КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Мамлакатимизда коррупцияга оид жиноятларни содир этилишини олдини олишнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 май кунги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисидаги” ПФ-5729-сонли Фармонига мувофиқ бошқа давлат идоралари қаторида Ўзбекистон Республикаси Олий  ва ўрта махсус таълим (ОЎМТ) вазирлиги ва унинг тизимидаги олий таълим муассасаларида Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” тизимини  бошқариш бўлимлари ташкил қилинди.

Юқоридаги Фармон ва шу асосда қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ 2021 йилнинг  ноябрь ойидан бошлаб Жиззах политехника институтида ҳам Коррупцияга қарши курашиш  “Комплаенс назорат” тизимини  бошқариш бўлими  ўз  фаолиятини бошлади.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этилишини олдини олиш ва уларга қарши курашиш фақат давлат органлари томонидан олиб борилса кутилган натижани бермаслигини ҳаммамиз яхши тушунамиз. Бунинг учун жамиятнинг барча жабҳалари, айниқса  таълим соҳасида ёшлар онгида коррупция каби иллатга тоқатсизлик ва муросасиз муносабатни шакллантириш борасида тизимли иш олиб борилиши лозим. Ушбу масъулиятли ва шарафли вазифани  ижросини сифатли таъминлаш профессор-ўқитувчилар ва педагог-ходимлар билан ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка иш ташкил қилиш, талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналарини жалб қилган ҳолда фаолият олиб борилиши талаб қилинади.

Коррупцияга қарши курашиш бўлими ўз фаолиятини бошлагандан буён асосий эътиборни профессор ўқитувчилар ва талаба-ёшлар орасида коррупция ва унинг келиб чиқишига қарши тарғибот-ташвиқот тадбирларни ўтказиш, шу соҳадаги  ишларни тубдан такомиллаштириш, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни кучайтириш  масалаларига қаратилди. Вазифаларни ижросини таъминлаш, самарадорлигини ошириш чораларини кўришда институт раҳбарияти томонидан барча  имкониятлар яратилиб келинмоқда.

Хусусан, таълимни “Коррупциясиз соҳа”га айлантирамиз лойиҳаси доирасида 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар орасида 21 маротаба тарғибот-ташвиқот мазмунидаги тадбирлар ўтказилди.

9-декабрь “Халқаро коррупцияга қарши курашиш” куни муносабати билан  институт факультетларида талабалар иштирокида турли хилдаги танловлар  ташкил қилинди. Институтимиз талабалари “Ёшлар коррупцияга қарши” мавзусида иншолар ёзишди, расмлар чизишди, видео-аудио роликлар тайёрлаб беришди.

Маълумки, коррупциявий хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни олдини олиш соҳасида юртимизнинг келажагига бефарқ бўлмаган талаба-ёшлар, ота-оналар ва профессор-ўқитувчилардан  бўлимга мурожаатлар, ёки шу мазмундаги маълумотларнинг  келиб тушиши мақсадга мувофиқ саналади.

Шу мақсадда, Коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари ижтимоий тармоқлардаги ўз телеграмм ва телефон рақамларини институт расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларига жойлаштиришди. Бундан ташқари, аноним кўринишдаги маълумотларни тақдим қилмоқчи бўлган шахсларга қулайлик яратиш мақсадида институт ўқув бинолари киришида “Адолат қути”лари ўрнатилди, ушбу имкониятларни яратилганлиги ҳақидаги маълумотлар барча талабалар ва профессор-ўқитувчиларга етказилди.

Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, уларни олдини олишда фойдаланиш мақсадида талабалар ва профессор-ўқитувчилар орасида аноним сўровлар ўтказилди. Аноним сўров тадбирларига 147 нафар профессор ўқитувчилар ва 253 нафар талаб-ёшлар жалб қилинди, қўйилган саволларга улар томонидан берилган жавоблар ва илгари сурилган таклифлар фаолият жараёнида эътиборга олинади.

Бўлим фаолиятининг яна бир эътибор қаратилган муҳим соҳаси бу Давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, яъни коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида институтда ўтказилаётган тендер танловлари комиссиясида қатнашиб, контрагентларнинг ишончлилиги ўрганиб чиқилади. Ўрганиш жараёнида ғолиб бўлган компаниялар фаолиятларида қонунга зид бўлган аломатлар мавжуд эмаслигига ишонч ҳосил қилинганидан кейин тегишли шартнома тузишга рухсат берилади.

Кадрларни ишга қабул қилиш ва жой-жойига қўйиш масаласига институт Ходимлар бўлими билан ҳамкорликда иш олиб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги Бўлим фаолиятини мувофиқлаштирувчи меъёрий ҳужжатларда белгиланган. Яъни, институтга ишга жойлашиш мақсадида мурожаат қилган шахсларга нисбатан ўрнатилган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилади, улар  билан суҳбат ўтказилиб, натижаси бўйича махсус комиссияга тегишли хулоса берилади.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, бўлимимиз олдида турган вазифаларни ижросини талаб даражасида таъминлаш, таълим соҳасида коррупцияга оид жиноятларни содир этилишини олдини олиш мақсадида  талабаларнинг ота-оналари ва бўлажак кадрларни ўз соҳасини етук мутахассислари бўлиб чиқишларига бефарқ бўлмаган юртдошларимиздан институт Коррупцияга қарши курашиш бўлимига тегишли таклифлар ва мурожаатларни йўллашларингиз сўраб қолинади.

 Б.МАХСУДОВ

Жиззах политехника институти

Коррупцияга қарши курашиш

“Комплаенс назорат” тизимини

Бошқариш бўлими бошлиғи


Авторизация