“ЖУРНАЛИСТИКА – МЕНИНГ ТАҚДИРИМ ”

Суҳбатдошимиз: Тошқул БЕКНАЗАРОВ 1949 йилда туғилган.  Фахрий журналист. Тошкент Миллий (собиқ Тошкент давлат)  университети журналистика факультетини битирган. Меҳнат фаолиятини  “Ғаллаорол овози” (собиқ “Меҳнат байроғи”) газетаси таҳририятида бошлаб,  “Жиззах ҳақиқати” газетасида мухбир, бўлим мудири, масъул котиб, бош муҳарир ўринбосари, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг Жиззах вилояти мухбирлик пункти мудири вазифаларида ишлаган.  “Шуҳрат” медали билан мукофотланган. ”Жиззах овози” газетасининг  кекса ўқувчиларидан бири.

– Асосий мавзуга ўтишдан олдин, одатдаги “навбатчи” саволни бермоқчиман.  Журналистика соҳасига қандай кириб келгансиз?  

– Ҳар доим бериладиган бу саволга, “1972 йил 12 апрелда қишлоғимиздан туман марказига –  “Меҳнат байроғи”(ҳозирги “Ғаллаорол овози”) газетаси таҳририяти идорасигача пиёда йигирма километрдан зиёд йўл босиб кириб келганман”,  деб жавоб берсам, кўпчилик буни ҳазил деб тушунади.  Аммо ҳақиқатда шундай бўлганди. Шу куни ҳеч ким таклиф қилмасада келиб, “Мен сизларда ишламоқчиман”. Шу тариқа яқиндагина ҳарбий хизматдан қайтган собиқ аскарни,  газета таҳририятига кичик адабий ходим вазифасига қабул қилиш тўғрисида бош муҳаррирнинг  буйруғи чиққан.

Ўқувчилик йилларим туман газетасида хабар, мақолаларим чиқиб тургани туфайли таҳририят ходимлари танирди, ўнинчи синфни битирганимдан сўнг Тошкент давлат университетига ўқишга киришим учун йўлланма ҳам беришганди.   Аммо конкурсдан ўтолмай ўқишга эмас, ҳарбий хизматга кетгандим.  Газета муҳаррири Алибой Эргашев, ўринбосари Абдуҳамид Сарибоев, маданият бўлими мудири Олломурод Норбоевлар мен ёзган мақола, лавҳаларимни, рағбатлантириш учун ошириб мақтаб, “ўқишни битирсанг ўзимизда ишлайсан”, деб қўйишарди. Уларнинг шу гапини мен аниқ таклиф, деб билиб, бош муҳаррирнинг қабулига тўғри кириб боравердим. У киши ҳам ҳудди менинг келишимни кутиб тургандек, маслаҳатлашиш учун ижодий жамоани тўплади. Жамоа тўплангач, Алибой ака “шу болани ишга олсак...”, деб маслаҳат солганди, мени аввалдан билганлар “бўлади,” деб розилик билдирди. Фақат бир киши – таҳририятдаги энг ёши улуғ журналист, қишлоқ хўжалик бўлими мудири Юсуф Қудратов, “Учта-тўртта мақола ёзганнинг ҳаммаси мухбирликни уддалаб кетавермайди, ўйлаб кўриш керак”, деб эътироз билдирди.   Кимдир “Бошқа газеталарда ҳам қатнашиб келган”, Иброҳим Дониш ҳам билар экан”,  дегач, оқсоқол ҳам юмшади. Мен ишга қабул қилиндим. 

Ўша кун омадим келишига биринчи сабаб,   таҳририятда кадрлар алмашуви бўлаётган пайтда кириб келганим экан. Газета маданият бўлими мудири Олломурод Норбоев Дўстлик туманида янги ташкил этилган газетага ишга кетиб, унинг ўрни бўш экан. Иккинчидан, республикага таниқли журналист, шоир  Иброҳим Дониш ҳам “мени билиши”  ҳақидаги гап жамоадаги ягона қарши фикрни ҳам юмшатган эди.   Юсуф ака ҳам ишга кирганимдан сўнг менга энг яқин устозлардан бирига айланди, у кишидан кўп нарса ўргандим.  

– Иброҳим Дониш Жиззахда яшаб ишлаган, Сиз ғаллаороллик бўлсангиз, бундан ташқари ёшларингизда ҳам фарқ бор. Ораларингизда қандай боғлиқлик бўлган?  

– Тўғри, Ғаллаоролнинг чекка қишлоғилик эндигина ҳарбий хизматдан қайтган йигит билан жиззахлик таниқли журналист-шоир ўртасида таниш-билишчилик борлигига, балки, бу гапни айтган кишининг ўзи ҳам ишонмаган бўлиши мумкин. Бу гапнинг айтилишига асос Иброҳим Донишнинг шогирдлари рўйхатида менинг номим ҳам борлиги бўлган. Мен Жиззах шаҳридаги саккиз йиллик мактабда ўқиган давримда туман (ҳозирги “Жиззах овози”) газетаси таҳририяти қошида   Иброҳим ака раҳбарлик қилган “Ёш мухбирлар” тўгарагида қатнашиб, мактаб ҳаётидан хабар, мақолалар ёзиб турганман. 

70 йилларда ишчи-қишлоқ мухбирларига катта эътибор қаратиларди. Ёш мухбирлар сафини кенгайтириш мақсадида турли йиғинлар, тадбирлар ўтказилиб туриларди.  Шундай йиғинларнинг бирида Иброҳим ака ўзи сабоқ берган ёш мухбирлар қаторида менинг номимни ҳам келтириб ўтган бўлса керак.  Одатда йиғилишларда ижодий тўгаракларнинг ташкилотчилари  ёшларни раҳбатлантириш мақсадида уларнинг номларини   тилга олиб ўтишлари оддий ҳол эди. Бу гапни  Ғаллаорол таҳририятидаги мени  танийдиганлар   ҳам эшитган.  

Аслида у даврда  Иброҳим акани мен яхши танисамда, у кишининг мени яқиндан билиши эҳтимолдан   йироқроқ эди.  Чунки, Иброҳим Дониш таниқли шоир, журналист даражасига етган пайтда мен Жиззах шаҳридаги саккиз йиллик интернат мактабининг газетада икки-учта хабари босилган, синф деворий газетасини ўзи билганча чиқарадиган   оддий ўқувчиси эдим.  Мактабимиз эски шаҳарда, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиа­лининг ўрнида бўлиб,  туман газетаси таҳ­ририяти унча олис эмасди.  1964 йилда, қайси ой экани эсимда йўқ, мак­табимизда Жиззахнинг ўша даврдаги таниқли  ижодкорлари — Назиржон Баракаев, Иброҳим Донишев, Шерлон Алиевлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда туман газетаси таҳририятида ёш мухбирлар тўгараги очилгани ай­тилиб, қизиқувчилар таклиф этилди. 

Ўша йиллари мактаб бўйича ва ҳар бир синфда чиқадиган деворий газеталарга қизиқиш жуда кучли,  ҳар бир янги сонининг деворга осилиши бир воқеа эди. Учрашувдан бироз ўтгач, адабиёт ўқитувчимиз 6-8-синфлар деворий газеталарининг муҳаррирлари бўлган беш-олти ўқувчини, шулар қаторида мени ҳам,  туман газетаси  таҳририяти   қошидаги ёш мухбирлар тўгарагига эргаштириб бориб, Шерлон Алиев ва Иброҳим Донишевга таништирди.  Бизлар бирмунча муддат тўгаракка қат­надик. Тўгаракда Иброҳим ака ва Шерлон ака навбат билан бизларга мақола қандай ёзилиши, газетанинг жанрлари, деворий газета чиқариш бўйича машғулот ўтарди. Ҳар ҳолда уларнинг ўша дастлабки берган сабоқлари бесамар кетмади шекилли, орамиздан икки киши – Рустам Ғаниев ва мен журналистика факультетини тугатдик. Рустам кўп йиллар “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятида, сўнги йилларда Ўзбекистон телевидениесида фаолият кўрсатди,  бир неча китоблари чиқди. 

Агар 6-синфда ўқиб юрганимда туман гезетаси таҳририятининг “Ёш мухбирлар” тўгарагига бормаганимда, балки журналист эмас, шифокор бўлишим мумкин эди. Чунки, қишлоғимизда доктор йўқлигидан аҳоли  жуда қийналган,  ёшлигимдан уйдагилар, “Сен врач бўлишинг керак”, деб қулоғимга қуйишарди. Ўзим ҳам мактабда табиий ва аниқ фанларни яхши ўқиганман. Бироқ деворий газета чиқаришдан бошланган қизиқиш “Ёш мухбирлар” тўгарагида орзуга, сўнг орзу мақсадга айланиб, “пиёда йигирма километрдан зиёд йўл босиб” газета таҳририятига кириб келишимга сабаб бўлган. Ярим асрдан аввалроқ  бошлаган бу йўл  давом этаётир. Туманда ўн йилдан зиёд ишлаб вилоят газетасига келдим. “Жиззах ҳақиқати”да йигирма йил ишладим, сўнг яна шунча йил  Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг нонини едим. Шу маънода айтишим мумкинки, журналистика – менинг тақдирим. Бу йўлда мухбирлар тўгарагида дастлаб сабоқ берган устозларим билан яна учрашдим,  улар билан бирга ишлаш насиб этди.  

– Сиз “Жиззах овози”да ишламагансиз, бироқ газетага алоҳида ҳурмат билан қарашингизни, уни мунтазам ўқишингизни,   илгари бу ерда ишлаган, айни пайтда ишлаётган ижодий ходимларнинг деярли барчаси билан яхши муносабатда эканлигингизни биламан. Бунга ўқувчилик пайти таҳририятнинг мухбирлар тўгарагида қатнашганингиз сабабми?

– Бу сабаб ҳам бор. Асосий сабаб – газетанинг ўзи. Мен ушбу газетани ўқувчилик пайтимдан – олтмиш йиллардан буён мунтазам ўқиб келаман. 70 йилларда туманларнинг таҳририятлари ўртасида бир-бирлари билан  ўзаро газета алмашиш анъанаси бор эди. Ғаллаолликлар Жиззахнинг, жиззахликлар ғаллаороликларнинг газетасини мунтазам олиб туришган.  Жиззахга ишга келганимдан сўнг бу газетани олишим янада осонлашди. Ҳозир интернет саҳифада ўқийман.  Ҳамкасб сифатида жамоаларингиздаги соғлом ижодий муҳитга хавас қиламан. Ҳар бир ижодий жамоада муҳит шундай бўлиши жуда зарур. 

Шу соғлом муҳит туфайли барча даврларда истеъдодли журналистлар, таниқли фан-маданият арбоблари етишиб чиқишига   Жиззах воҳасининг  дастлабки босма нашри бўлган бу газетанинг  таъсири кучли бўлган.  Газета — Ҳамид Олимжон, Шароф Рашидов, Сарвар Азимов, Насрулло Охундий, Шукур Саъдулла, Қо­диржон Имомов, Орифжон Икромов, Назир Сафаров, Оқилжон Ҳусанов, Келди Қодиров, Назиржон Баракаев, Шерлон Алиев, Иброҳим Донишев каби мамлакатимизнинг кўплаб атоқли ижодкорлари учун дастлабки мактаб вазифасини ўтаган. Бу даргоҳдан кейинги йилларда чиққан таниқли ижодкорлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Бу – ушбу даргоҳда бардавом яшаб келаётган соғлом ижодий муҳит туфайлидир. 

Газетага бўлган ҳурматимнинг яна бир сабаби, унинг ижодкорлари билан  дўстона муносабатим. Бу дўстлик Иброҳим Дониш туфайли вужудга келган, десам бўлади. 

Мен Иброҳим акани, у киши мени танишидан анча илгари болалар учун ёзган шеърлари орқали таниганман. “Помидор нега қизил?” деган биринчи тўпламидан бошлаб барча китобларини ўқиб чиққанман. “Жиззах ҳақиқати”да бирга ишлаш давомида яқин қадрдон бўлиб кетдик. Болалардай беғубор, самимий, дилкаш бу инсон билан бирга ишлаш ҳам, дўстлашиш ҳам бир омад. 

Иброҳим ака иқтидорли журналист бўлиш билан бирга   ўзбек  адабиётида ўз ўрнига эга болалар шоири сифатида  баракали ижод қилди. Унинг “Дилоромнинг қўшиғи”, “Тушдаги саргузашт”, “Ҳандалак”, “Чароғон юлдузлар”, “Ҳаёт китоби” каби ўнлаб китоблари турли йилларда қатор нашриётларда босилган, шеърлари қардош халқлар тилларига таржима қилинган. Бундан ташқари болалар учун   ёзган бир қатор пьеса ва драмалари, Жиззах қўғирчоқ театри ҳамда мусиқали драма театрларида саҳналаштирилган. 

Иброҳим ака умрининг навқирон, ижодининг сермаҳсул даврларини ўтказган ва кўп йиллар бош муҳаррирлик қилган “Жиззах овози”газетасига   ҳурмати алоҳида эди. Устоз мени ҳам бу газета билан    дўстлаштирди.   

 – Газетамизнинг айни пайтдаги фаолияти ҳақида фикрингиз қандай? 

– Ўқувчи сифатида газета саҳифаларида Жиззах шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёти яхши ёритилаётганидан қаноатланаман. Ижодий  жамоанинг   бугунги кун нафасини тўғри ҳис этиб, уни газета саҳифаларига олиб чиқишга ҳаракат қилаётгани сезилиб   турибди. Энг муҳим жиҳат ҳам шу – бугунги воқеликни тўғри акс эттириш,   газетхоннинг эҳтиёжини ҳис этиш. Шу нуқтаи назардан газеталарингизда ўқувчини жалб қиладиган мақолалар анчагина.  Ҳар бир сонида ўқувчини хаяжонлантирадиган, ўйлантирадиган мақолалар бор. Газетада журналистнинг фикри сезилиб туради. Ўткир муаммоларни кўтариб чиқишда бошқа газеталарга қараганда анча дадил. Айниқса газетанинг май ойи 21-сонида журналист Алижон Абдусатторовнинг “Одамлар нима дейди?”, сарлавҳали мақоласидаги каби муаммоли мавзуларни газетхонлар билан изчил муҳокама қилиниши  яхши усул. Муҳокамага арзийдиган бундай мақолалар анчагина. 

Қолаверса, кўплаб газеталар молиявий етишмовчилик туфайли чоп этилмаётган пайтда мунтазам чиқиб туришнинг ўзи ҳам бир муваффақият. 

Ҳозир кўпчилик ахборотни интернет орқали олаяпти. Шунинг учун баъзи одамлар босма ахборот воситаларининг, хусусан газеталарнинг даври ўтди, дейишади. Бу унчалик тўғри фикр эмас. Юзаки қараганда шундай туйилиши мумкиндир, балки. Аслида бошқа бирон ахборот воситаси газетанинг ўрнини босолмайди. Тўғри, интернет ахборот алмашишда жуда катта имкониятга эга. Лекин бу газета аҳамиятини йўқотди дегани эмас. Газета ахборот етказиш билан бирга, мулоҳаза, мунозара, фикр алмашиш майдони ҳамдир. Масалан, кўпчилик мамлакатларда интернетдан фойдаланиш биздан анча аввал бошланганига қарамай газеталарга ҳамон талаб йўқолган эмас. Одамлар ҳамма жойда газета ўқиётганини кўрасиз. Мен “Жиззах овози”нинг ҳам ҳар доим ҳамма жойда ўқиладиган газета бўлиб қолишига ишонаман. 

Бунинг учун ижодий жамоада билим, куч, тажриба етарли. Имкониятни эса яратса бўлади. 

Фурсатдан фойдаланиб, газета ижодкорларини касб байрамлари билан самимий табриклаб, ижодий ишларида катта муваффақиятлар тилайман.

 

Муқимбой ИСМОИЛОВ 

    суҳбатлашди.


Авторизация