ТАРБИЯ УЧУН ОТА-ОНА МАСЪУЛ

Ота-оналар ўз фарзандларининг тарбияси учун жамият олдида жавобгардирлар. Оила, маънавий ва жисмоний баркамол фарзанд жамият мустаҳкамлиги ва маънавий етукликнинг гаровидир.

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳам ўғил уйлантириш, келин танлаш, фарзанд тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтарганлиги бежиз эмас. Давлатнинг қудрати соғлом фикрли, билимли, аҳлоқ-одобли, халқ, миллат, Ватан тақдири учун жонини тиккан инсонлар қўлида. Бундай инсонлар илк бор оилада тарбияланади.

Болаларнинг ҳулқ-атворидаги хатолар ота-оналарнинг хатоларидир. Оила, оила аъзоларининг, айниқса ота-онанинг аҳлоқий-маънавий етуклиги ва маърифий қарашлари фарзанд тарбияси ва камолида энг зарур ва муҳим омилларидан бири ҳисобланади. 

Болалар-оила ва жамиятнинг кўзгусидир. Болаларнинг ёш қалбига ҳамма нарсадан кўра ўрнак кўрсатиш кучли таъсир этади, ота-оналарнинг кўрсатадиган ибрати эса уларнинг қалбида бош-қа ҳамма кишиларнинг ўрнагига қараганда чуқурроқ ва мустаҳкамрок из қолдиради.

Оилавий тарбия доимо мавжудлиги, кўрсатмалилиги ва сержилолиги билан ажралиб туради. Унда одобга доир тадбирларни болага тўғри ўргатиш, маслаҳат бериш, катталар тажрибасигина эмас, балки оиланинг яшаш тарзи, муҳити, ота-оналарнинг ҳунари, оила аъзоларининг маънавий- руҳий муносабатлари катта роль ўйнайди.

Фарзанд барча оила аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштиради, аввало, ўйин фаолияти жараёнида, кейинчалик дарс тайёрлашда, касб-ҳунар танлаш ва ниҳоят оила юритишда ота-оналар билан бирга бўлиб, уларни ҳамжиҳатликка, аҳилликка ўргатади. Фарзанд ота-онасининг кексалигида мададкор, таянч ва суянч бўлишини барчамиз биламиз, фақат бунинг учун унга ўз вақтида, ёшликдан яхши тарбия бериш, маънавий оламини бойитиш лозим. Демак, оиланинг мустақил ҳаёт йўлидан тетик одим ташлаши учун унда соғлом ва ақлли фарзандлар дунёга келиши керак. Ота-она уларнинг муносиб тарбияланишини ўзлари учун энг муқаддас ва шарафли, қолаверса, ўта масъулиятли вазифа, деб билиши лозим. 

Оиланинг ўз тарбиявий вазифасини яхши бажара олиши учун мамлакатимизда барча шарт-шароитлар яратиб қўйилган.

Болалар тарбиясида отанинг қаттиққўллиги, онанинг меҳрибонлиги ҳал қилувчи омиллардандир. Оиладаги соғлом муҳит, меҳр-муҳаббат, оқибат, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ота-онанинг билим савияси, иймон-эътиқоди, дунёқарашининг бойлиги, пул ва моддий бойликларга муносабати ва шу каби жуда кўп нарсаларга ҳам боғлиқ.

Ота-оналар мактабга ва ўқитувчиларга тўғри муносабатда бўлиш муҳимлигини, болалари олдида уларнинг обрўйини сақлаш зарурлигини жиддийроқ ўйлаб кўрсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Шу билан бирга фарзандларимизни зарарли ғоя ва одатлардан асраш ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилигимизда вояга етмаганларни турли зарарли одатлардан сақлашга қаратилган нормалар мавжуд. Хусусан, уларнинг компьютер ва интернет тармоғидан фойдаланишида ота-оналарнинг назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг тунги вақтда дам олиш масканларида ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи кишилар кузатувисиз бўлиши маъмурий жавобгарликка асос бўлиши белгиланган. Бу ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги масъулия-тини янада оширади.

Боланинг олдида ўз ҳуқуқларини бажариш ота-она учун фақат аҳлоқий қоида бўлиб қолмай, балки конституциявий ҳуқуқ ва бурчдан биридир.

Ота-оналарнинг ўз болаларига ножўя муносабатда бўлишлари жуда ёмон оқибатларга олиб келади. Шунинг учун улар мулоҳаза билан иш қилишлари, болалар билан бўлган муносабатлари тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида ўйлаб кўришлари керак.

Болага тарбия беришни ҳоҳлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун билим ва маҳорат ҳам бўлиши керак. Агар ота-оналар болаларини тарбиялашда ўз вазифаларини ўташдан бош тортса, болаларига шафқатсизлик билан муомалада бўлса, ғайри аҳлоқий ҳаёт кечириб, болаларига салбий таъсир кўрсатса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Демак, мустақил юртимиз равнақи учун муносиб фарзандларни тарбиялайдиган фидойи ота-она бўлиш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Мафтуна СУЛАЙМОНОВА,

Ўзбекистон давлат жахон тиллари университети 

халқаро журналистика факультети талабаси


Авторизация