Энг оғриқли нуқтамиз ҳам айнан шу ердан бошланади. Яъни, болалар тарбиясида, пулга муносабатнинг нотўғри шаклланиши миллатни тиз чўктириб, жамиятга чипқон бўлиб турган порахўрликни улғайтираётгандек. Бир воқеа ҳамон эсимда. Мактабда ўқиётганимда тарих фанидан олимпиадага борадиган бўлдим. Мен билан бирга бошқа синфдан бир қиз ҳам танлаб олинди. Ўқитувчимиз иккимизни дарсдан кейин олиб қолиб, қўшимча дарс ўтадиган бўлди. Шундай кунларнинг бирида ўқитувчи бизга, эпласангиз «шпаргалка» олиб киринглар, чунки вақт оз. Барибир улгурмайсизлар. Ўринлар ҳам олдиндан «сотиб олинган» деб қолди. Сўнг ўқитувчимиз билан пора ҳақида озроқ бахслашиб қолдик.
Ўша вақтлар бизнинг онгимизда, бир кун оламшумул қаҳрамонликлар қиламиз, деган туйғулар улкан эди. Болалар ҳамиша ёвузлик устидан Қалаба қилишга интилгани каби биз ҳам дунёни яхшилик сари ўзгартириш фикри билан яшардик. Шу сабабми, ёнимдаги қиз «Келажакда порахўрликни томири билан қуритаман. Энг кучли прокурор бўламан.» деб қолди. Ўқитувчи, мийиғида кулиб қўйиб: «Сизлардан минг йил олдин ҳам порахўрлик бўлган, сизлардан аввал ҳам минглаб одамлар шу гапни айтган, лекин кўриб турганингиздек, ҳеч ким ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Ўзгартира олмайди ҳам», деди.
Тўғри, қиз бола чиндан ҳам дунёни ўзгартира олмас, балки унинг бутун умри давомида порани «томири билан қуритиш» ҳақидаги ғоялари шунчаки орзулигича қолиб кетар ҳам дейлик. Лекин унинг дунёни яхши тарафга ўзгартиришга, эзгуликка бўлган ишончига ўқитувчи болта урган бўлиб қолмадими? Аммо муҳими бу эмас. Асосийси жамиятимизда шундай ишончсизлик муҳитидаги тарбиянинг мавжудлиги.
Биз кучли фуқаролик жамияти қуриш, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида одимламоқдамиз. Аслида-чи? «¤зингдан чиққан балога, қайга борурсан даъвога» деганларидек, порахўрликнинг ашаддий кушандаси мана шу жамият аъзоларидир. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Ушбу муаммога ечим - оддий аҳолининг, уюшган жамоат бирлашмаларининг, нодавлат ташкилотлар, қолаверса, оммавий ахборот воситаларининг ҳам бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда давлат ташкилотлари устидан ўрнатадиган назоратидир. Бу борада қонун ҳужжатларининг борлиги жамиятимиздаги кўплаб салбий иллатларга қарши курашишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Яна бир аччиқ ҳақиқат шуки, иқтисодиётнинг инвестицияга киритган, «пул ишлайдиган», бирмунча «ёғли» тармоқларига маҳкам чирамашиб олган «коррупция занжири» тараққиётимизнинг хавфли душманидир. Бу иллат кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Буюк олим Абу Наср Форобий «Фозил одамлар шаҳри» асарида фуқаролик жамиятини қуришга даҳл этадиган муаммолардан бири порадир», деб айтиб ўтгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Шундай экан, кучларни бирлаштириб, жамиятимизни хавфли иллатдан тозалашни ўзимиздан бошлайлик. Зеро, дунёни ўзгартириш учун, ўзимизни ўзгартириш кераклигини унутмайлик!
Даврон Эргашев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутатининг вакили