Барчамизга маълумки, жамиятда бу иллатни юқори бўлиши давлат учун ҳам, фуқаролар учун ҳам уларнинг ривожланишга тўсқинлик қилувчи асосий омил ҳисобланади. Порахўрлик ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, келинаётган порахўрликка қарши курашнинг турли хил чоралари кўрилаётган бўлишига қарамай жамиятимиз ҳаётидан бу иллат тўлақонли йўқолиб кетмаяпти.
Коррупция кенг тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бу масалада давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари бирмунча ҳушёр, бўлиши, шунингдек, нодавлат ташкилотлари, турли комиссиялар, журналистлар, мустақил судлар тизими фаолроқ ишлаши энг муҳими, амалиётчилар масалани таҳлил этиш ва ечимини топиш устида бош қотириши лозим.
Келинг пора ҳақида кенгроқ мулоҳаза юритайлик, пора ҳар хил шаклда-пул, чет эл валютаси, қимматбаҳо буюмлар, қимматбаҳо қоғозлар бўлиши мумкин. Пора предметига пора олаётган кишига қайтармаслик шарти билан ёки очиқ-ойдин мулкий моҳиятга молик бўлган турли хилдаги кўрсатилган хизматларни ҳам киритиш мумкин. Бунга санатория ёки курорт йўлланмаларини тақдим этиш, таъмирлаш, қурилиш ва бошқа ишларни кўрсатиш мумкин. Мансабдор шахсга номоддий хизматлар кўрсатиш порахўрлик деб топилмайди. Муайян шароитларда мазкур ҳаракатларни ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш деб таърифлаш мумкин.
Пора олиш усули ва унинг шакли жиноий жавобгарлик учун аҳамият касб этмайди.
Пора пора берувчидан мансабдор шахснинг ўзи томонидан ёки воситачи, почта, телеграф орқали олиниши мумкин. У очиқ сотиб олиш ёки ташқаридан қараганда қонуний шаклларда, яъни совға, арзон баҳода нарсани сотиш, қалбаки меҳнат битимларини тузиш ва улар учун пора олувчига, унинг қариндошлари ёки бошқа ишончли шахс томонидан уларнинг гўёки бажарган иши, кўрсатган техник ёрдами учун тўланган пул шаклларида бўлиши мумкин. Пора предметлари бевосита пора олувчи мансабдор шахсга ёки уни хабардор қилган ҳолда, унинг оила аъзоларига ёҳуд унинг яқинларидан бўлган бошқа шахсларга берилган бўлиши, пора олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказилиши мумкин.
Шу билан бирга мансабдор шахснинг шахсий ва ижтимоий ҳаётига дахлдор бўлган тантанали кунларда совғалар олиши пора олиш бўлмайди. Масалан, юбилей муносабати билан қўл соати, бирдаста гул, атторлик буюмлари.
Пора предметини олиш шартлари махсус келишилмаган бўлсада, лекин жиноят иштирокчилари пора берувчининг манфаатларини кўзлаб берилаётганлигини англасалар, бундай ҳолат пора олиш деб баҳоланади.
Пора олганлик учун жиноий жавобгарликка фақат давлат, кооператив, жамоат ва бошқа корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик вазифасини доимий ёки вақтинчалик бажараётган ходимлар тортилиши тушунилади. Пора берувчининг манфаати учун тегишли ҳаракатларни бажариш ваколатига эга бўлмасада, лекин ўзининг эгаллаб турган лавозими мавқеига кўра пора учун ушбу ҳаракатлар бошқа мансабдор шахс томонидан бажарилиши учун чора кўриш мумкин бўлган мансабдор шахслар ҳам ушбу жиноятнинг субъекти деб топилади.
Пул, қимматбахо қоғозлар, моддий бойликлар, шунингдек, пора оладиганга қайтармаслик шарти билан, лекин мулкий моҳиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, кўрилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқалар) хизматлар пора предмети бўлиши мумкин.
Сўнгги йилларда юртбошимиз томонидан “давлат халққа хизмат қилиши керак” ва “жамоатчилик назорати бўлиши керак” деган сўзлар кўп тилига олинмоқда.
Бу сўзлар замирида фақат ва фақат халқ манфаати ётади десак адашмаган бўламиз. Бу сўзларга амал қилиш ижро этувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг кундалик фаолияти жараёнида марказий аҳамият эгалламоғи зарур. Бугунги кунда мамлакатимизда бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда.
Тадқиқотлар бирор-бир иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича чора-тадбирларни жорий этиш, аҳолининг коррупцияга қарши қарашларини шакллантириш бизнинг бугунги кундаги мақсадларимиз ичида марказий ўрин тутмоғи керак.
Лутфулла Мамаражабов,
жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судининг раиси