Ўзининг бой ва ибратли анъаналарига эга бўлган “Жиззах овози” газетаси ўтган асрнинг 30 йилларида "Социализм ғалабаси" деган ном билан чоп этилган. 1932 йилнинг октябрь ойида туман марказида мазкур газетани чоп этиш учун босмахона ишга тушди. Ўз даврида газетага Махмуд Ғозихонов, Абдуназар Эгамназаров, асакалик Ғозиев, жиззахлик Маъмур Зарипов, Йўлдош Ҳошимов, Омонмурод Файзимуродов, Юсуф Йўлдошев, 1962-63 йилларда Хўжам Исроилов, 1963 йилдан Тожи Одилов, сўнгра Иброҳим Донишевлар муҳаррирлик қилди.
27 июнь – Матбут ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Жиззах овози” газетаси тарихида ўзига хос из қолдирган муҳаррирлар - Юсуф Йўлдошев ҳамда Хўжам Исроиловлар тўғрисида сўз юритмоқчимиз.
Иккинчи жахон уриши жанггоҳларидан қайтиб келган Юсуф Йўлдошев ўша пайтда “Социализм йўли” деб номланган газетада мухаррири этиб тайинланганида 1945 йилнинг иккинчи ярми бошланган эди. Юсуф ака матбуот соҳасига умрининг 31 йилини бахшида этди. У 1962 йилгача раҳбар сифатида ишлади.
Юсуф Йўлдошев урушдан сўнг халқ хўжалигини қайта тиклаш, турли жабҳаларда амалга оширилган ишлар, ҳаётда учраб турадиган камчиликлар газетада ўзини аксини топиши ҳақида қайғурар, бу борада тахририят жамоасига ўзига ишонгандек ишонар эди. Ўз навбатида яхши жамоа аъзолари ҳам билдирилган ишончни оқлашди. Хўжаликларда жамоатчи муҳбир гуруҳи иши йўлга қўйилди.
Устознинг амалга оширган хайрли ишларидан яна бири нафақат туманда, вилоятда биринчи бўлиб ишчи-қишлоқ мухбирлари мактабига асос солгани бўлди.
-Устоз ҳашарни қандай ташкил қилишни каттаю кичикка ўргатган эди. Унинг ижодкорлар Назиржон Баракаев, Шермон Aлиев, Нўмон Мирзаев хонадонларида уюштирган ҳашарлар ҳамон эсимда,-дея хотирлаган эди таниқли болалар шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ибрҳим Дониш.
Дарҳақиқат, Юсуф Йўлдошев нафақат раҳбар, меҳрибон инсон сифатида ҳам одамлар қалбига йўл топган эди.
Газетада муҳаррир бўлиб ишлаган Хўжам Исроилов “Коммунизм сари” газетасининг янги муҳаррири сифатида таништирилганда эндигина 33 ёшни қаршилаганди.
Жиззах туманидаги “Қангли” қишлоғида туғилиб ўсган Хўжам Исроилов Тошкент Давлат педагогика институти педагогика ва психология факултетини битиргач Қорақишлоқ туманидаги 9-тўлиқсиз ўрта мактабида директор сифатида иш бошлаган эди. 1957 йилда туманнинг “Ленин ҳақиқати” газетасига масъул котиби этиб тайинлангандан эътиборан Хўжам Исроиловнинг матбуотдаги фаолияти бошланди. Кейинчалик Ғаллаорол туманининг “Ғалла учун” газетасида масъул котиб ва муҳаррирлик лавозимида ишлади. Роппа-роса бир йил газетага муҳаррирлик қилган Хўжам Исроилов Жиззах туман партия қўмитаси идеология котиби ўринбосари этиб тайинланди. Кейинроқ Жиззах туман партия қўмитаси котиби сифатида фаолият юритди.
Хўжам Исроилов 1962-1963 йилларда ўша пайтда “Коммунизм сари” деб номланган газетада мухаррир бўлиб ишлар экан, ўзининг ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан ҳам жамоада, ҳам туманда обрў қозонди. Бор куч-қувватини газета ривожи учун сарфлади. Кейинчалаик унинг меҳнатлари қадрланиб, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, деган унвонга сазовор бўлди.
“Жиззах овози” газетаси биноси хоналарининг бири бугунги кунда мўъжазгина музейга айлантирилган. Музейда газетанинг 92 йиллик тарихига оид кўплаб экспонатлар, суратлар сақланмоқда. Уларни томоша қилар экансиз, беихтиёр ўтмишга хаёлан саёхат қиласиз. Зеро устозларнинг хотираси абадийдир.
Рахматулла Юнусов.