ЖАҲОНДА БЎЛМАСА МУАЛЛИМ АГАР...


Ўқитувчиларнинг бахт-иқболи шундаки, улар маърифат қасрининг бунёдкорларидир. Бу йўлда эса устозларимиз сира тиниб билмай меҳнат қиладилар. Юртимиз эртаси учун келажаги порлоқ, комил фарзандларини ўқитиб, тарбиялаб уларни эл корига йўллайдилар. Олиму фузалолар, шоир-санъаткорлар, шифокор, қурувчилар, борингки ҳамма-ҳаммаси ўқитувчидан таълим олади. Ўқитувчининг билимдан, ақл-заковатидан, меҳр-муҳаббатидан баҳра олади.

Ватанга содиқлик, инсоний ғоявийлик, меҳнатсеварлик, инсон манфаати йўлида бор кучини аямаслик, темир ирода, халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, касбий фаолияти ҳамда ўз ҳаёти давомида фаол позициясида туриш, юксак маданий хулқ, нафосат, тил ва дил бирлиги, фан асосларини чуқур билиш ўқитувчининг фазилатларидандир. Комил ишонч билан айтиш керакки, Жиззах политехника институти, “Хорижий тиллар” кафедрасида фаолият олиб бораётган  Ҳулкар Мустафақулова ушбу фазилатларни ўзида тўла мужассам эта олган ана шундай забардаст ўқитувчилардан.

- Айтингчи, Ҳулкар опа, бугуннинг ўқитувчиси қандай бўлиши керак?

- Биз ўқитувчилар касбимиз билан қанча фахрлансак, шунча оз. Чунки, юртимизнинг қай бир гўшасига бормайлик, шогирдларимиз «Салом, устоз!» дея қўлларини кўксига қўйиб, бизга пешвоз чиқадилар. Шундай лаҳзаларда кўнглимиз тоғ қадар юксалади, қалбимиз қувончга тўлади. Энди бевосита саволингизга қайтсак. Фикримизча, ўқитувчилик касбига қадам қўйиш ниятида бўлган одам энг аввало, ўзига ўзи савол бермоғи керак. Аслида мен шу касбни севаманми? Болажонманми? Ўткинчи ҳою-ҳавасга берилмаяпманми? Юрагимда ёнаётган ўт эртага сўнмасмикан? Шу каби саволларга ижобий жавоб топа олганларгина ўқитувчилик касбини танлай оладилар. Бугуннинг ўқитувчиси нафақат ўз касбини севиши, балки ўз фани бўйича жуда чуқур билимга ҳам эга бўлиши лозим.

- Бундан ташқари ўқитувчилар ёндош фанлар соҳасида ҳам кенг тасаввурли, билимли бўлмоғи шарт. Шундай эмасми?

- Албатта, шундай. Чунки, ўқувчилар дарс мобайнида ўқитувчига бошқа фанлар бўйича ҳам савол беради, бу табиий. Чунки, ўқитувчилар учун ўқитувчилар, доимо билимдон. Болаларнинг мана шу фикрларидан қайтмасликлари учун ҳам ўқитувчи тинмай изланиши, билимларини бойитиб бериши керак. Ўқувчи қоишда обрў қозонишни истаган ўқитувчи  ўз камолоти устида мутассил ишлаши унинг касб маҳорати ошиши ҳам демакдир.

Ҳулкар опа билан суҳбатлашар эканман, у кишинг ўз меҳнат фаолиятлари давомида эришган ютуқларидан ҳам фахрландим, ҳам ҳайратга тушдим: Сиз ҳам танишинг-а.

Ҳулкар опа 1996 йил «Йил ўқитувчиси» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби, 1997 йилда ўтказилган «Ижодкор ўқитувчи» кўрик-танлови ғолиби, 1998 йилда Республика Халқ таълими вазирлиги ҳамда «Британия Кенгаши» «British Council»  томонидан ўтказилган «Миллий дарслик ёзувчилари мусобақаси» ғолиби. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва “British Council” –“Британия Кенгаши” томонидан 5-9 синфлар учун нашр этилган “Fly High” дарслиги  бўйича Жиззах вилояти бўйича экперти ҳам. 

Бундан ташқари, Ҳулкар опа 1999-2000-2001, 2004 йилларда АҚШнинг Таълим  ва тил ўргатиш бўйича Америка Ҳамкорлик ташкилотининг “Ўқитишдаги аълочилик” - “Teaching Excellence Awards” танловининг 4 марта ғолиби деб топилган. Ҳулкар опа тинмай изланишлари, билим кўникма ва малака ошириб боришлари натижасида 2000 йилнинг январь-февраль ойларида канадалик ҳамкорлар билан уюштирилган Халқаро анжуманда иштирок этиб, ғолиб деб топилди. Яна худди шу йилнинг июнь-июль ойларида Ҳулкар опа Канада давлатининг Нова Скотия минтақавий коллежида тажриба алмашиш дастурида ҳам самарали қатнашди.

Биздан таълим олаётган ёшлар фақат бугуннинг эҳтиёжинигина эмас, балки келажакнинг талабига ҳам монанд бўлиши керак, шиорига амал қиладиган муалимма опа 2004 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган АҚШнинг талабалар ва олимлар алмашинуви доирасидаги «Жамоа алоқалари ва таълим» дастурида ҳам қатнашиб, тўрт босқичдан ҳам муваффақиятли ўтиб, ғолибликни қўлга киритди.

Бундан ташқари, Ҳ. Мустафақулова 2020 йил январь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион ғояси” II Республика танловида ўзининг “Traveling to the Englishland –Инглиз тилини саёҳат усулида ўргатиш” номли инновацион лойиҳаси билан муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар Қўмитасининг “Энг яхши иштирокчи” номинациясини қўлга киритди.  

Эътибор бераётган бўлсангиз, Ҳулкар опа Мустафақулованинг эришган ютуқлари бисёр. 1999 йилда Ҳ. Мустафақулова Ўзбекистон Республикаси ХТВ томонидан кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳамда таълим-тарбия жараёнини такомиллаштиришда эришган муваффақиятлари учун «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. 2004 йилнинг 28 сентябрида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан «Шуҳрат» медали соҳибаси бўлди.

Ҳозирги кунда Ҳ. Мустафоқулова Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университети ҳузуридаги Чет тилларни ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш Республика илмий-амалий маркази Британия кенгаши (“British Council”) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган узоқ муддатли “English for specific Purposes: Integrated Reforms in Uzbekistan”- “Нофилологик олий таълим муассасаларида инглиз тилини баҳолаш тизимини ислоҳ қилиш” номли лойиҳанинг координатори сифатида иш олиб бормоқда. Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, ўтган йиллар давомида 70 дан ортиқ, илмий –услубий мақолалари, 10 дан ортиқ хорижий журналларда мақолалари чоп этилган. 2021 йил май ойида “Scopus базасида индексланган Халқаро илмий журналда “Teaching Culture in the ESL Classroom”номли илмий мақола билан иштирок этган. 

-Талабаларнинг бўш вақтларида  шуғулланишлари учун институт қошида бевосита сиз томондан ташкил қилинган “Жаҳон ва биз” номли клуб фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, устоз-мураббийлар ҳозирги кунда миллатимиз келажаги бўлган ёшларни ҳар томонлама етук ва комил инсон қилиб тарбиялашда уларни турли ёт ғоялар таъсиридан, оммавий маданият деб аталаётган ҳамда бизнинг миллатимиз менталитетига тўғри келмайдиган турли ёт таъсирлардан асрашимиз учун уларнинг маънавий тарбиясига катта аҳамият беришлари лозим. Мазкур “Жаҳон ва биз” клубини ташкил этишдан мақсад ҳам шу аслида. Клубда  иқтидорли талабалар тили ўрганилаётган мамлакатлар тарихи, маданияти, ёшлар ҳаёти билан танишиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, уларнинг тилга бўлган ҳавасини ошириш мақсадида улар билан биргаликда “Дунё тан олган кашфиётлар ва кашфиётчилар” номли лойиҳа устида иш олиб боряпмиз. Бунинг натижаси ўлароқ клубнинг иқтидорли талабалари билан ҳамкорликда “Бизни лол қолдирган кашфиётлар” номли рисола чоп этилди. 

Бундан ташқари, клубимиз аъзолари томонидан илм-фан, техника соҳасида дунё ва Ўрта Осиёлик олимлар томонидан яратилган кашфиётлар тўғрисидаги “Дунёни лол қолдирган кашфиётлар” номли рисола  инглиз ва ўзбек тилларида тайёрланди. Айни вақтда клуб томонидан эса “Техник атамаларнинг изоҳли луғати” номли лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.

- Яхши ўқитувчи бўлиш учун энг аввало нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Бунинг учун ўқитувчи энг аввало, яхши нотиқ бўлиши шарт. Чунки моҳир нотиқ бўлган ўқитувчининг билимини олган шогирд сўзга чечан бўлади. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, боланинг ҳис-туйғулари ғоятда нафис ва нозик бўлади. Уни ҳаёт билан ҳамоҳанг қилиб вояга етказиш эса ўқитувчининг бурчи ҳисобланади.

Мен кўпинча канадалик файласуф Бенжамин Споукнинг «Ўзингизга ишонинг, сиз ўзингиз ўйлаганингиздан ҳам кўра буюкроқ ишлар қилишга қодирсиз» деган сўзларини такрорлайман. Ростдан ҳам инсон  доимо орзу билан яшайди. Аммо орзу қилиш билан у амалга ошмайди. Уларни рўёбга чиқариш учун мақсадга интилиш керак. Демак, орзу ва мақсаднинг орасида битта чизиқ пайдо бўлди. Унинг номи ҳаракат. Улуғ мутафаккирларимиздан бири А. Дониш ҳам бу ҳақда шундай деган: «Мақсадга етиш учун тинмай ҳаракат қилиш лозим. Зотан, кўп тақиллатилган эшик очилмасдан қолмайди». Аслида ҳам шундай-да.

Дарвоқе, аниқ фанларда формула деган ибора бор. «Яхши ўқитувчи формуласи» қандай бўлади, деб ўйлар эдим. Ўз фаолиятим давомида эса. Ўқувчиларни севиш, ўз касбини яхши кўриш етук билимга эга бўлиш чин ўқитувчининг формуласи эканлигига амин бўлдим.

Баъзан ўқитувчилар орасида «Ноқобил ўқитувчи тўғри йўлни кўрсатади, холос. Ҳақиқий ўқитувчи эса, қаерда тўғри йўл борлигини кўрсатиб қолмасдан, бу йўлдаги қийинчиликларни қандай енгиб ўтишни ҳам кўрсатади» деган гаплар юради. Демак, яхши ўқитувчи бўлиш ҳам осон иш эмас экан.

Тилагим: вилоятимизда яхши ўқитувчилар кўпаяверсин.

 

Суҳбатдош: Сайёра МАВЛОНОВА.

 


Авторизация