаёти худди илитилган ош каби эди, гўё.
Б.А.нинг суддаги кўрсатмасидан: - Синглимни узутганимиздан сўнг оилавий бўлиб уникига меҳмонга бордик. Бироз ўтириб, уйга қайтар маҳалимизда синглим йиғлаб, уни ҳам олиб кетишимизни сўради. Табиийки, куёвимиз К. бунга рухсат бермади. Қизимнинг туғилган куни муносабати билан синглимни уйга чақирдим. Яна куёвимиз қаршилик қилган. Ҳатто онамнинг туғилган кунларига ҳам синглим келмади, куёви бу сафар ҳам боришига қаршпи бўлган. Ниҳоят орадан икки ой ўтиб, синглим С. ифторликка келди. Шу куни ҳали янги келинчакнинг – С.нинг танасида кўкарган жойлари борлигини кўриб, нима бўлганлигини сўрадим. У турмуш ўртоғи урганлигини айтди. Орадан йигирма кунлар ўтиб, синглим қизимни уларникига юборишимни илтимос қилди. Эртаси куни қизимга бозор-ўчар қилиб бериб, таксида холасиникига юбордим. Орадан кунлар ўтиб, хола-жиян бизникига келишди. Синглимнинг соғлиги ёмон, бурнидан тинимсиз қон оқаётган эди. Ундан нима бўлганини сўраганида, у икки кундан буён овқат емаганлигини, шунинг учун жиянини олиб бориб қўйишни баҳона қилиб, қайтиб келганлигини айтди. Онам дарҳол синглимни шифокор кўригидан ўтказдилар ва у бир неча кун даволанди. Онамнинг айтишларича, орадан бир ҳафталар ўтиб, куёвимиз келди. Икковлари гаплашиб турган вақтида, куёв “нимага онам билан опамга, тепада худо бор”, деб айтдинг деб шапалоқлаб уриб кетибди. Эртаси куни онам, тоғам ва янгам синглимни қайнонасиникига олиб боришган. Бироқ қайнонаси эшикни беркитиб олиб, уларни уйга киргизмаган. “Нима учун қизимдан қуруқ чой қаердалигини сўрайсан? Менинг учта қизим - учта думим бор. Агар уларнинг бирортасини боссанг, мен сени ҳеч қачон тинч қўймайман. Нима сабабдан ЗАГС қоғозини олиб кетдинг?” деб, жанжал қилган. Шундан сўнг онам синглимни яна қайтариб уйига олиб кетган. Ўша куни кечки пайт куёв синглим билан телефонда гаплашиб, ундан эртагаёқ уйга қайтиб келишни айтган.
С. синглим менга қўнғироқ қилиб, ундан уйига кетиши кераклигини, турмуш ўртоғи чақираётганлигини, уйига олиб бориб қўйишимни илтимос қилди. Рози бўлиб шу куни С.ни соат 12:30 ларда куёвининг уйига олиб бордим. Куёв бизни хушламай кутиб олди. Қайнонаси эса эшикни ёпиб, остонага ўтириб олиб, “ҳа ўғри, нимага келдинг, ЗАГС қоғози қани? Нимага ЗАГС қоғозини олиб кетдинг?” деб уйга киришига қаршилик қилди. Шунда синглимнинг турмуш ўртоғи унга “опам ва онамга нима деб кетдинг?” деб ташланиб, урмоқчи бўлиб, бир-икки марта С.ни қаттиқ туртди. Кеийн эса “тиз чўкиб, онамни оёғига ётиб кечирим сўрайсан, бўлмаса уйга кирмайсан” деб туриб олди. Синглим тиз чўкиб, қайнонасидан йиғлаб кечирим сўради. Қайнонаси эса “Ўғлимнинг кўнгли тўлгунича мендан кечирим сўрайсан, бўлмаса кечирмайман”, деди. Сўнгра куёв “опамдан ҳам тиз чўкиб кечирим сўрайсан”, деб туриб олди. С. тиз чўкиб, ялиниб, қайнопасидан ҳам узр сўради. Қайнопаси “мен сени кечирмайман, кўзимга кўринмай йўқол. Ҳалиям сенга индамаяпман, ўрнимда бошқа одам бўлганида сени уриб-дўппослаб ўлдирарди”, деди. Хуллас, ичкарига кирдик. Синглимнинг ётоқхонасида унинг кийимлари, буюмлари сочилиб ётарди...
АҚЛ УСТУНМИ ЁКИ БОЙЛИК?
Гоҳида айрим қизларнинг «Мени узатишмоқчи, йигитни кўрдим, чиройли экан, ёқди, унга турмушга чиқаўвераман. Дадаси бой экан. Онаси ҳам фалон шаҳарга қатнаб товар олиб келар экан. Ўзи ишламайди, майли, менга маъқул, тегсам шунақасига тегаман-да. Бир йигит билан танишдим. Машинаси бор экан. Ўзи ишламайди. Уйлансам ишласам керак, деди. Совчи жўнатмоқчи, шунга розилик берсам керак» деган гапларини эшитиб қоламиз.
Шундай кезларда эса ўйлаб қоламиз, хўш олиа қуришнинг ўзига хос мезонлари. Шартлари борми? Агар шундай шартлар бўлса. Улар нималардан иборат? Йигит ҳеч қаерда ўқимаса, ишламаса-ю, ота-онасининг тоғдек қилиб уйиб қўйган давлатига ишониб, уйланиб олса, унинг ҳаёти қандай кечади? Ёки қиз боланинг бирор касбнинг ёки ҳунарнинг этагидан ушлаб, ҳаёт қонуниятларини ўрганмай туриб, йигитнинг ҳусну жамолига муҳайё бўлиб, унга турмушга чиқиб кетиши, алал оқибат тиззасига шапатилаб, пушаймон бўлишиан не наф?
Тўғри, оила қуришнинг, умр йўлдош танлашнинг ўзига хос шарлари бор, аммо бу шартлар ҳар икки тараф учун холис ва қурилижак оила учун зиён етказмаслиги керак. Энг аввало, йигитда ҳам, қизда ҳам эзгу фазилатлар, яхши сифатлар бўлиши керак.
Оила қуришнинг мақсад ва моҳиятларини билмай туриб турмушга чиққан қиз ёки бўлмаса уйланган йигит вақтлар ўтиб, афсусланадилар. Натижада икковлари ҳам бирдек изтиробда қоладилар. Бундай кезларда улар ақл билан иш юритсалар оила сақлаб қолинади, акс ҳолда бундай оилага дарз кетиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Афсуски, бугун кўп ҳолларда баъзилар куёв ёки келин танласалар, фақат уларнинг данғиллама участкаси-ю, қўша-қўша машинаси ва мол-мулкига қараб тўн бичмоқдалар. Бундайлар кўпинча ўз хатти-ҳаракатлари билан янги қурилган оиланинг иқболини ўйламайдилар. Аксинча, уларнинг оиласи пойига болта урадилар. Аммо, шундай оилалар борки, қўша-қўша машинаси, данғиллама ҳовли-жойи бўлмаса ҳам тинч-тотув яшайдилар. Ҳаётлари қувноқ, осуда ўтади.
ОРЗУЛАРИ ЧИППАККА ЧИҚҚАН АЁЛ
С. ҳам К. га турмушга чиққанда тотув ва аҳил, иноқ оилани орзу қилганди. «Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Астойдил ишласак, барча орзуларимизга етамиз. Фақат келишиб яшасак бўлди» деб ўйлаган С.нинг ҳаётдан умидлари кўп эди. Минг афсуски, у бундай бахта етиша олмади. Орзусидаги оила фақат хаёлларида эканлигини англагач, тақдирга тан берди.
Охирги пайтларда К. учун С. ғалати туюла бошлади. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ бўлиб қолган. С. эса эрининг хатти-ҳаракатидан ҳайрон. Унга не-не умидлар билан турмушга чиққан, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшайман деган аёлнинг орзулари чиппакка чиққан эди.
Биласизми, ҳаётда чорасиз қолиш даҳшатнинг ўзгинаси. Фикримизни рад этмоқчимисиз, шошилманг, озгина ўйлаб кўринг. С. тинч-тотув яшаши учун яна нима қилиши керак эди? Қаерга бошини уриши, кимдан нажот сўраши керак эди? Тўғри, балки у бу ҳақда ҳам ўйлаб кўргандир, аммо энг сўнгги дақиқаларда ўзини чорасиз ҳис этган. Шундай қилса, баридан қутилиб, жони оройиш топади деб ўйлаган. Шунчалик изтиробда қолганки, юқорида таъкидлаганимиздек туғилажак гўдаккинаси ҳам кўзига кўринмаган ўша лаҳзаларда. Азоблар, ҳақоратлар жонидан ўтиб кетган, алал оқибат…
ХОТИМА
Суд ҳайъати К.ни моддий томондан ўзига қарам бўлган ва ҳеч қаерда ишламайдиган турмуш ўртоғи С.га нисбатан муттасил равишда раҳмсиз муомалада бўлиб, уни ўз жонига қасд қилиш даражасига етказганликда ифодаланган жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан кўрсатилган жиноятни содир этган деб топди. Шунга кўра К.га нисбатан тегишли жазо чораси қўлланилди.
Сайёра МАВЛОНОВА
«Жиззах овози» мухбири.