ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЁШЛАР МАМЛАКАТИ

Биргина 2016 йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия, Олий Мажлис палаталари ҳузурида “Ёшлар парламенти” ташкил қилинди. Шу билан бирга Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил этилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади. Натижада республика бўйича қарийб 900 минг нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаган ва ўз-ўзини банд қилган ёшларга субсидиялар ажратилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларнинг тўлов шартнома маблағлари тўлаб берилди. Бу ишлар эндиликда одатийлик тусини олиб улгурди ҳам.

Ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ташабусини молиялаштириш мақсадида 2018 йилдан бошлаб ҳудудларда 25 та “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази ва 157 та “Yoshlar mehnat guzari” комплекси фаолият бошлади. “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида республиканинг туман ва шаҳарларида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни тарғиб қилиш ва рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этади. “Спорт карвони”, “Бир миллион дастурчи”, “Энг яхши китобхон оила” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Бизнинг талабаларимиз орасида ҳам ушбу юксак ютуққа сазовор бўлганлар борлигидан бошимиз кўкка етди.

Таълим-тарбия соҳасида ҳам сўнгги йилларда улкан ўзгаришлар рўй берди. Тизим тубдан ислоҳ қилинди. Мазкур соҳада ёшлар манфаатларини кўзлаб кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, ёшларнинг олий таълимга қамрови хусусида сўз борадиган бўлса,  2016 йилда мамлакатимизда 65 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2021 йилда республикадаги жами олий таълим ташкилотлари сони икки баробардан кўпроққа ортиб, 127 тага етганлиги алоҳида таъкидлаш жоиз. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2016/2017 ўқув йилида ўқишга қабул қилиш параметрлари 57 907 нафарни ташкил этган бўлса, 2021/2022 ўқув йилида қабул параметрлари қарийб уч баробар оширилиб, 157 755 ни ташкил этади. Хусусан, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ҳам 1,5 баробар оширилди. Демак, йилдан йилга ушбу кўрсаткич ортса ортаяптики, асло камайгани йўқ. 

Таълим соҳасини тубдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан ёшларнинг узлуксиз таълим олишини таъминлаш мақсадида кундузги таълим шакли билан бир қаторда сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари жорий этилди. Дуал таълим йўлга қўйилди.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тижорат банклари томонидан таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди. Унга кўра, таълим кредитининг асосий қисми талаба олий таълим ташкилотини тугатгандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтариши белгиланди. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмаслиги алоҳида белгиланди.

Халқаро талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшларимизни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиш ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб боришини таъминлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилиб, хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш учун стипендиялар ажратилди. Дунёнинг энг нуфузли университет ва илмий марказларида таълим олган, инновацион компанияларида стажировка ўтаган етук билим ва малакага эга бўлган, ўз Ватани равнақи йўлида тинимсиз меҳнат қилишга тайёр кадрларни хорижда тайёрлаш албатта мамлакат ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

Мухтасар айтганда, ёшларга берилаётган бу эътибор, ўз мевасини бермоқда.сўнгги беш йил давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни комил инсон сифатида етиши учун замин яратилди. Зеро, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев уқтирганларидек, “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз”. 

Алишер УСМАНКУЛОВ, 

Жиззах политехника институти ректори, 

техника фанлари доктори, профессор


Авторизация