ЗАМОНАВИЙ АГРОТЕХНОЛОГИЯЛАР САМАРАСИ: BMB AGRO ТАЖРИБАСИ ЭЪТИБОР МАРКАЗИДА

Сегодня, 09:24
0
Шикоят қилиш

Жиззах вилояти Арнасой туманида жойлашган BMB HOLDING таркибидаги BMB AGRO корхонаси қишлоқ хўжалиги ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашган йирик агросаноат субъектларидан бири ҳисобланади. Холдинг томонидан соҳага замонавий технологиялар ва илмий ёндашувлар фаол татбиқ этилаётгани ҳосил сифати ҳамда миқдорига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, узоқ йиллар мобайнида фойдаланилмаган, шўрхок ва самарасиз ерлар ўзлаштирилиб, илмий асосда агротехник тадбирлар амалга оширилди. Натижада сўнгги йилларда пахтадан гектарига 30–35 центнер, ғалладан эса 80–90 центнергача ҳосил олинмоқда. Бундан ташқари помидор, тарвуз, қовун, булғор қалампири, мош, ловия, нўхот сингари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ҳам юқори ҳосил олинмоқда.

Мазкур тажриба билан танишиш ва уни оммалаштириш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Зафар Рўзиев раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда вилоят туманлари ҳокимлари ўринбосарлари, “Ўзагроинспекция”, уруғчилик, агрохизмат ва бошқа соҳаларга дахлдор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Семинардаги асосий эътибор AgroNanoGel Basic гидрогель моддасини амалиётда қўллаш натижаларига қаратилди. Суғоришда 40–45 фоиз сув тежаш имконини берувчи ушбу технология Ўзбекистонда илк бор BMB HOLDING томонидан татбиқ этилган. Махсус таҳлиллар натижасига кўра, помидорнинг “Red Star”, “Lojain” ва “74/24” навларида гидрогел қўлланилганда поя узунлиги 29–37 см, ён шохлар сони 1–1,2 та, барглар сони эса 7–11 тагача ошгани аниқланган. Бу маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Семинарнинг иккинчи қисмида иштирокчилар BMB AGRO таркибидаги дуккакли маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослашган замонавий корхона фаолияти билан танишдилар. Ушбу корхона йилига 65 000 тонна маҳсулот қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, унга 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги замонавий технологиялар жорий этилган.

Бу ерда маҳсулотлар халқаро стандартларга мувофиқ тозалаш, саралаш, қадоқлаш жараёнларидан ўтказилади. 

Яна бир эътиборга молик жиҳати, бу ерда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европанинг Латвия ва Польша давлатларига, дуккакли маҳсулотлар эса асосан Хитойга экспорт қилинмоқда. 

Йил бошидан то бугунги кунга қадар жами 4,6 миллион долларлик маҳсулотлар хорижга экспорт қилинган бўлса, йил охирига қадар бу кўрсаткични 10 миллион долларга етказиш режалаштирилган.


Авторизация