ИЖТИМОИЙ МАЪСУЛИЯТ ВА КЕЛАЖАК АВЛОД

ИЖТИМОИЙ МАЪСУЛИЯТ ВА КЕЛАЖАК АВЛОД

 

Ҳар бир жамиятнинг эртанги куни бугунги авлоднинг онгида, юрагида ва қилаётган ишларида мужассам. Шу боис, ижтимоий масъулият нафақат бугунги муаммолар ечими, балки келажак авлодга тоза, соғлом ва барқарор ҳаёт мерос қилиш йўлида энг муҳим қадриятлардан биридир.

Ижтимоий масъулият деганда инсоннинг ўз атрофидаги одамларга, муҳитга, жамиятга, ҳаттоки келажак авлодга нисбатан бўлган бурчи тушунилади. Ҳар бир кичик ҳаракат чиқиндини ўз жойига ташлашдан тортиб, ёш авлодни тарбиялашгача бу масъулиятнинг бир бўлагидир. Жамиятда ҳар бир инсон ўзининг кичик ижтимоий роли ва вазифасини англаган ҳолда яшаса, катта ўзгаришлар рўй бериши муқаррар.

Келажак авлод бизга қарам. Уларнинг билим олиши, соғлом улғайиши, ўзбекона қадриятларда тарбияланиши, юрти ва халқига садоқатли бўлиб вояга етиши бугун биз нима қилаётганимизга боғлиқ. Яхши мисол, тўғри йўл кўрсатиш, меҳр ва эътибор буларнинг барчаси эртанги кунга қўйилган пойдевордир.

Шунингдек, ижтимоий масъулият нафақат инсонлар орасидаги муносабатда, балки табиатни асраш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, таълим ва маданиятга эътибор қаратишда ҳам намоён бўлади. Aгар бугун биз табиатни асрамасак, эртага фарзандларимиз сув ва ҳавога зор бўлиб қолиши мумкин. Aгарда таълим сифатига бефарқ бўлсак, у ҳолда эртанги жамият етакчилари етишмайди.

Шундай экан, ижтимоий масъулиятни юрагимизда ҳис қилиш, уни ҳаётимизга татбиқ этиш нафақат мажбурият, балки инсоний бурчимиздир. Ҳар бир тўғри қарор, ҳар бир эзгу иш бу келажак авлод учун ёзилган нурли йўл демакдир.

 

Руҳшона Салибоева,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети 1 курс талабаси.


Авторизация