ЮТУҚЛАРИМИЗ ПОЙДЕВОРИ – АҲИЛ ЖАМОАДА ЭДИ

Бундан ўн беш, йигирма йиллар аввал. Жиззах вилояти телерадиокомпаниясининг “Сангзор” (ҳозирги “Жиззах”) радиоканалининг энг оммалашган, мухлислари кўп даври эди. Мен бош муҳаррир лавозимида эдим. Радиоканал ижодкорлари ғайрат-шижоатли, янгиликларга ўч, изланувчан, салоҳиятли ёшлардан иборат жамоадан ташкил топган бўлиб, бир-биримиз билан жуда аҳил, иноқ эдик. Янги-янги ғояларни ҳамкорликда амалга оширардик.

Ё

димда 2003 йилнинг қиш фасли. Янги йил яқин. Жамоа аъзолари билан байрамни ўзига хос қаршилаш мақсадида фикрлашдик. Мухлисларга янги йил совғаси сифатида “Санг­зор арчаси” театрлаштирилган томоша саҳналаштирдик. Сценарийни тайёрлашда, ундаги турли хил эртак қаҳрамонлари, Қорбобо, Қорқиз ролларини ижро этишда Латофат Неъмат, Жамила Деҳқонова, Умида Қосимова, Гулчеҳра Шарипова, Қобил Соқиев, Зокир Матчонов, Фарҳод Тошпўлатов (яна кимларнингдир номлари ёддан чиққан бўлса минг бор узр...) каби ҳамкасбларимиз жонбоз­лик кўрсатишганди. 

Кечагидек эсимда. Телевидение студиясининг марказига катта арча ўрнатилган. Зал байрамона безатилган. Ҳар бир қаҳрамон учун алоҳида-алоҳида кийимлар тайёрланди. Ранго ранг чироқлар... Хуллас, байрам тантанасини бошлаш учун ҳамма нарса тайёр. Фақат менда кучли ҳаяжон. Шунда ҳамкасбларим - Сайёра Бўронова ҳамда Ўткир Холбеков хонага кириб, “Ҳаммаси яхши бўлади, худо хоҳласа эплаймиз. Болажонлар, уларнинг ота-оналари, мухлислар тўпланган, энди чиқишимиз керак”,- деб менга далда беришганди. 

Байрам чиройли ўтди. Ҳамма миннатдорлик билдириб кетди. Энг қувонарлиси, ота-оналардан бири “Тадбирни яхши ташкил қилибсизлар. Фақат бундай томошаларни кўпроқ намойиш қилишларинг тарафдориман. Чунки, қишки таътилда болажонларимизни қаерга олиб боришга гоҳида бошимиз қотади...” деган фикри ишимизга берилган муносиб баҳо эди.

Ҳа, ана шундай аҳил жамоа билан яхши лойиҳани уддалаб, мухлислар синовидан яхши ўтгандик...

Худди шу йили яна бир лойиҳага қўл урдик. Янги йил куни мухлислар хонадонига “Санг­зор” радиоси номидан Қорбобо ва Қорқиз ташрифини уюштирдик. Янги йил куни ўзларининг севимли радиоканаллари ижодкорларининг ташрифи, яна совға-саломлар билан, бунинг устига телевидениедаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда ушбу лойиҳани экранда намойиш қилиш, албатта, ёқимли, эсда қоларли, муносиб “совға” эди, десам муб­лаға қилмаган бўламан. 

Ижодкорларимиз 31 декабрда куни бўйи мухлислар хонадонларида бўлишди. Яна менда ҳаяжон. “Ходимларга оғир ботмасмикан, ҳар ҳолда байрам куни ҳам улар ишда, дам олмасдан, ўз хонадонларида байрамга тайёргарлик кўрмасдан, кимнингдир кўнглини олиш билан машғул. Энг асосийси, мухлислар қандай қарши олишаркин?”... Саволларнинг чеки йўқ... Уларга жавоб тополмай қийналаман... Ходимларимиз янги йил киришига саноқли дақиқалар қолганида аранг уйларига етиб боришди. Айримлари ҳатто байрамни бошқа ҳамкасбларимиз хонадонида кутиб олишга мажбур бўлишганди. Бироқ ҳеч ким бундан оғринмаганди. Аксинча, ушбу лойиҳани ҳам чиройли уддалаганимиздан бахтиёр эдик.

Шу тадбирда раҳбаримизнинг елкамга қоқиб қўйиб: “Яшанг, табриклайман, ана шундай аҳилликда, бирдамликда ишни давом эттиринг. Мен сизга ва жамоага ишонаман. Насиб қилса, бундан-да каттароқ лойиҳаларни ҳам уддалайсизлар!”, - деганини эшитиб, елкамдан тоғ ағдарилди, тўлқинланиб кетдим. Ушбу ишга ҳисса қўшганларнинг барчасини бағримга босгим келди.

Ана шундай ютуқларимиз пойдевори – аҳил жамоада эди.

 

Саид ДОНИШ,

журналист


Авторизация