ЎЗБЕКИСТОН-БМТ: ТЕНГЛИК ВА МАНФААТЛИ ШЕРИКЛИК

Зеро, Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам бужиҳатга алоҳида урғу берилган бежиз эмас. Мурожаатномада келтириилганидек, “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар билан яқин ҳамкорликни ривожлантириш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлади”. Демак, келгусида нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инсон айниқса, ёшлар ҳуқуқлари, диний эркинлик ҳамда экологик фожиалар таъсирини юмшатиш каби масалалари борасида музокаралар олиб борилиб, амалий ишлар йўлга қўйилади. Биргина мисол. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана ҳам Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгиланиши эса жаҳон жамоатчилиги нигоҳида инсоний қадриятлар, эзгу фазилатлар тараннумининг ёрқин намунаси бўлди. 

Жорий йилда мамлакатимиз БМТга аъзо бўлганлигига 30 йил тўлади. Бу албатта, қисқа вақт эмас. Ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот аъзоси бўлиш Ўзбекистон учун нафақат обрў, балки улкан масъулият ҳамдир. Зеро, 1992йил 2мартдан буён БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳилпираб туриши халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб келаётганлигимизнинг амалий исботидир.

Бугунги шиддаткор замонда тараққиётга хизмат қилувчи омиллар талайгина, бироқ унга таҳдид ссолувчи хавф-хатарлар ҳам йўқ эмас. Шундай шароитда тиинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш айни муддаодир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, бир қатор ихтисослашган муассасалари фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон БМТнинг Бош Ассамблеяси ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятидаги ўз иштирокини ҳам фаоллаштирди. Чунончи, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон-БМТ муносабатларида янги даврни бошлаб берди, десак асло муболаға бўлмас. Айнан мазкур сессияда давлатимиз раҳбарининг “Биз қатъий ишонамиз, БМТ бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутади” деган таъкиди республикамизнинг сиёсий-дипломатик позициясини намойиш этди. Биргина бу эмас. Сўнгги йилларда БМТ Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар, БМТнинг Диний эътиқод бўйича, Судъялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси каби нуфузли шахсларнинг мамлакатимизга ташрифи ҳам Ўзбекистоннинг дунё диққат марказида эканлиги ва глобал, минтақавий масалалар бўйича билдирадиган ташаббуслари доимий эътиборда эканлигини яна бир карра исботлади.

2020 йил 13 октябрь Ўзбекистонда тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Айнан шу куни миллий давлатчилигимиз тарихида илк борЎзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланди ва аъзо сифатида Кенгашнинг дастлабки учрашувида биринчи марта иштирок этди. Фахр билан айтиш мумкинки, 200 га яқин аъзо мамлакатлар орасидан Ўзбекистоннинг аъзоликка қабул қилиниши Шавкат Мирзиёевнинг“Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида Халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради” деган сўзларининг амалий ифодаси сифатида намоён бўлди. Бу эса оламшумул ва тарихий воқелик эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2015 йил сентябрда Ўзбекистон ҳам БМТга аъзо барча мамлакатлар томонидан қабул қилинган 2030йилгача бўлган даврда барқарор тараққиёт соҳасидаги кун тартибини имзолаган томон сифатида хавфсиз ва соғлом сайёрада барча одамлар учун тенглик, тараққиёт, қадр-қиммат ва адолат ҳукм сурадиган тинчликка интилиш бўйича глобал мажбуриятни ўз зиммасига олган. Мазкур Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда “Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилиб келинаётганини эътироф этиш лозим. Зеро, юртбошимиз ҳам инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини, умуман оганда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслигини бот-бот таъкидлаб, ислоҳотлар изчиллигини таъминлашни назардан четда қолдирмаётганлиги ҳам таҳсинга сазовордир. Бу биргина 2022 йилнинг номланишида ҳам ўз аксини топган.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон-БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топмоқда. Кегусида ҳам халқаро хавфсизлик, глобал ва минтақавий муаммоларни бартараф этиш каби долзарб  масалаларда Ўзбекистон Республикасининг БМТ билан алоқалари тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб бораверади.

 Феруза НИҒМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати

 

 

 

 


Авторизация