Одатдагидек BMB HOLDING ижтимоий лойиҳалар доирасида фаол тарзда меҳнат қилаётган ходимларидан ҳар бирининг фаолияти ва ижтимоий ҳаётига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Шунингдек, ҳар бир оила ва уларнинг эҳтиёжларини доимий равишда қўллаб-қувватлаш HOLDINGнинг устувор вазифаларидан биридир.
Жиззах вилояти, Арнасой тумани, “Чўлқувар” маҳалласида бугун бир оила учун қувончли кун сифатида ёдда қоладиган бўлди.
2019 йилдан буён “BMB AGRO” корхонасида механизатор сифатида фаолият олиб бораётган Бекзод Камбаев шароитнинг етарли бўлмаганлиги сабабли она-ота, ака-укалари ва беш нафар фарзанди билан бир ҳовлида яшаб келар эди.
Унинг меҳнати ва хизматга садоқатини эътироф этиб, BMB HOLDING раҳбарияти томонидан Камбаевлар оиласи учун янги, замонавий уй қуриб топширилди. Эътиборлиси, янги уй – янги рўзғор учун зарур жиҳозлар билан ҳам таъминланди.
Маросимда BMB HOLDING асосчиларидан Азиз Маматқулов, Б. Камбаевнинг яқин қариндошлари, маҳалла оқсоқоллари ва кайвони онахонлар иштирок этишди.
Тантанали жараёнда отахонлар дуога қўл очиб, янги уйда истиқомат қилувчиларга фаровон ва дориломон кунлар тилашди.
Бекзод Камбаев ва унинг оила аъзолари эса BMB HOLDING раҳбариятига меҳнатга эътибор ва кўрсатилган инсонийликнинг юксак намуналари учун самимий миннатдорликларини изҳор этишди.