ТЕАТРГА БОРИБ ТУРИНГ

XIX аср охири XX аср бошларида жадидчилик кенг ёйилган бўлиб, Жиззахда ҳам зиёлилар орасида бу ҳаракат мавжуд эди. Миллий театр ғояси бутун Жиззахдаги зиёли ёшларнинг фикри-ёдини қамраб олади. 1919-1921 йилларда эски шаҳардаги Мамараҳим ҳожи ҳовлисида ҳаваскорлик тўгараги фаолият олиб борар эди. 1921 йил 7 майда шаҳарларда 25 кишидан иборат труппалар ташкил этилиши ҳақида Туркистон маориф комиссарлигининг қарори чиқади. Шундан сўнг юқоридаги ҳаваскорлик тўгараги асосида (айни пайтда шаҳардаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним музейи жойлашган бинода) Наримонов номли мактаб ўқитувчилари, зиёлилар - Абдулла Аҳмедов, Боймат Ойматов, Абдусаттор Абдураззоқов, Оқил Шерназаров, Иброҳим Мустофоқулов, Тошпўлат Шарипов, Юсуф Йўлдошев, Назир Сафаров, Саид Қосимов сингари саънат фидойилари ўзлари асар танлаб, ўзлари рассомчилик, гримчилик  қилиб, илк саҳна асарларини қўя бошлашади. Труппага “Кўк кўйлак” номи берилиб, унда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Бой ила хизматчи”, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли”, Нусратилла Қудратилланинг “Тўй”, Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв”, Бадрийнинг “Жувонмарг” Ҳожи Муиннинг “Эски мактаб, янги макта” асарлари кенг жамоатчиликга намойиш этилади.

         1932 йилда труппага “Колхоз-совхоз” театри мақоми берилади. Унга иқтидорли ёшлар келиб қўшилади, яъни Малика Ботирбекова, Ғани Ҳасанов, Улфат Юнусова, Ойша Мавлонова, Ҳусан Тошпўлатов, Саид Холдоров, Назира Холдорова, Шарқи Сафаров, Мавжуда Раҳматова, Хосият Азимова... Самарқандда Али Ардобус   (Иброҳимов) қўлида театр таълимини олган Пўлат Носиров, Иброҳим Каримов, Маҳбуба Сағдуллаева, Ибодат Ҳақбердиевалар ҳисобига забардаст театр жамоаси шаклланади.

         Театрга Боку театр техникумини битирган, тажрибали режиссёр Сағдулла Жўрабоев режиссёрлик қила бошлагач, ҳақиқий маънода жиддий, ижодий изланишлар бошланади. Ғ.Зафарийнинг “Ҳалима”, В.Яннинг “Ҳужум”, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”, “Паранжи сирлари”, Комил Яшиннинг “Лолахон”, У.Ҳожибековнинг “Аршин мол-олон” асарлари саҳналаштирилади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида А.Карнайчукнинг “Фронт”, С.Абдулла ва К.Яшиннинг “Даврон ота”, Ҳамзанинг “Холисхон”, З.Фатхулиннинг “Ғунчалар”, урушдан кейинги йилларда А.Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”, Т.Одилнинг “Чақириқ”, К.Яшиннинг “Нурхон”, Н.Сафаровнинг “Уйғониш”, Доссенинг “Бузулган бола” асарлари театр репертуаридан ўрин олди.  

1964 йил Сирдарё вилояти ташкил топиши муносабати билан Сирдарё вилоят театри мақоми берилиб, у қайта ташкил этилди. Айнан ўша пайтда жамоага янги ёшлар - Абдуҳамид Ғофуров, Ҳусан Амирқулов, Ғофур Ҳамиддуллаев, Ғолиб Йўлдошев, Ҳусан Бекенов, Абдураим Лапасов, Турсун Маҳмудов, Раҳим Ҳасанов, Дилдора Каримова, Ризо Жўраевлар келиб қўшилди. 

1971 йил Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” асари саҳналаштирилиб, жуда катта муваффақияга эришилди. Кейин Ф.Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”, К.Голдонининг “Икки бойга бир малай”, К.Чандрнинг “Бир қизга минг ошиқ”, Молернинг “Зўраки табиб”, Р.Нурийнинг “Ҳийлаи шари”, С.Жамолнинг “Гули сиёҳ”лар асарлари томошабинларга тақдим қилинди. 

1974 йил Жизах вилояти ташкил топиши муносабати билан  театрга “Жиззах вилоят мусиқали драма театри” мақоми берилди. 1975 йилларда театр жамоасига Лапас Утагенов, Рустам Алиев, Жўра Исроилов, Жамила Деҳқонова, Олия Эштўхтарова, Нортой Деҳқонов, Раиса Абдуллаева, Илҳом Норматов, Ғоиб Искандаров каби истеъдодли режиссёр ва актёрлар кириб келди. З.Фатхулиннинг “Ватан шукуҳи”, Уйғуннинг “Парвоз”, Р.Гунткеннинг “Бу телба хонадон”, Роблеснинг “Монсерро” асарлари саҳна юзини кўрди ва бу спектакллар театр бош режиссёри Баҳодир Назаров бошчилигида пойтахт театр саҳналарида ҳисобот юзасидан намойиш этилди. 

Театр 1980 йилда ўзининг янги биносига кўчиб ўтди. Хосият Азимова Ўзбекистон халқ артисти, Турсун Маҳмудов, Раъно Қодиржонова, Ҳусан Бекеновлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист фахрий унвонлари билан тақдирландилар. 1991 йил театрнинг 70 йиллиги муносабати билан бош режиссёр Сулаймон Нажабов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ғолиб Йўлдошев, Олия Эштўхтаровалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонларига лойиқ кўрилишди. 

Кейинги йилларда Саид Аҳмаднинг “Уфқ”, “Келинлар қўзғолони”,  Собит Раҳмоннинг “Ҳижрон”, Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл”, Туроб Мақсуднинг “Совуқ шамол абадий эсмайди”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” асарлари саҳна юзини кўрди.

Ҳозирги кунда театр репертуарида 20 дан зиёд ранг-баранг турли жанрдаги асарлари, яъни Гоголнинг “Ревизор”, “Бўёқчи”, Т.Тўланинг “Нодирабегим”, Р.Обидовнинг “Жаннатга йўл”, Н.Қобулнинг “Тўда”, А.Навоийнинг (Н.Қобул инценировкаси) “Ҳайрат ул-аброр”, Ў.Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак”, О.Салимовнинг “Тошкентга саёҳат”, Ш.Бошбековнинг “Зўрдан зўр чиқса”, Ҳамзанинг “Майсаранинг иши”, С.Раевнинг “Тож” асари билан турли давлатлардаги халқаро фестивалларда иштирок этиб келмоқда. 

Қувонарлиси, 2024 йил театр жамоаси учун баракали келди. Режиссёр Қ. Сағдуллаев саҳналаштирган, С.Аббосхоннинг “Танҳо юлдуз ” спектакли Қирғизистоннинг Ўш академик театрида намойиш этилиб, қўшни давлат театр жамоаси билан икки томонлама дўстлик ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

- Биз апрель ойи ўрталарида қирғиз  биродарларимизни кутиб оламиз. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот, Мўйноқ туманлари, Нукус шаҳрида ёшлар қалбига ватанпарварлик туйғусини сингдириш, маънавий озуқа бериш мақсадида С.Ҳамроевнинг “Баҳодир” спектаклини намойиш этиб келдик. Бошқа ҳудудларига эса апрель ойи охирларига таклиф этилганмиз. Кейин, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бўйлаб ижодий сафарда бўлишни режалаштирганмиз, - дейди труппа мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Лапасов.

        Ҳозирги кунда жамоада 30га яқин ижодий ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Эътиборлиси, жамоа асосини кўпроқ ёшлардан ташкил этади. Жумладан, Ҳамроз Маҳмудов, Сарвар Мустанов, Жасур Ҳазратқулов, Вазира Мирзаева, Элдор Кенгашев, Дилшод Норматов, Бахтиёр Холматов, Бахтиёр Эшматов, Фаррух Исмоилов, Бибисора Бегимова, Дилнавоз Олтинбекова, Миржалол Шойзоқов, Санжар Мустанов, Наргиза Мирзаева, Хуршид Зокиров, Дилнура Алиевалар устоз санъаткорлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Оля Эштўхтарова, Абдураим Лапасов, Жўра Исроилов, Жамила Деҳқонова, Раиса Абдуллаевалар изидан бориб, театр залини мухлислар билан тўлдиришга, бу даргоҳни чин маънода маънавий, маърифий, ахлоқий, ғоявий-тарбиявий мактабга айлантиришга астойдил бел боғлашган. 

        Икки нафар ёш ижодкорлар - бош режиссёр Шоҳруҳ Йўлдошев ҳамда саҳналаштирувчи режиссёр Умид Нурматовлар айни пайтда Туркия ва Қирғизистон Республикасига ижодий сафарга тайёргарлик кўришмоқда. Дарвоқе, шу кунларда Жиззах вилоят театрида “Очиқ эшиклар” куни бўлиб ўтади. Ушбу тадбир доирасида энг сара спектакллар намойиш этилади. Ишонамизки, Сиз бу ердан албатта маънавий оламингизни янада юксалтириб, онг ва тафаккурингизни теранлаштириб қайтасиз. 

        Шунинг учун ҳам театрга бориб туринг!

 

       Саид Донишев


Авторизация