Ўша пайтлари телевидениеда кўрсатув тасвирга олиш учун Ғаллаорол тумани мактабларининг бирига бордик. Ўзимни таништиришим билан мактаб раҳбарларидан бири “Мен сизни танийман! “Адолат ёлқини”да жуда зўр мақолалар ёзасизда!” деб газета тахламларини кўрсатди.Роса хурсанд бўлганман. Кейинчалик айнан шундай эьтирофни бошқалардан ҳам эшитдим.Мақола ёзиш осон эмас! Суд залида иштирок этасан, воқеаларни, одамларни кузатасан, кўрсатмаларини синчлаб, диққат билан эшитасан, ўзингча баҳо берасан, хулосаларингни қайд этиш борасан. Ҳаммаси миянггда аралаш қуралаш бўлиб кетади. Актёрларга ўхшаб, ўша ҳолат, рўй берган воқеа таьсиридан чиқолмайсан! Қачонки, кўрганларингни, билганларингни, исботланганларни саралаб, таҳлил қилиб қоғозга туширмагунингча бу чалкашликлар чигалликлар сени таьқиб қилаверади. Ёзган мақолангни қайта қайта ўқиб, сувини чиқариб, пишитиб сўнг газетага берасан! Ахир минглаб, милионлаб инсонлар ўқийдиган мақола пухта бўлиши керакда.Баьзан, мана шу мақола вақтида ёзилмай қоларди.Биринчидан биз ўша, жиноий қовеа тафсилотларидан чиқолмай қолардик.Камига телевидениянинг тезкор топшириқлари кўпайиб кетади. Аммо, миянгни ўша мақола масьулияти тимдалаб тураверади. Пайшанба охирги кун! Ҳеч бўлмаса, жуда иложи бўлмаса чоршанба куни мақола топширилиши керак!Мен эса пайшанба эрталаб барвақт келиб, мақола ёзиб ўтирибман! Бош муҳаррир Раззоқ акани ўша пайтдаги ҳолатини тасаввур қилаверинг! Масьул ходим Сайёра Эргашевага қўнғироқ қиламан: “Раззоқ аканинг кайфиятлари қалай?” “Опа, роса “тутаяптилар” обкелақолинг!”
Уяламан, тезлашаман.Ҳув, бир ҳафта олдин бошлаган мақоламни қайта-қайта ўқийманда, ёзув машинкасидан чиқариб редакцияга чопаман.Қани муҳаррирнинг олдига киришга юзим чидаса, ҳаддим сиғса?! Яна, секин Сайёрани ишга соламан. У мақоламни олиб киради, мен яшириниб тураман.Сайёранинг, “Мақоланинг бошини ўқидилару, чеҳралари ёришиб, тез печатга беринглар!”деди, деган гапидан сўнг енгил нафас олиб, бошимни эгиб, устознинг олдига кираман.Чарчоқ ва хавотир юзида акс этиб турган Раззоқ ака дастлаб кўзойнаги усти билан бир қарайди-ю, юзини буради. “Айбим сизларнинг яхши ёзишларингни билишимда, а?” Бу инсоннинг энг ёмон ва энг кучли гаплари шу!Бундан кўра, урушса, масьулиятсизлигимни юзимга солса, мендан бошқа одам тиқилиб ётганини, иш бериб, маош бераётганини иддао қилса бўлардику?!Йўқ!Раззоқ Мелибоев асло бундай қилмасди.Биз учун эса унинг юмшоқ муомиласи, аяши, қаттиқ гапирмаслиги катта жазо эди.Виждонимиз билан юзма-юз келишга мажбур бўлардик. Ўзимиздан ўзимиз уялардик! (Биз деганим рахматли ҳамкасбим Оппоғой Ботирова иккаламиз).Яна қандай қилиб шундай инсон жаҳли чиқиб, “туташини” тасаввур қилолмасдик! Эҳ, Раззоқ ака! Жуда камтарсиз! “Адолат ёлқини” газетасида ёзган қиссаларингиз, ҳикояларингизни ҳозирги ёш журналистларнинг бирортаси ёзолмайди. Шунда ҳам бир мукофот ёки унвон таьма қилмадингиз! Юксак мартаба, обрў тиламадингиз! Катта-катта давраларда минбарларда чиқиб, “Мен ундай қилганман, мен бундай ишлаганман!” деган гапингизни ҳеч қачон эшитмадим, устозим! Раҳбар бўлсангиз ҳам узоқ йиллар пиёда юрдингиз, кейинчалик шахсий автомашинангизда...Бу камтарлик, бу хокисорликни қанийди ҳаммага юқтиролсангиз!Ҳаёт экан...баьзи оддий бир қоғоз диктант ёзса ўнта хато
қиладиган “журналистлар”ни ҳам кўрдим.Аммо, димоғи осмонда! “Булар бизни ҳеч давлат мукофотига ёзмайди, бахиллар!” деб иддао ҳам қилиб қўяди!Ўв, барака топкур, мана мукофотга кимлар муносиб! Аммо, яна ўша камтарлиги туфайли чеккалаб чеккалаб юриб 70 ёшга кирибди! Бу айтишга осон. 70 йилнинг 50 йили матбуот ва партия ишига бағишланди. Сиз эса5-6 йилингиз билан кўкрак керасиз! 70 йилнинг заҳмати ҳам, тотли дамлари ҳам бўлди.Тақдир Раззоқ Мелибоевнинг умр йўлларини тақдир Нигора опа билан боғлади.Сўнг эса, Азизжон, Лазизжон, Севара, Хумора каби солиҳ фарзандлар билан сийлади!Сизнинг ҳаёт йўлингиз барчамиз учун ибрат ва ўрнак мактабидир! 70 ёшингиз муборак бўлсин! Ҳа, айтгандай, бугунги ижодий учрашув ҳам ўзингиз каби камтарона бўлди...
Раззоқ ака! Сиз унвони йўқ улуғ инсонсиз! Биз каби шогирдларнинг қалбидан жой олган азиз инсонсиз! Сизни биз “Ҳазрати инсон” деган юксак мукофот билан тақдирлаймиз! Борлигингиз учун ташаккур, азиз устозим!
Сайёра Бўронова,
Жиззах вилоят телерадиокомпанияси радио бош муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аьзоси