ОТАМ АЙБСИЗ БЎЛГАН

   Мустақиллик фақат сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдагина эмас, балки маънавий-маърифий, адабий-маданий соҳаларда ҳам ўзлигимизни англашга, миллий қадриятларимизни эъзозлашга беқиёс имкониятлар яратди. Халқимиз узоқ йиллар давомида ўзининг бой ва қимматли ўтмишидан узоқда яшашга мажбур бўлади. Ноҳақдан жабр кўриб, узоқ ўлкаларга “махсус сургун қилиниб”, бегона жойларда мислсиз азоб-уқубатлар, қаҳратон совуқ, очарчилик, қаҳатчилик, сиёсий қатағон, сургундан яна сургун қилинишлар оқибатида минглаб, юз минглаб инсонларнинг ўлиб кетганликлари ҳақида, умуман бу давр даҳшатлари тўғрисида сукут сақлаб келинди.

   Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишидан сўнг ушбу масалага муносабат бутунлай ўзгарди. Минглаб изсиз кетган ватандошларимизнинг тақдирига ойдинлик киритилмоқда.Уларнинг аянчли қисматлари тарихи тикланмоқда. Бироқ қилиниши керак бўлган ишлар ҳануз талайгина.

   Ўтмиш бизнинг маънавиятимиз, енгилмас кучимиз манбаи бўлиб, ҳозирги кунда кўплаб илмий-амалий ва оғзаки тарих хотиралари асосида бу масалаларга ойдинлик киритилмоқда. Бу ёшлар қалбида миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантиради, албатта.

   1937 йил “учлик”нинг Жиззах район   бўлими томонидан 4892-сонли иш бўйича отувга ҳукм қилинган, Жиззах шаҳрида яшаган Турсун Валихўжаевнинг аччиқ қисмати ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

   - Отам Турсун Валихўжаевни қамоққа олишганида 20 кунлик чақалоқ бўлган эканман. Уни ўлимга ҳукм қилганларидан сўнг онам олти фарзандни улғайтиргунча чидаб бўлмас азоб-уқубатларни бошидан кечирган. Чунки, “Халқ душманининг оиласига ён босиш” айби билан жазоланишдан қўрққан ҳамқишлоқларимиз, ҳатто айрим қариндошларимиз биздан ўзларини олиб қочган. Сабаби, ўша даврда халқ душманининг яқинлари ишга олинмасдида. 

   Отам ҳақида жуда кам маълумот сақланиб қолган. Оиламиз аъзоларидан яна кимдир азият чекмаслиги учун онам отамга тегишли барча ҳужжат ва фотосуратларни ёқиб юборган. Аммо қатоғон қурбонлари хотирасига бағишлаб ёзилган Андижон давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори, профессор Р.Ш.Шамсутдинов томонидан ёзилган “Қатағон қурбонлари” (2007 йил, II-китоб) китобида у ҳақидаги қисқа маълумотга кўзим тушган:

“Турсун Валихўжаев 1900 йилда Жиззах шаҳрида руҳоний, эшон оиласида туғилган, савдогарлик билан шуғулланган. Аксилинқилобий “Миллий иттиҳод” ташкилотинининг аъзоси сифатида 1937 йилда партия аъзолигидан чиқарилиб, ҳибсга олинган (вақтда машғулоти аниқ бўлмаган) ва отувга ҳукм қилинган. Унга миллатчи ҳамда аксилинқилобий “Миллий иттиҳод” ташкилотинининг топшириғи асосида 1922 йилда милицияга хизматга кириш, аҳоли ўртасида миллатчилик ва мағлубиятчилик тарғиботи олиб бориш ҳамда халқ душманларини мақташ айбловлари қўйилган”, дейди Турсун Валихўжаевнинг фарзанди Шароф Турсунов.

   Турсун Валихўжаев гўдак пайтида етим қолади ва холаси қўлида тарбия топади. У Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Қулама” қишлоқ фуқаролар йиғини (“Тошкентлик” маҳалласи) “Оқсарой” кўчасидаги 7-уйда истиқомат қилиб, кўнчилик билан шуғулланган. Маълумотларга кўра, Т.Валихўжаев диний билимга эга, адолатли инсон бўлган. Шу боис қишлоқдошлари деҳқончиликда фойдаланиладиган сувни тақсимлаш ишини унга ишониб топширишган ҳамда ҳурмат юзасидан “Амин” деб аташган.

  Инқилобдан сўнг билими ва халқ орасидаги обрўси туфайли давлат хизматига олинган. Қариндошларининг айтишича, Т.валихўжаев ишга фойтунда борган, камарида доим тўппонча бўлган, милицияда, сўнг туман қўмитасида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилган. Кўпчиликни ноҳақдан жазога тортилишдан сақлаб қолган. 

   - Отамни яхши таниган, ҳудудимиздаги колхозларга раислик қилган Ҳамроқул Носиров ҳамда Зокир Норматовнинг отам ҳақида айтган илиқ гаплари ва оиламизга ора-сира ёрдам кўрсатганидан унинг эл орасида ҳурмати баланд бўлганлигини сезганман, - деб хотирлайди Шароф Турсунов фикрини давом эттирар экан. - Айтганимдек, ҳаётимиз оғир ўтди. Онам, опаларим ва акаларим бир бурда нон топиш илинжида тиним билмасдик. Мен ёш бўлишимга қарамасдан онам бичиб берган теридан телпак тикардим, бозорда сув сотганман. Рўзғор ташвиши менинг ҳам елкамда бўлгани учун 11 ёшга киргунимга қадар мактабга боролмадим, уйли-жойли, ҳатто оилали бўлишимиз қийин кечди... 

   Шўро тузуми шу тарзда минг-минглаб одамларнинг ёстиғини қуритган, уларнинг оила аъзоларини хор-зор қилиб қўйганди. Одамлар юрагини шу даражада қўрқув эгаллаб олгандики, Шароф ака ўз отасини суриштиришга киришганида онаси ва акаси “Бир фалокатни бошламагин”, дея уни тўхтатмоққа уринишади.

   1962-1963 йилларда Шароф Турсунов отаси тўғрисида бир қатор идораларга, хусусан, собиқ СССР ички ишлар вазирлигига мурожаат қилади, архивларга боради. Аммо унга Турсун Валихўжаевга оид ҳужжатларни кўрсатишмайди. 

   - Тошкентда, ҳозирги “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг орқа томонида бир музей бўларди, ўша ерда отамни сурати борлиги ҳақида эшитиб, айтилган манзилга бордим. У жойда бир ходимнинг ёрдами билан отамнинг фотосуратидан нусха олиб чиққанман. Отамнинг сиймосини илк маротаба кўриб, ҳўнграб йиғлаганман. Ўша пайтдаёқ одамлар отамнинг ноҳақдан қурбон бўлганлигини таъкидлашар эди. Мана, бугун минглаб қатағон қурбонлари қаторида унинг айбсиз эканлиги аён бўлди. Биз ҳамиша отам билан фахрланганмиз, лекин буни ошкор айта олмасдик, - деб фикрларини ғурур билан якунлайди Шароф Турсунов. 

   Юртимизнинг озод бўлгани, тарихий адолатлар қарор топгани учунгина юрагимиздаги ифтихор чеҳрамизда, тилимизда баралла ифодасини топмоқда. Ўзбек давлатчилиги юзига тушган зулматни ёриб чиқмоқчи бўлган жасур ватандошларимиз қиёфасини очиб бериш бугунги кундаги тарихчи олимлар ва музей ходимларининг вазифаси ҳисобланади.

Саид Донишев

журналист,

Бахтигул Эргашева

Жиззах давлат педагогика университети  

тузилмасидаги Қатағон қурбонлари  

хотираси музейи директори


Авторизация