“Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида Ғаллаорол туманидаги 25-сонли умтаълим мактабида Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда “Чемпион тадбиркор билан мактаб ўқувчилари учрашуви” тадбири ташкил этилди. Мазкур билим даргоҳидан ташқари қўшни ҳудудлардаги умумтаълим мактабларининг жами 100 нафардан зиёд юқори синф ўқувчилари қатнашган йиғилишда “BMB AGROKLASTER” бош директори Бекзод Бердибеков ёшларга BMB HOLDINGнинг таркибига кирувчи корхоналар имконияти, экспорт салоҳияти, ишлаб чиқариш жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Айниқса, Ҳолдинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи махсус видеороликлар намойиши ёшларнинг касб танлаши, ҳаётда ўз йўлларини топишлари, келажакда юртимиз равнақи юксалишига сидқидилдан ҳисса қўшишлари йўлида ўзига хос “мотивация” вазифасини ўтаб берди.
Шунингдек, Бахмал туманидаги 48-мактабда ўтказилган худди шундай учрашувда BMB HOLDING тизимидаги яна бир корхона - “BMB SHIFO” МЧЖ бош директори Аслиддин Худойназаров ёшларга замонавий тадбиркор Бекзод Маматқулов раҳбарлигида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланиб бораётганлиги, қолаверса Ҳолдинг томонидан мунтазам равишда ташкил этилаётган хайр-саховат тадбирлари хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Бир сўз билан айтганда, жойларда ўтаётган “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида BMB HOLDING масъуллари ҳам фаол қатнашиб, ёшларнинг қобилиятларини ривожлантириш, ўз имкониятларини амалиётда синаб кўриш ва келажакда мустақил касб эгалари сифатида намоён бўлишларига яқиндан кўмаклашиб келишмоқда.