Статистик маълумотларга кўра Ўзбекистонда 2016-2024 йилларда оммавий ахборот воситалари сони 1514 тадан 2349 тага кўпайгани ҳолда, газеталар 691 тадан 600 тага камайган. “Gazeta.uz” хабарига кўра, бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган “Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги”да маълум қилинган.
Журналлар 309 тадан 866 тага, телеканаллар 65 тадан 89 тага, интернет нашрлар 395 тадан 738 тага ортган. Саккиз йил давомида 6 та ахборот агентлиги фаолият бошлаган. Фаол блогерлар сони 50 нафардан 1200 нафарга етган, аммо газеталар сони йил сайин камаймоқда.
Жиззах вилояти мисолида гапирадиган бўлсак, бунданда баттароқ ҳолатга гувоҳ бўламиз. Масалан, 2018 йилда вилоятда 20 дан ошиқ газета фаолият юритар эди. Орадан ўтган вақт давомида уларнинг кўпчилиги ёпилиб кетди. Бугунги кунга келиб шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигида давлат рўйхатидан ўтган атиги 6 та газетанинг мунтазам равишда чоп этилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улар ҳам минг нусха нари-берисида босилмоқда.
“Дўстлик ҳаёти”, “Зафар йўлидан”, “Арнасой тонги”, “Бахмал ҳаёти”, “Янгиобод тонги” каби газеталар эса молиявий ночорлик туфайли босилмаяпти. Бу кетишда туман ҳокимликларига тегишли бўлган газеталарнинг яна кўплари ўз фаолиятини тўхтатиши мумкин ва савол туғилади: - бунинг сабаби нима?
Биз ахборот асрида яшаяпмиз. Тан олиб айтиш керакки, одамлар ахборотнинг жуда катта қисмини газеталардан эмас, ҳатто телеведениедан ҳам эмас, интернетдан, ижтимоий тармоқлардан олаяпти. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, эркин ахборот бозорида газеталар, айниқса туман ҳокимликлари муассислигидаги нашрлар ҳозирги тезкорлиги ва қизиқарлиги жиҳатидан ижтимоий тармоқлар билан рақобатлаша олмайди.
Шу ўринда Жиззах вилоятида чоп этилаётган айрим газеталарга тўхталиб ўтсак. Масалан, мунтазам нашр этиб келинаётган “Шарқ тонги” газетасининг жорий йил 29 августда чоп этилган 11-12 қўшма сони 8 саҳифа (бошқа сонлари 4 саҳифа, ойда икки марта чиқади), икки хил рангда босилган. Берилган материалларнинг асосий қисми Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллик байрамига бағишланган. Саҳифалардаги суратлар сифати ҳаминқадар. Айрим материалларнинг шрифти хиралиги бир оз эътирозга сабаб бўлади.
Ростини айтганда, газетанинг мазкур қўшма сонининг мазмун-моҳиятига, материалларнинг ёзилишига эътироз йўқ. Аммо уларнинг ҳаммаси расмий хабар ва ахборотлардан ёки бирор ташкилот фаолиятига оид мақолалардан иборат бўлиб қолган. Ўқувчини ўзига тортадиган, туманнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаётига оид муаммоли, таҳлилий мақолалар кўпроқ керак, назаримизда. Тўғри, газетанинг 13-14 қўшма сонида “Ташқи реклама - бизнеснинг юзи”, “Салом” қани салом” сарлавҳали танқидий материаллар берилган. Бироқ уларнинг ёзилиш ва масалага ёндошиши кўп йиллардан бери қолипга тушиб қолган услуб. Бир сўз билан айтганда, ўқувчини ўзига қизиқтира оладиган мақолалар сони ошса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳолбуки, туманнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий-маърифий ҳаётига оид муаммолар, камчиликлар истаганча топилади.
Юқоридаги каби камчиликларни “Фориш тонги”, “Пахтакор ҳаёти” газеталари мисолларида ҳам кўриш мумкин. Яъни бу газеталарда эълон қилинаётган мақолаларга ҳам, ёзилишига ҳам эътироз билдириб бўлмайди. Аммо қизиқарлилиги жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Мавзуларга янгича ёндашув ҳам кузатилмайди. Мисол учун, яқинда нишонланган “Тил байрами” мавзуси бундан беш-олти йил олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам ўша қолипда ёритилмоқда. Очиғи, бугун туман газеталарида бир-икки нафар, нари борса техник ходимлари билан қўшиб ҳисоблаганда 3-4 нафар ходим фаолият кўрсатади. Улар ҳам биринчи галда маркетинг, обуна масаласида бош қотириши турган гап. Шундай бўлгач савияли мақолалар ҳақида қандай фикр билдириш мумкин? Муҳаррирлар ёки ижодий ходимлар ўзларининг асосий вазифалари билан шуғулланишлари учун муассис ҳам масаланинг бир томонини ўз зиммасига олиши керакда, ахир.
Юқорида номлари келтирилган газеталар дизайни масаласида ҳам камчиликлар бор. Нашрни сифатли ва ранг-баранг қилиб саҳифалашнинг ўзи билан одамларни жалб қилиб бўлмайди. Газеталарни саҳифаловчи компьютер операторлари айнан босма даврий нашрлар дизайни соҳасида таълим олган бўлишлари керак. Таъкидлаш лозимки, босма даврий нашрлар дизайни билан айтайлик интернет журналистикаси дизайни бир-биридан жиддий фарқ қилади.
Энди масаланинг бошқа томони тўғрисида мулоҳаза юритсак. Юқорида айтилгандек, туман ҳокимликлари муассислигидаги нашрларга оид камчиликлар кўп, буни инкор қилиб бўлмайди. Аммо фақат таҳририятларни айблаш нотўғри.
Хўш, туман газеталари олий маълумотли малакали журналист кадрлар билан таъминланганми? Нима учун иқтидорли журналистлар туман газеталарида ишлашни хоҳламайдилар? Афсуски бу масалада ижобий жавоб ололмаймиз. Негаки 1000 нусха атрофида чоп этиладиган газета таҳририятининг ходимларга тузукроқ ойлик бериши амримаҳол. Ҳатто етарли миқдордаги штат бирлигини сақлаш ҳам имконият даражасида эмас. Айланиб-ўргилиб муаммонинг ечими яна муассисларга, яъни туман ҳокимликлари, шахсан ҳокимларга бориб тақалаведи.
Шу ўринда вилоятнинг отахон нашри - “Жиззах овози” газетаси тўғрисида озроқ сўз юритсак. Рост, мазкур босма нашр ҳам иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечириб фаолият юргизмоқда. Бироқ ўз ишига ижодий ёндашуви туфайли жорий йилнинг май ойида “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросимида “Жиззах овози” газетаси таҳририяти жамоаси “Миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этган энг яхши материаллар учун” номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Жиззах овози” газетаси Жиззах вилоятидаги энг тарихий нашр ҳисобланиб, у 1932 йилда Ҳамид Олимжон ташаббуси билан ташкил этилган. Газетада атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов, таниқли шоир ва журналистлар Тожи Одил, Иброҳим Дониш, Келди Қодирий, Aкрам Иномов каби ижодкорлар меҳнат қилишган. Насрулло Охундий, Назир Сафаров сингари забардаст ижодкорларнинг илк асарлари шу газетада эълон қилинган.
1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга газета моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси, журналистларни тайёрлаш ва улар малакасини оширишда кўрсатган ғамхўрлиги учун “Жиззах овози” газетасининг "ФAХРИЙ МУХБИРИ" деган биринчи рақамли гувоҳномаси топширилган эди. Зеро давлатимиз раҳбари ўша пайтларда Жиззах вилояти ҳокими сифатида отахон газетани яқиндан қўллаб-қувватлаган эди...
Aйни пайтда газета саҳифаларида Жиззах шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётига оид танқидий материаллар мунтазам ёритилмоқда. Бу борада Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродовнинг таҳририят фаолиятига алоҳида эътибор бераётгани катта аҳамиятга эга. Зеро у муассис сифатида ижодий ходимлардан кўпроқ таниқидий-таҳлилий материалларни талаб қилади.
Айрим одамлар, газетанинг даври ўтди, дейишади. Юзаки қараганда шундай туйилиши мумкин. Аммо бир факторни унутмаслигимиз керак, ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган хабар ва янгиликлар вақтинчалик характерга эга. Яъни бугун шов-шув бўлган воқеа тафсилотини бир ҳафтадан кейин тополмаслигингиз мумкин. “Жиззах овози” газетаси таҳририятида имкон қадар газета сонлари архиви яратилган. Илмий иш қилаётган кўплаб олимлар таҳририятга ташриф буюришиб, ана шу архивдан фойдаланишга рухсат сўрайдилар. Демак, газета жамиятнинг кўзгуси бўлиши билан бирга ўзига хос тарихи, архиви ҳамдир.
Дарҳақиқат, ҳар бир туман газетаси ўша туман ҳаётини ёритади. Қоғоздан иборат саҳифаларга муҳрланган ҳаёт лавҳалари орадан бир неча ўн, балки юз йиллар ўтгандан кейин ҳам сақланиб қолади. Шу нуқтаи назардан олганда ҳам туман ҳокимликлари ўзлари муассислигидаги газеталарни сақлаб қолишлари муҳим ва ҳар бир ҳоким ўз туманидаги газетани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши жуда ҳам зарур!
Саид Донишев,
Абдураҳмон Каримов.