ҚИНҚИР ИШНИНГ ҚИЙИҚИ ЧИҚДИ ёки тўрт нафар фарзанднинг онаси жавобгарликка тортилди

Гулчеҳра Жаҳонгир (исмлар ўзгартирилган, ҳар қандай мос келиши тасодифий) билан шум режани туза бошлаганида афсуски, иккисининг ҳам кўнглида фақат шайтон ораларди. Кимнидир зор қақшатиб бўлса ҳам мўмай даромад эгаси бўлишнигина ўйлашарди.

ҳамтовоқлар келишувга кўра, Дилярани авраб ўзларининг ёлғонларига аёлни ишонтиришга уринишди.

- Ўғлингизни ўзим ўқишга киритиб қўяман, - дейди Гулчеҳра Дилярага куюнчаклик билан. – Ўғлингиз билан бирга танишингизнинг ҳам ўқишга киришига ёрдам бераман. Менинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ишловчи юқори мансабдаги танишларим бор. Улар билан гаплашиб ўғлингизни Тошкент шаҳридаги институтга осонгина киритиб қўяман. Бу хизматимиз учун ҳар бирининг ҳал бўлган масаласига 9.000 дан жами 18.000 АҚШ доллари берсангиз бўлди.

Бу ҳангомадан сўнг Гулчеҳра ва Жаҳонгир «балиқнинг қармоққа илинишига» умид қилганча аёлнинг жавобини кута бошлашди. 

Орадан кунлар ўтди. Ниҳоят интизорлик билан кутилган кун келди. Гулчеҳра Дилярадан таклифга розилиги ҳақидаги хабарини олди. Улар келишувга кўра 22:30 ларда Жиззах шаҳрида жойлашган чойхонада учрашадиган бўлишди. 

Гулчеҳра айтилган вақтда манзилга етиб борар экан, фикру хаёли осонгина келаётган даромадни тезроқ сумкасига жойлаб, жуфтакни ростлашда эди. Диляра келишилган 18.000 АҚШ долларини Гулчеҳрага узатди. Аёл пулни олди, аммо шу пайт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. Вазиятнинг кескин тус олганидан саросимага тушиб қолган Гулчеҳра жиноий шеригини ҳам осонгина «сотиб» қўяқолди. У 5.800 АҚШ доллари Жаҳонгирга берилиши лозимлигини айтганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тезкор тадбир ҳаракатларини Гулчеҳранинг розилиги билан давом эттиришди.

Гулчеҳра Жаҳонгир билан Жиззах шаҳрида жойлашган “MEDIA PARK” савдо маркази олдида учрашди. Келишилган 5.800 АҚШ долларини Жаҳонгирга берди. Шу вақти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди. 18 000 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди. 

Фирибгарлар содир этган жиноятига яраша қонун олдида жавоб беришди. Суд уларни жиноят содир этганликда айбдор деб топиб, қонунда белгиланган тегишли жазо тайинлади.

Шундай экан, барча қонун олдида тенгдир. Жиноят содир этган шахсга эса жазо муқаррар.

Низомиддин ЭРНАЗАРОВ,

вилоят судининг судьяси


Авторизация