***
У.А. Дўстлик туманида истиқомат қилади. 20 ёшдан ошибди ҳамки, бирон касб ёки ҳунарни ўрганмаганиданми ишлаб пул топиш мақсадида Тошкент шаҳрига борди. Чойхонага официант сифатида ишга жойлашди. Қиз шаҳарга тезда мослашиб кетди. Шу ерда ишлаб юрган М. исмли йигит билан тил топишиб қадрдондек бўлиб қолди. Вақт ўтгани сайин қиз ва йигитнинг муносабатлари тобора жиддийлашиб гўёки севгига айланди. Улар пана, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда учрашадиган бўлишди…
У.А. шайтоний ҳис домига тушганидан номуси, оиласининг шаънини лойга булғаётгани ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмади. Бир-икки ишқий учрашувдан сўнг «севишганлар» ўзаро тортишиб қолишди. Шу билан улар ўртасидаги муносабат ҳам якун топди.
У.А. уйига қайтиб келганидан сўнг одатдаги кундалик ҳаёти билан машҚул бўлиб юраверди. Ойлар ўтиб қизда ўзгаришлар сезила бошлади. У ҳомиладор бўлиб қолганини билганида пушаймонга анча кеч эди. Шармандалик, одамларнинг гап-сўзидан қўрққан У.А. аҳволини ҳаммадан сир тутди.
Ўомила 34-35 ҳафтага яқинлашганида аёл ўзини авайламай уйидаги оҚир юмушларни бажариши, оғир юкларни кўтаргани таъсирида эрта тўлғоқ бошланди. Оғриқ кучайганида хонасига кириб, эшикни қулфлаб олганча ерга тўшак солди. Бу вақтда ҳовлида бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ёлғизлиги У.А. учун айни муддао бўлди. Фикрида тезроқ қорнидаги юкдан ҳалос бўлиш ва шармандаликнинг олдини олиш бўлганиданми узоққа чўзилмай кўзи ёриди. Чақалоқнинг киндигини ҳам ўзи кесди. Ой-кунига етмай туҚилганиданми норасиданинг овози ҳам чиқмади.
Аёл тезда ўзини ўнглаб олди. Ҳозиргина дунёга келтирган боласини йўлдоши билан қўшиб қора елим халтага солди. Тагига тўшаган чойшабни ҳам йиғиштириб олиб ахлатга ташлади. Кийимларини тартибга солиб олиб, биров келиб қолмасидан олдин болани йўқотиш мақсадида канал бўйига борди. Жони узилмаган, йиғи овозини ҳам чиқариб улгурмаган чақалоғини каналга улоқтирди…
***
Чақалоқни топишганида афсуски, у қонга беланганча аллақачон танаси совуб бўлган эди. Уни топиб олган одамлар Дўстлик тумани ХПБ ТП профилактика инспекторига каналда ўлган чақалоқни кўриб қолишганлиги ҳақида хабар беришди.
Ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилди. Натижада У.А. гўдагини дунёга келтириб, уни каналга ташлаб кетганлиги маълум бўлди.
Суднинг қора курсисидан жой олган аёл ўз фарзандининг қотили сифатида жавобгарликка тортилди.
“Бу аянчли иш нима учун содир бўлди?” деган савол туғилади. Йигит ва қизнинг ҳаётга енгил қарашиданми? Оиладаги муҳит носоғломлиги ёки тарбиянинг оқсаганиданми? Ўз зурриёдини чиқиндига ташлаш даражасида тубанлашганиданми? Афсуски, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқ ва хусусий телевидениелар орқали юқоридагига ўхшаш хабарлар бериб борилаяпти. Аянчлиси шундаки, ҳайвон ҳам қилмайдиган жирканч ишлар негадир бизнинг жамиятимизда одатий ҳолга айланиб бормоқда. Жамиятнинг, миллатнинг таназзулга, залолатга, жаҳолатга қараб кетаётганининг белгиси шу эмасмикин?
Аёл бамисоли жавоҳир. У бир оиланинг бекаси, шириндан шакар фарзандларнинг онаси, уларнинг тарбиячиси ҳисобланади. Бу масъулиятлар ортидан онанинг мартабаси ошиб бораверади-ки жаннатни оёғининг остига поёндоз этаркан.
У.А. ҳам мана шундай мартабага эришиши мумкин эди. Бунинг учун у ўзини, номусини жавоҳирга тенглигини билганида ва асраганида кифоя қиларди. Қиз шаънини шунчалар арзонга сотмаганида оғир гуноҳга ботмасди. Гуноҳ ортидан энг даҳшатлиси ўз боласининг қотилига айланмасди.
Ҳатто ҳайвон ҳам боласини асрайди. У.А.чи? Ахир инсон-ку, аёл-ку.
Нима бўлганда ҳам аёл осий бўлмасин экан.
Шаҳноза МАНСУРОВА