Жиззахда телерадиоэфирлар тарихи 1974 йилда вилоятнинг ташкил топиши билан бошланган. Биринчи бўлиб эфирга чиққан “Жиззах радиоси” ўша даврнинг ўзидаёқ халқ юрагига йўл топа олди.
Биринчи диктор Саломат Қорабоева, биринчи муҳаррир Шерлон Алиев, радиожурналистлар Насим Нориев, Абдуғани Ботиров, Салоҳиддин Сафаров каби фидойилар бу тарихнинг "илк қалдирғочлари" бўлдилар. Ўтган йили "Жиззах радиоси" 50 йиллик юбилейини нишонлади. Бугунги кунда радио FM 105.5 ва 106.2 тўлқинларида кунига 18 соат эфир олиб бормоқда.
2006 йилдан эътиборан вилоятда телевидение ҳам йўлга қўйилди. Аввалига бир соат, кейин икки соат, айни пайтда эса кунига 16 соатлик кўрсатувлар тайёрланмоқда. Ҳудудий қамрови кенгайиб, Жиззах ТВ Самарқанд, Сирдарё ва Бухоро вилоятларига ҳам етиб боряпти.
2018 йилда вилоят ҳокимлиги томонидан 5 миллиард 300 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, янги студия қуриб битказилди. Шунингдек, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар вилоят телерадиокомпаниясининг техник базасини тубдан янгилади. 2023 йилда 70 миллиард сўм маблағ ажратилиб, замонавий студия комплекси ва кўчма телевидение станциялари харид қилинди. "Жиззах вилояти телерадиокомпаниясини замонавий студия комплекси ва кўчма телевизион станция билан жиҳозлаш" инвестиция лойиҳаси тасдиқланди.
Бу ташаббус тўлиқ, 2025 йилнинг январь ойи ўрталарида ўз якунига етказилди. Давлатимиз томонидан берилган бу самарали ёрдам, телеведение тарихида ўзига хос зарварақ бўлди. Чунки, жонли эфирлар сони, соати кўпайди.
Бу — нафақат техник жиҳозларнинг, балки имкониятларнинг ҳам янгиланиши эди.
- Ҳозирги кунда телерадиокомпаниямиз энг замонавий техникалар билан жиҳозланган. Кўчма телевизион базанинг берилиши эса, нафақат вилоят, балки республикамизнинг турли ҳудудларидан жонли эфирга чиқиш имкониятини берди. Бундан ташқари, монтаж имкониятларимиз кенгайди. Дастур бўйича бизга 10 та энг замонавий радиомонтаж ҳамда 10 та телемонтаж компьютерлари берилди. Айни пайтда 50 та камера, 2 та дрон ҳам мавжуд. Умумий ҳисобда 4 та телестудияда жонли эфирлар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинмоқда, - дейди бош муҳандис Зокир Матжонов. - Декорациялар билан боғлиқ муаммоларимиз бор эди. Ҳозирги кунга келиб, барча студияларга ледмониторлар ўрнатилди. Бу эса мавзуга мос расм ва видеоларни монитор орқали эфирга узатишда қулайликлар яратди. Яқинда “Жонли Баттле” кўрсатувида Сирдарё вилоятидан санъаткор иштирокчи қатнашди ва биз тўғридан-тўғри Сирдарё телевединиеси билан ҳамкорликда жонли эфир кўламини кенгайтирдик. Бу томошабин аудиториясини оширади.Кўрсатувнинг оммабоплигини таъминлайди.
Бугунги кунда Жиззах вилояти телевидениеси “Ислоҳот одимлари”, “Кеча ва бугун”, “Юзма-юз”, “Қуёшли юрт одамлари”, “Ёшлар ҳудуди” каби кўрсатувлари орқали ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларни, саноат ривожини, ёшлар ташаббусини, халқнинг дарду-орзуларини ёритиб келмоқда. Шу билан бирга, “Билим ринг”, “Маҳорат шоу”, “Сўз ёшларга”, “Махсус репортаж”, "Эътиборингиз марказида" каби кўрсатув ва ток-шоулар ҳам эфир юзини кўрмоқда.
Ҳозирги кунда чуқур таҳлил, тўғридан-тўғри эфирдаги очиқ мулоқотлар, жонли суҳбатлар орқали телекўрсатувлар мухлислар қалбига йўл топмоқда. Телеканал ижодкорлари — Дилмурод Абдураҳимов, Сайёра Бўронова, Умрзоқ Ҳамдамовлар тайёрлаган ҳужжатли фильмлар республика каналларида ҳам намойиш қилинмоқда.
Жиззах радиосининг бош муҳаррири Сайёра Бўронова шундай дейди:
- Радио бош муҳаррири сифатида эфир вақтидан ёки жонли мулоқот бўладиган жараёнлардан ҳавотирланмайман. Чунки, шогирдлар, малакали ходимларнинг барчаси ўз йўналишига, услубига тушиб олишган. Бевосита эфирларимизда радиотингловчилар сони кўпайган. Журналист учун ОАВнинг қайси турида бўлмасин, иш қуроли жойида бўлса, кўнгли хотиржам ишлайди. Тайёрланган матераил ҳам сифатли чиқади. Бугунги кунда радиоэфирларимизда тингловчилар қамрови кенгайган, “Бугундан эсдалик”, “Табриклар”, “Жиззахликлар” номли радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Бевосита параллел равишда телеэфирларга ҳам жонли уланиш учун радиостудиямизга ўтган йили видеокамералар ўрнатилди. Худойберди Каримов, Нафосат Турсунматова, Норбодом Эсонова каби ҳамкасбларим ҳамиша эфир масъулиятини чуқур ҳис қилиб ижод қилишади.
- Янги давр журналистикасининг қаршисида ҳали забт этилмаган марралар, ошилмаган довонлар турибди.
Ҳозирги кунда давлатимизда бизнинг соҳамизга бўлган эътибор беқиёс. Бу эса ўз ўрнида барчамизга жуда катта масъулият юклайди. Ишонч билан айтишим мумкинки, жамоамиз аъзолари бу масъулиятни чуқур ҳис қилиб, ўзларининг профессионал бурчларини шараф билан адо этадилар, - дейди телерадиокомпания раиси Эркин Шермонов.
Агар телеэкранда самимият, ҳақиқат, халқ овози намоён бўлса, унга ишонч ҳам, муҳаббат ҳам ортади. Бугун Жиззах вилояти телерадиокомпанияси ана шу ишончни оқлаб, эл-юрти дардини бирга ифодалаб келаётган ижодий майдонга айланган. Бу жамоа бугун нафақат вилоят, балки республика оммавий ахборот маконида ҳам ўз ўрнига эга бўлади.
Ч.АҲМЕДОВА
(“Жиззах овози”)