Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлатимиз томонидан таълим соҳасига берилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасида фарзандларимиз, қолаверса педагоглар учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги шу юрт фарзанди, шу халқ вакили сифатида мени ҳеч қачон бефарқ қолдирмаган. Юртбошимиз қайси ҳудудга бормасин ёки қандай анжуманда сўзга чиқмасин, албатта таълим соҳасига алоҳида тўхталишлари, тизимнинг бошланғич бўғини бўлган мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратишлари аҳамиятлидир. Бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан мактабгача таълим соҳасини янада ривожлантириш ва болажонлар учун етарлича шарт-шароитлар яратиш, таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган бир қанча қарор ва фармонларга имзо чекилганки, буларнинг барчаси шубҳасиз келажагимизнинг бугунгиданда ёрқинроқ бўлишига хизмат қилади.
Президент раислигида шу йилнинг 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтган видеоселектор йиғилишини кузатар эканман, юқоридаги фикрларим яна бир бор тасдиғини топганига амин бўлдим.
Мамлакатимиз раҳбари мактабгача таълим тизимининг бугунги куни ҳақида фикр билдирар экан: “Қамров ошди, лекин сифат бўйича қиладиган ишларимиз кўп. Боғчалар нафақат тарбия, балки болада таълим олиш учун илк кўникмаларни шакллантирадиган масканга айланиши керак”, деди.
Дарҳақиқат, бугун олти ёшли болалар мактабга тайёрлов гуруҳларига деярли тўлиқ қамраб олинганлиги, кейинги йил бу рақамнинг 100 фоизга чиқиши кутилаётганлиги алоҳида эътиборга молик масала.
Аслида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрда имзоланган ”Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 152-сонли Фармонининг ҳар бир банди ўзининг долзарблиги билан соҳа ходимларини қувонтирган эди. Шунингдек, туман ва шаҳарларда биттадан таянч мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши ва бундай ташкилотларда “Маҳорат кунлари”нинг олиб борилиши, мактаб ва олий таълимнинг бўш турган биноларида ҳам мактабгача таълим муассасалари очишга рухсат берилиши, 2025-2026 ўқув йилида ДУАЛ таълим жорий этилиши, ўрта махсус маълумотли 5 йиллик стажга эга ходимлар учун 200 та мақсадли квоталар ажратилиши, 2025 йилнинг бошидан мактабгача таълим ташкилотлари биноларини қуриш-реконструкция қилиш учун талабларни кўриб чиқиш кабилар бугун соҳада эришилган муваффақиятлар гарови бўлиб хизмат қилмоқда.
Ёки, таълим ташкилотига менежерлик қобилиятига эга бўлган, жамоани ўзининг орқасидан эргаштира оладиган, ҳалол ва адолатли раҳбарлар қўйилиши тизимининг яратилиши ҳам бу борада ижобий самара бермоқда, дейишимизга асос бўла олади. Агарда аксинча бўлса, мактабгача таълим ташкилотларига кўзининг оқу қораси бўлган фарзандларини ишониб топширган ота-оналар тизимдан ҳеч қачон рози бўлишмайди.
Йиғилишда жорий йилдан илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурларини ўзаро уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди. Бунда Сингапурнинг нуфузли ташкилоти билан боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади.
Эндиликда давлат ва хусусий боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этиладиган бўлди.
-Ўзбекистонда қатор мезонлар асосида ўқитувчиларга ўндан ортиқ устама жорий қилинди, бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош оляпти. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади, - дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирги кунда таълим соҳасида фидойилик билан ҳалол меҳнат қилаётган педагоглар ўз навбатида ҳам маънан, ҳам моддий томондан тизимли рағбатлантириб борилмоқда. Малака тоифасига эга ва устама тўловлари билан ҳозирги кунда Прзидентимиз таъкидлагандек ойлик маош олаётган тарбиячилар сафи тобора кўпайиб бормоқда. Бу албатта бошқа ходимларнинг ўз устида янада қунт билан ишлашига, билимини ошириб, керакли тоифага эга бўлишга ундайди.
Шунингдек, йиғилиш давомида мактабгача ва мактаб таълими тизими мутасаддиларининг тизимни янада ривожлантириш борасидаги фикр ва таклифлари, ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳам тингланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, таълим соҳасига шунчалик эътибор қаратилиб, шарт-шароитлар яратилаётган бир вақтда тизим раҳбарлари, педагоглар шунчаки ишлаши мумкин эмас. Улар халқимиз фарзандларига бор меҳрини бериб, бутун салоҳиятларини ишга солиб, ҳар нарсадан эл манфаатини устун қўйиб меҳнат қилишлари лозим. Аслида ҳам улар шундай фидойилик билан меҳнат қилишмоқда. Чунки устоз-мураббийларга халқимиз, Президентимиз ишонч билдирган. Катта масъулиятни ўз зиммасига олган ўқитувчи ва тарбиячилар эса бу ишончни оқлаш салоҳиятига эгалар.
Саид Донишев,
Халқ депутатлари
Жиззах шаҳар Кенгаши депутати.