ТАШРИФДАН ТАШРИФГАЧА

   Авваллари Жиззах асосан аграр соҳага ихтисослашган бўлиб, саноат кўрсаткичлари аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардар бири саналар эди. Қўшма корхоналар, саноат, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалии маҳсулотларини қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари етарлича ривожланмаган ҳудуд ҳисобланарди. Эндиликда эса ушбу ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик ишлари ўз кўлами билан нафақат юртимизда, балки чет эллик ҳамкорларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Сабаби энди Жиззах саноати ривожланган ҳудудлар қаторига қўшилди.

   Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрган чоғида қатор истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳудуд иқтисодиётини барқарор ривожланишида муҳим омил бўлиши ҳусусида фикр билдирган эди. Орадан ўтган бир йилдан сал ошиқроқ вақт бу фикрларнинг нечоғли аҳамият касб этишини исботлаб берди. Президентимизнинг ҳудудда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга юқори технологияларни татбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда янги-янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича топшириқлари ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. Нафақат вилоят маркази, балки энг чекка туманларгача саноат кириб борди. “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринга кўтарилди. Айни пайтда мазкур иқтисодий зонада 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 та янги иш ўрни яратилди. Эндиликда бу ерда ўнлаб турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқдаки, бу бир йилнинг ўзидаёқ эркин иқтисодий зона фаолияти янада такомиллашиб, бизнесга қулайлик шароит яратилганлигидан далолатдир. 


   “ADM Jizzakh” енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибори ва қабул қилган бир қатор қарорларига мувофиқ Жиззахда машинасозлик соҳаси тобора ривож топиб бораётганлиги, хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали кейинги йилларда вилоятда бу борада кенг кўламли амалий ишлар олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди. 

   Дарҳақиқат, “ADM Jizzakh” корхонасида “KIA”, “Chery” брендлари остида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

   “Kia Sonet” автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишда 226 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, бугунги кунда 1 300 нафар янги иш ўринлари яратилди. Корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлиб, келгусида иш ўринлари сони 3 000 нафарга етказилиши режа қилинган. 

   Корхона юқори технологияларни жалб қилган ҳолда пайвандлаш, бўёқлаш ва йиғиш жараёнларини қамраб олувчи тўлиқ ишлаб чиқариш цикли асосида ишламоқда.

   Бу ерда ишлаб чиқариладиган автомобиллар сифатини янада ошириш мақсадида Корея, Ҳиндистон ва Хитой давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилган.

   Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандислар Корея ва Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган.

   Бундан ташқари, “Зомин” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда ягона бўлган, лойиҳа қиймати 9,5 миллиард сўмни ташкил этадиган немис технологиялари асосида йилига 350 минг дона 11 турдаги стаматологик пломбалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Dentals Pharma” МЧЖ корхонаси барқарор ишлаб келмоқда.

   Республика бўйича йилига ўртача 80-10 миллион  долларлик айнан шу турдаги стаматологик пломба тўлиқ импорт қилиб келинади. Корхонанинг пломба маҳсулотлари айнан шу турдаги Россия, Франция, Жанубий Корея, Япония давлатларининг импорт пломба маҳсулотлари нархига нисбатан 30 фоиздан – 250 фоизгача арзон ва сифатли.

   Корхона ишга туширилиши натижасида, йилига ўртача 3 миллион долларлик шу турдаги стаматологик пломба маҳсулотлари импорти олди олиниб, маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланмоқда.

   Яна бир мисол, “Iruskon” МЧЖ қиймати 15 миллион доллар,  йилига 12 минг тонна кенг турдаги кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 120 нафар янги иш ўринлари яратилди. 11 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар “Deya” бренди остида ишлаб чиқарилмоқда.

   Корхона ишга туширилиши натижасида, Республика бўйича йилига 12 миллион долларлик айнан шу турдаги қандолат маҳсулотлари импорти олди олиниб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан қопланмоқда. 

  Маҳаллийлаштириш дастурига асосан, ўтган йили бир қанча янги турдаги саноат маҳсулотлари ўзлаштирилди. Жумладан, ингибирланган хлорид кислотаси, электр ўтказиш жиҳозлари, электр розеткаси, электр токи қалқони, форза ойнаси ва кўзгу, сувга чидамли гипсокартон ва бошқалар.

   2023 йил якуни билан 66 турдаги 11,9 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 977 миллион долларни ташкил этди.

   Жорий йилда 52 та корхонада 80 турдаги 13,4 триллион сўмлик, яъни 2023 йилга нисбатан 2,5 баробар кўпроқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 1 078 миллион долларни ташкил этиши ҳамда 747 нафар янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Шундан, 55 таси кенгайтириш бўйича, 25 таси янги лойиҳалар ҳисобланади. 

 Шу билан бирга илм-фан, инновация, IT соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

   - Жиззах политехника институтида 2000 йилдан буён муқобил энергия манбаларини ўрганиш, уларни ишлаб чиқариш борасида илмий изланиш олиб борардик. Мен ўтган йили муҳтарам Президентимиз Жиззах вилоятига ташрифлари вақтида шундай лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф билдирдим. Мазкур лойиҳанинг афзаллиги шунда эдики, дастлаб ишлаб чиқариш ускуналарини хориждан келтириш, босқичма-босқич мазкур технологияларни ҳам маҳаллийлаштириб бориш назарда тутилган эди. Ҳисоб-китобларга қарасак, битта қуёш панелини четдан олиб келиш учун 15 миллион сўм атрофида маблағ сарфланарди. Биз ишлаб чиқармоқчи бўлган маҳсулот таннархи эса қарийб икки баробар арзонга тушарди. Демак, нафақат маблағ тежалади, балки катта миқдордаги сўмманинг Ўзбекистоннинг ўзида қолиши таъминланар эди. Таклифимни юртбошимиз қўллаб-қувватлашларини очиғи кутмагандим. Чунки бу улкан маблағни талаб этарди. Бироқ аниқ таклиф ва истиқболли режа бўлганлиги учун юртбошимиз шундай ишонч билдирганларидан бошим кўкка етди. Махсус бино қурилиб, асбоб-ускуналарни олиб келиб ўрнатдик ва маҳсулот ишлаб чиқара бошладик. Қўшимчасига  36 та янги иш ўрни ҳам яратилди. Ушбу иш ўринларига албатта талабалар жалб этилган, - дейди Жиззах политехника институти “Электроэнергетика” кафедраси профессори, физика - математика фанлари доктори Уришбой Юлдашев.

  Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилги ташрифи давомидаги ҳудудларда киберспорт мусобақаларини ташкил қилиш ва ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида:

  - Вилоят марказида Ўрта Осиёдаги энг йирик “Киберспорт арена”си фойдаланишга топширилди. Эндиликда ушбу марказ киберспорт бўйича жаҳон, Осиё ва турли халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиш имкониятини беради. 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган, LOUNJ ҳудуд, бепул WI-FI зонаси ва VIP типидаги хоналар ҳамда 32 ўринли меҳмонхонаси мавжуд бўлган объект ҳудуди 3326 метр квадратни ташкил этиб, лойиҳа қиймати 30 миллиард сўмга тенг.  Аҳамиятлиси бу жойнинг барча харажатлари маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланди, - дея изоҳ беради Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси раҳбари Ғулом Қурбонов.

  - Президентимизнинг 2023 йил 10 февраль куни вилоятимизга қилган ташрифлари чоғида мен маҳаллада ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаган вақтимда ҳудудимиз “қизил тоифа”да эканлиги ва кейинчалик “сариқ тоифа”га ўтиб, 2024 йилгача “яшил тоифа”га олиб чиқиш бўйича мулоҳазаларимни билдирган эдим. Бу борада янги меҳнат бозорига кириб келувчи ёшлар, хориждан қайтган аҳоли вакиллари, “Аёллар дафтари”,  “Ёшлар дафтари”га кирган фуқароларимизни иш билан таъминлаб, жиноятчилик, оилавий ажримларнинг олдини олиш, маҳалламизни ободонлаштириш бўйича қилиниши лозим бўлган фикрларимни билдириб ўтган эдим.

   Маҳалламиздаги “еттилик” билан ҳамжиҳатликда берган ваъдамизнинг устидан чиқдик.

   Президентимизнинг ўтган галги ташрифидан сўнг 200 нафардан ортиқ аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, 60 нафардан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди. Ва энг асосийси қилаётган меҳнатларим муҳтарам юртбошимиз томонидан алоҳида эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотландим. Хуллас, “Меҳнат қилган элда азиз!” деган мақолни бугун ўз ҳаётим мисолида кўриб турибман ва бу йўлда бизга ҳақиқий маънода далда бўлиб турган Президентимга миннатдорчилик билдираман, -дея дил изҳорларини баён қилади Жиззах шаҳар Амир Темур маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Маҳбуба Маъмирова.

   Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турини кўпайтириш бўйича  ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб келинаётир. Ўтган йилнинг ўзида 3141 гектар боғ ва 5160 гектар узумзорлар барпо қилинган бўлса, 2024 йилда ҳам бу ишлар давом эттирилиб, 520 гектарда боғ ва 15371 гектарда янги узумзорлар барпо қилиниши режа қилинган. Умуман олганда бу соҳани ривожлантириш учун вилоятда имкониятлар катта, шунинг учун, 2030 йилгача яна 32 минг гектар интенсив боғлар, 15 минг гектар узумзорлар барпо қилиниб, боғлар 60 минг гектарга, узумзорлар 35 минг гектарга етказилиши кўзда тутилмоқда.

   Умуман олганда, вилоятда бу каби ўнлаб амалий ишлар ҳаётга татбиқ этиляптики, булар барчаси юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш даражасининг ошиши, Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, одамлар розилиги учун хизмат қилаяпти.

 

        Саид Донишев


Авторизация