ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ – ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Дастлаб Пахтакор туманидаги «Пахтакор элита уруғчилиги» фермер хўжалиги билан танишган юртбошимиз енгил конструкциялардан қурилган, томида қуёш панеллари ўрнатилган дала уйи билан танишди, фермер оиласи билан суҳбатлашди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан мулоқотда ҳосилдорликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Айтиш лозимки, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозор эҳтиёжларини қондиради, балки мамлакатимиз экспорт салоҳиятида ҳам катта ўрин эгаллайди. Демак, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини яхшилаш доимо назоратда бўлмоғи лозим. Айниқса, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятининг кенгайиши ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга хизмат қилиши ҳам  табиий. Шу туфайли Шавкат Мирзиёев томонидан масъул раҳбарларга фермерларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимизнинг “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишиши ҳам бежиз эмас. Ваҳоланки, ўтган йилларда Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари аҳоли жон бошига энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди. Маълумот ўрнидай айтиш лозимки, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Бугунги унда саноат зонасида кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 

Иқтисодий зонадаги “Master Building Products” масъулияти чекланган жамиятида йилига 3 миллион дона қувур ва фитинг маҳсулотлари, қурилиш материаллари тайёрланади. 600 га яқин иш ўрни яратилган. 

“Global Optical Communication Uzbekistan” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида 115 киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда йилига 85 минг километрлик оптик толали кабель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Қувонарлиси, Жиззах политехника институтининг собиқ талабалари ушбу корхоналарда ишлаб келишмоқда. 

Давлатимиз раҳбари раислигида Жиззах вилоятида саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда вилоятимизда энг тез ўсаётган саноат тармоғи бу – қурилиш ва энергиятежамкор материаллар ишлаб чиқариш эканлигига алоҳида урғу берди. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, охирги беш йилда бу соҳада 180 та янги корхона ташкил этилиб, 900 миллион долларлик 210 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 10 баравар ошиб, импорт бўлаётган 110 миллион долларлик маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди, экспорт эса 7 баравар кўпайиб, 35 миллион долларга етди.

Вилоятда биргина базальт захираси 26 миллион тонна бўлиб, республикадаги жами захиранинг 25 фоизини ташкил этади. Лекин, булар илгари умуман ишлатилмаган. Ҳозир эса, базальтдан талаб юқори бўлган 7 хил замонавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу Фориш туманида 6 та корхонадан иборат яхлит кластерга айланди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, республикамизда иссиқлик сақловчи материалнинг уч хили, яъни базальт тоши, шиша момиғи ва пеноплекс турларидан кенг фойдаланилади. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, ушбу қурилиш материалларига бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бораётганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, 2016 йилда мамлакатимизда 17 минг тонна иссиқлик сақловчи қурилиш материали ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 43 минг тоннани ташкил этди. Эътиборлиси, қўшни давлатларда ҳам ушбу маҳсулотга бўлган талаб ортган. Маълумотларга кўра, 2022 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига жами 12,4 миллион долларлик иссиқик сақловчи қурилиш материаллари экспорт қилинган.  

Юртимизда 3 та базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 83 минг тоннани ташкил этади. Мазкур йўналишда энг йирик саноат корхонаси Жиззах вилоятида жойлашганлигини алоҳида қайд этиш даркор. Унинг йиллик қуввати 35 минг тоннага тенг. Нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорини энергия тежамкор базальт хомашёсидан иссиқлик сақловчи плиталар билан таъминлаш, ушбу йўналишда янги саноат корхоналарини барпо этиш мақсадида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида кўплаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.  

2023–2024 йилларда уюшма масъуллигида базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 63,1 миллион доллар бўлган 3 та инвестиция лойиҳасини Андижон, Навоий ва Жиззах вилоятида амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада Жиззах вилоятида "Basalt Wool" МЧЖ томонидан қўшимча йилига 45 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини яратиш лойиҳаси ишга туширилиб, корхонанинг жами йиллик ишлаб чиқариш қуввати 80 минг тоннага етказилади. Демак, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш қуввати 178  минг тоннага етказилиши алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Фориш ва Янгиободда базальт, цемент, керамзит, шиша ва минерал хомашё захирасига бой 200 га яқин конлар бор. Президент уларга тадбиркорларни жалб қилиб, бозорбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Бу йил қурилиш материаллари бўйича 460 миллион долларлик 31 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда энергетика таъминотини яхшилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Жиззах вилоятида камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалари учун салоҳият борлиги таъкидланди. Бундан фойдаланиб, 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилиши айтилди. Бунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.

Бугун инсоният глобал экологик муаммолар қаршисида турибди. Мутахассислар мазкур тақчилликларни “яшил иқтисодиёт”га ўтиш орқалигина бартараф этиш мумкинлиги таъкидлашаяпти. Бу борадаги ёндашув БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида ҳам акс этган.

2019 йилда Ўзбекистон “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси”ни қабул қилдиУнда яқин ўн йилда мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи, самарали энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Мурожаатномада таъкидланганидек, Ўзбекистон аҳолиси йилига 900 минг нафарга ортмоқда. Турган гапки, бу омил энергетика ресурсларига бўлган талаб ортишига сабаб бўлади. Шу боис қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш ва улардан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этади. Жиззах политехника институтида ҳам муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенг жорий қилинган бўлиб, бугунги кунда олийгоҳда Германия давлатидан олиб келинган 6,75 киловаттли қуёш электр станцияси ўрнатилган. Олийгоҳ профессор-ўқитувчилари чет эл давлатларида бўлиб, муқобил энергия манбалари бўйича ўз малакасини ошириб келмоқда. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, айни дамда институтда 3 та қуёш панели ва 2 та шамол генератори ўрнатилган. Шунингдек, институт ҳудудига 1 дона 100 кВт.ли қуёш фотоэлектр (ҚФЭ) станцияси ҳамда талабалар турар жойига 10 дона жами ҳажми 2000 литр бўлган қуёш сув иситгичлари (ҚСИ) ўрнатилди. Улар ишлаб чиқарган электр энергияси институт электр таъминотини яхшилаш ҳамда тежамкорликни оширишга самарали хизмат қилаяпти. 

Уқтирилганидек, Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг “Масдар” компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилиши натижасида 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли, Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун жозибадор шароитлар яратилади. Тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 Мегаваттли қуёш станциялари қуриш ташаббуслари қўллаб-қувватланади.

Зафарободда бу йил жами 2 Мегаваттли 2 та кичик ГЭС қурилади ва бу йил 2,4 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Осиё тараққиёт банки билан бирга, Форишда 150 Мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланади. Бу станция тўлиқ қувватга чиққанда, 370 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаради. Жиззах шаҳрида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқарувчи когенерация маркази қурилади.

Давлатимиз раҳбари Жиззах электр тармоқларидаги йўқотишлар кўп эканини қайд этиб, буни камайтириш, вилоятда 4 мингдан зиёд корхонанинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Мухтасар айтганда, табиат инжиқликлари ҳар нарсага тайёр туришимиз лозимлигини кўрсатаяпти. Бунинг учун эса “яшил иқтисодиёт”га ўтиш айни муддаодир. Бошқача айтганда эса “Уй, ишхона, боғча, мактаб ва кўчаларда одамларимизга энергиянинг қадрига етиш, уни тежашни ўргатиш керак. Қонунларимизда ҳам бу масалаларни мустаҳкамлаш зарур". 

Алишер УСМАНКУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори, 

техника фанлари доктори, профессор

 

 

 


Авторизация