Касбнинг ёмони бўлмайди. Ҳар бир касбнинг ўз машаққати, сир-асрорлари ва одамлар орасида, жамиятда тутган ўрни, мавқеи бор. Мисол учун, бир ном билан Оммавий ахборот воситалари дейилса-да, телевидение, радио, газета ва журналларнинг ҳар бири алоҳида бир олам. Уларда меҳнат қилаётган соҳа ходимлари ҳам турлича вазифаларни бажаришади. Кам-кам йиғилиб дарё бўлур, деганларидек турли йўналишларда меҳнат қиладиган бу инсонларнинг якуний меҳнат самараси – кўрсатув, эшиттирув, газета ёки журнал кўринишида мухлислар эътиборига ҳавола қилинади.
Бугунги кунда газетада алоҳида ўрни бор касб – мусаҳҳиҳлик касбини эъзозлаб келаётган ижодкор, “Жиззах ҳақиқати” газетасида анча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган Барно Ҳамидова ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Ўз ҳаётини мутолаа ва сабр билан безаган аёл — Барно Ҳамидова “Жиззах ҳақиқати” газетасида салкам уч авлод вакиллари билан бирга ишлаб келаётган инсон. Қарийб 32 йилдан буён бир манзилга ишга шошилган опа — таҳририятда дастлаб ҳарф терувчи, саҳифаловчи бўлиб ўз фаолиятини бошлаган эди. Кейинчалик ундаги саводхонликни сезган таҳририят мутасаддилари уни корректор, яъни мусаҳҳиҳликка ўтказишди.
Барно опа 1993 йилда мактабни тугатиб, ҳозирги ишлаб турган даргоҳга қадам қўяди. У пайтларда матнлар компьютер эмас, машинкада терилиб, қўрғошинда қуйилар эди. Шундай шароитда мусаҳҳиҳликни танлаган ёш аёлнинг сабрига қойил қолмаслик мумкин эмас.
“Корректорлик — бу тан олинмаган муҳаррирлик. Муаллиф ёзади, муҳаррир таҳрирлайди, лекин якуний жавобгарлик корректор зиммасига қолади”, — дейди у кулимсираб. — Болалигим Жиззах шаҳрининг кўчаларида ўтган. Дадам оддий ишчи эдилар, аммо эслайман, кўчадан кимдир газета кўтариб кириб қолса, бўлди, чанқаб турган одамдай, ишларини ҳам ташлаб, ютоқиб ўқир эдилар. Китобга, газетага меҳрим шундан бошланган. Мактабда она тили ва адабиёт фанидан яхши ўқир эдим.
Кейин шу газетага ходим кераклигини эшитиб қолдим ва иш сўраб мурожаат қилдим. У кезларда газетада таниқли журналист — Октябр Жавлонов бош муҳаррир эди. Кейинчалик устозимга айланган бу инсон, таҳририят ходимлари билан бирга, дастлаб мени яхшилаб синовдан ўтказгани ҳали-ҳамон эсимда. Синов натижаларидан кўнгиллари тўлди шекилли, ишга қабул қилишди.
Ўша кезлар таҳририятга ишга кириш учун талаб қилинадиган олий маълумот ҳақидаги ҳужжатни сўрашмади ҳам.
Йиллар ўтиб, олий таълимда имтиёзлар бўлиб, сиртқи бўлимлар очилгач, ишхона раҳбарияти ўзлари таклиф билан чиқишди. Шахсий танлов бўлгани учун рози бўлмаганман. Аммо кейинчалик афсусландим, барибир билим олишни ортиқчаси бўлмас экан. Гарчи олий таълим дипломини олмаган бўлсамда, олий маълумотли кадрлар қаторида, амалий тажрибаларим билан газетанинг том маънода юрагини “урдириб” турибмиз, — дейди кулиб.
Йиллар ўтиб, технологиялар алмашди, газета компьютерда терила бошланди. Аммо Барно опа ўзи таъкидлаганидек, диққат-эътибор, сўзга ва ишга масъулият ҳиссини ҳар нарсадан устун қўйди. Унинг эътиборидан ҳеч бир ортиқча бўғин, хатоли сарлавҳа ўтиб кетмаган. Кимдир газетада “Ёзганларим чоп этилди”, деб севинса, бу хурсандчиликда унинг ҳам ҳиссаси бор.
Фурсатдан фойдаланиб, қаҳрамонимизга оила ва касб уйғунлиги, турмуш ва иш машаққатларини қандай баробар олиб бориши ҳақида гапириб беришини сўрадим.
— Бу осон эмас. Айниқса, аёл кишига. Касбимни севиб, шу ердан ризқ топиб, икки фарзандимни вояга етказдим. Яқинларим, фарзандларим мен ишлаётган ишхонани яхши билишади. Тўғрисини айтсам, менинг шу ерда ишлашимдан фахрланишади.
Баъзан, газета чоп этилиши кечикиб, ишхонада анча вақт қолиб кетган вақтларим бўлган. Чунки, муаллифлар мақолаларини топширса бўлди. Бошқалар ҳам вақтида ишга келиб, вақтида қайтишади. Фақат, раҳбарлар ва навбатчилар билан бирга газета босмахонага топширилгунча ишлайдиганлар қаторида мусаҳҳиҳлар ҳам бор. Ҳар бир ўзгариш қайтадан ўқилиши, хатолари тузатилиши керак.
Шу сабаб, ҳар бир матн ва мақолаларни зеҳн ва сабр билан ўқиб, уни босмахонага топширгунча, уйга кетиш ҳаёлимга ҳам келмаган. Масъулият ва иш биринчи ўринда турган, мен учун. Ҳозирги кунда 4 нафар набирам бор, икки келиним хизматимда. Икки ўғлим ардоғидаман. Беҳисоб шукур. Баъзи вақтлар, яъни байрамларда “табрик сўзлари”ни кутиб қоламиз. Шунақа пайтларда соат тунги бир, икки бўлиб кетади. Ўғлим ишхонанинг эшигининг ёнида машинада кутиб ўтиради. Бу касбимга бўлган меҳрдан деб ўйлайман. Менинг ишим бу газетанинг “юзи”. Газета хатосиз ва камчиликсиз чиқса, энг катта ютуқ шу”, — дейди у.
Қуш тилини қуш тушунади, дейдилар. Иккимиз ҳам бир соҳа таҳририятда ишлаганимиз учун гап гапга уланди. Барно опадан шогирдлари ҳақида сўрадим.
Маълум бўлишича, ҳар бир келган талаба ёки ҳаваскор биринчи навбатда Барно опанинг “чиғириғи”дан ўтар экан. Опа уларга матн ўқиб, диктант ёздириш, мақолани таҳрир қилдириш, сўзнинг имловий, услубий хатоларини синчковлик билан топа билиш сирларини ўргатади.
— Афсуски, сўнгги пайтларда амалиётга келаётган ёхуд ҳавас билан таҳририят эшигини қоққан ёшларнинг баъзиларида имло хатолари кўплиги кўзга ташланаяпти. Нега, сабабини билмайман. Матбуотнинг қаттиқ, бироқ тотли нонини таътиб кўрган, журналистикани тақдир, деб билаётган ёшлар таҳририятимизга ишга келса севинаман. Яқинда таҳририятимизга ёш кадрлар Ҳилола Ўктамова, Юсуф Сайдалиевлар келишди. Улардаги шижоатни, ишга бўлган садоқатни кўриб севиндим. Демак, соҳамиз келажаги ишончли қўлларда...
— Сўнгги пайтларда нафақат китоб, балки босма нашрларга бўлган қизиқиш анча сусайгандек. Ҳатто, газета ва журналларнинг келажаги йўқ, дейдиганлар ҳам топилмоқда, бу ҳақда қандай фикрдасиз?, – деб савол бердим Барно опага.
— Мен бундай фикрдан йироқман, — деб гап бошлади Барно опа. – Биз ҳамма соҳаларда ривожланган мамлакатлар қаторига киришга, улардан ўрнак олишга интиламиз. Ўша ривожланган давлатларда эса одамлар кунни бир финжон қаҳва-ю газета ўқиш билан бошлашини кўпчилик билади. Бу уларнинг ҳаёт тарзига айланган. Демак, бу улар учун маънавий эҳтиёж. Демак, жамият қанчалик ривожланса, маънавиятга интилиш, жумладан, газета ва журналлар ўқишга бўлган эҳтиёж шунчалик ошиб бораверар эканда...
Барно Ҳамидовага таҳририят ходимлари “сукутдаги муҳаррир” деб ном қўйишган. Сабаби, Барно Ҳамидованинг кўплаб мақолаларни имзосиз “сақлаб қолганини” улар яхши билишади. Ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз — унинг зиммасидаги ишонч ва масъулиятдан дарак беради.
Барно опанинг ўз касбини севишини, қизиқишини, ҳали ҳам столи устида шу соҳадаги китоблар ва газеталарнинг борлигидан билиб олиш қийин эмас. Демак, ҳалигача ўқишдан, ўрганишдан чарчамайди. Бу ҳақда нигоҳимдаги унсиз саволни тушуниб, опа сўзини давом эттиради:
— Албатта, ҳозиргача қаерга борсам, саёҳатгами ёки иш билан бошқа таҳририятларга борганимизда, уларнинг рўзномаларидан олиб келаман, эринмасдан ўқийман. Республика газеталарининг ҳар бирини ўқийман. Чунки, ҳозир замон шиддатли, тезкор. Ахборотлар оқимини бошқариш қийин. Янги сўзлар, янги атамалар кириб келяпти. Ҳар бирини маъноси билан ўрганиб, шууримда муҳрлаб қўяман. Бу ўзим шундай сўзга иш жараёнида дуч келсам, иккиланиб қолмаслик, тушунмаслик ҳолатлари бўлмаслигининг олдини олишга замин бўлади. Ҳеч қачон ўрганишдан, изланишдан тўхтамайман, — дейди Барно опа қатъият билан.
Барно Ҳамидова — шунчаки корректор эмас. У — сўзга беғараз хизмат қилган, матн қалъасини жимгина, лекин сидқидилдан қўриқлаган муҳаррир, дея бадиий тасвирласак муболаға бўлмас. Унинг ҳар бир ислоҳ этган сўзи, тўғрилаган жумласи, сабр ва ақл мезони билан қиёсланади. Ўз касбида собит, сабот кўрсатган бу инсон фаолияти аслида ҳар бир газета сонларининг ўқишли чиқиши учун хизмат қилади.
Барно опанинг ҳаёт йўли, ҳар бир ёш журналистга ибрат бўла олади. Ҳар бир муваффақиятли материал, ҳар бир тиниқ, хатосиз нашр ортида — Барно Ҳамидова каби фидойи инсонларнинг меҳнати ётади.
Чўлпоной Аҳмедова
("Жиззах овози")