ИЛМ-У МАЪРИФАТЛИ ЁШЛАР – ЮРТ ТАЯНЧИ

Доноларнинг шундай ҳикмати бор, агар мамлакат 1 йил ривожланаман деса — буғдой эксин, агар мамлакат 10 йил ривожланаман деса — дарахт эксин, агар мамлакат 100 йил равнақ топаман деса — ўз ёшларини ўстирсин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлган илк палладаноқ фаолиятини айнан ёшлар масаласига кенгроқ эътибор қаратиши, уларга барча имкониятларни яратиш учун муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш билан бошлади. 2016 йил 14 сентябрь куни “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қайта ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилган ҳолда қабул қилинганлигини сўзимизнинг исботи сифатида келтириш мумкин. 

Шунингдек, мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилганлиги ҳам таҳсинга сазовордир. Айниқса, Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилганлигини эътироф этмасликнинг имкони йўқ. Зеро, келажак бугун ёшларга қандай шароит яратиб берилганлигига боғлиқлигини унутмаслик лозим.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалида бўлди.

Бу университет Россиядаги энг қадимий ва кенг қамровли олий таълим муассасаларидан бири. Унинг Жиззах филиали ўтган йили иш бошлади ва бугунги кунда 325 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, муассаса 1 минг 88 ўринли.

Бу ерда даволаш иши, стоматология, фармация, тиббиёт биокимёси, журналистика, иқтисодиёт, геология, тилшунослик, дастурий муҳандислик, ахборот тизимлари ва технологиялари ҳамда технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш каби 11 йўналишда мутахассис тайёрланади.

Давлатимиз раҳбари муассаса учун қўшимча бино ажратиб, қулайликларни кенгайтириш бўйича кўрсатма берди. Кўринадики, ёшларимизнинг илм-маърифатли бўлиши, юксак салоҳиятли кадр сифатида меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиб етишиши давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат марказидадир. 

Айтиш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида, сўнгги икки йил мобайнида мисли кўрилмаган ижобий ишлар амалга оширилди ва бу ишлар ҳозирда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Шу ўринда айнан ёшлар ҳаётига дахлдор уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, орзу ва истакларини рўёбга чиқаришда кўмаклашадиган, интилишлари ва мақсадаларига эришиш йўлида имкониятлар майдони ярата олган айрим ислоҳотларни санаб ўтсак. Жумладанб Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” ташкил этилди. 

Ватан келажагини бунёд этишга бел боғлаган, юртимизда амалга оширилаётган ишларга нисбатан дахдлдорлик ҳиссини туйган, жамиятимизнинг турли соҳаларида ўз меҳнати билан самарали хизмат қилиб келаётган, фидоий ёшларимизни рағбатлантириш мақсадида "Келажак бунёдкори" медали таъсис этилди. 

Йигитларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириш, уларда мардлик, жасорат, садоқат каби фазилатларни шакллантириш, ўз халқининг мард ўғлони бўлган йигитларни муносиб тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” Давлат мукофоти таъсис этилдию

Ёшлар ўртасида мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб этиш, юксак интеллектуал салоҳиятли, китобга ошно, билимли авлодни вояга етказиш мақсадида, Президентимиз ташаббуси билан "Ёш китобхон" кўрик-танлови ташкил этилди ва республикамиз бўйлаб, энг оммалашган танловга айланди. Мамлакатимизда ёшларга қаратилган давлат сиёсати тарихида илк бора, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди.

Шу ватаннинг эртанги куни ҳисобланмиш ёшлар сиёсати доирасида халқаро алоқалар йўналишидаги ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилди. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилиб, хорижда ишлаб юрган ёки таҳсил олаётган ёшларимизни ижтимоий ҳимоялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу кунга қадар, ўзбекистонлик ёшлардан иборат делегацияларнинг Хитой, Германия, Россия, Ҳиндистон, Туркия каби 10 дан ортиқ давлатларга тажриба алмашиш ҳамда хорижий давлатларда ёшларга доир дастурларни амалда ўрганиш мақсадида сафарлар уюштирилди. Бир неча бора ёшлар ўртасида халқаро форумлар, фестиваль ва конференциялар ташкил этилди.

Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг ҳудудий филиаллари ҳам шакллантирилиб, ҳозирда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз томонидан 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея ном бериш таклиф киритилганда барча сингари менинг ҳам бошим кўкка етди. Ваҳоланки, сўнгги йилларда таълимга қаратилаётган эътибор туфайли меҳнат бозорида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида самарали натижаларга эришилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Мурожаатномада бундан кейин ҳам асосий эътибор Марказий Осиёдаги барча қўшни давлатлар ва дунёдаги стратегик шериклар бўлган мамлакатлар, халқаро ташкилотлар билан кўр қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилиши таъкидланди. Демак, эндиликда миллий хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар янги босқичга олиб чиқилади. Зеро, “Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз”. 

Ҳеч кимга сир эмас, охирги йилларда олий ўқув юртлари сони кескин ошди. Натижада уларнинг қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга етди. Бироқ Юртбошимиз уқтирганидек, таълим сифати ҳақида қайғуриш асосий масала бўлиб қолаверади. Шунингдек, илм-фан ва инновацияларга йўналтириладиган маблағ 1,5 триллионни ташкил этади. “Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани”. Демак, илм-фан соҳаси вакилларининг изланиши учун янада кенг имкониятлар эшиги очилади. Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари ҳам институт илмий салоҳиятини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаяпти. 

Яқинда UI GreenMetric World University Ranking – “экологик” университетларнинг глобал рейтинги натижалари эълон қилинди. Унда  ушбу соҳада олиб борилаётган ўқув ва илмий фаолият кўрсаткичларига катта эътибор берилади. Индонезия университети томонидан 2010 йилдан буён ўтказиб келинаётган рейтингнинг жорий йилги сарҳисобига кўра, Жиззах политехника институти биринчи ўринни эгаллаган. Алоҳида қайд этиш лозимки, асосий рейтинг мезонлари энергия истеъмолини тежаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни сақлаш ва қайта ишлаш, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш, кампусдаги яшил ҳудудларнинг майдони каби кўрсаткичларга биноан баҳоланган. Ушбу эътироф эса институтимизнинг ҳар томонлама олиб бораётган фаолиятини ёрқин намунаси бўлди. 

Мухтасар айтганда, биз Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак ва масъулиятли маррани кўзладик. “Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз”. Бунинг учун эса ҳозиргидек жиддий синовлар ва хавф-хатарларни енгиб ўтишда шаҳдам қадам ташламоғимиз лозим.

Санобар ЭШБЕКОВА,

Жиззах политехника институти 

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий 

ишлар бўйича биринчи проректор


Авторизация