Айни кунларда кенг жамоатчиликнинг диққат марказида 2025 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини муҳокама қилиш, унга таклиф ва фикрлар билдириш жараёни турибди. Дарҳақиқат, мазкур ҳужжат ўзининг мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг орзу-умидлари, фаровон ҳаёт кечириш борасидаги истакларини амалга оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Жорий йилги Давлат дастури лойиҳасида ҳам жамиятимиз ҳаётининг деярли барча жабҳалари эътибордан четда қолмаганлиги, айрим соҳаларда мавжуд камчиликларни бартараф этишнинг аниқ ва мақсадли вазифалари келтириб ўтилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Кўп йиллардан бери оммавий ахборот воситалари соҳасида фаолият олиб бораман. Шу туфайли соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга беэътибор қарай олмайман. Сўнгги вақтларда эса босма даврий нашрлар олдидаги тўсиқларни енгиб ўтиш масаласи мени кўп ўйлантирмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, Давлат Дастурларининг бажарилишини жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканлиги ҳаммага маълум. Негадир қабул қилинаётган Дастурларда айнан босма нашрларга бўлган эътибор талаб даражасида эмасдек, назаримда.
Маълумки, бугунга келиб "мажбурий обуна" деган тушунча туфайли аксарият газеталар танг аҳволга тушиб қолди. Нима учун? Биринчидан, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш қимматлашиб кетган. Масалан, адади 1300 та бўлган газетанинг бир нусхаси таннархи деярли 10 минг сўмга тўғри келмоқда. Демак, газетхон бир йил давомида ҳафтада бир марта чиқадиган газета сонларини мунтазам олиб туриши учун 460 000 сўмга обуна бўлиши керак. Вилоят ва республика миқёсида чоп этиладиган газеталарнинг обуна баҳоси ўртача 1-1,5 миллион сўмни ташкил этади. Шу рақамнинг ўзи, гарчи газеталар ҳар қанча қизиқарли ва сифатли чоп этилган тақдирда ҳам, обуна жараёнига кескин салбий таъсир кўрсатиши турган гап.
Иккинчидан, иқтисодий қийинчиликлар туфайли кўплаб даврий нашрлар фаолияти тўхтаб қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ваҳоланки, босма нашрларнинг ҳам ахборот тарқатишда аҳамияти беқиёс. Шу сабабли босма оммавий ахборот воситаларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш лозим. Ҳеч бўлмаганда, газеталар йиллик харажатларининг камида 50 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шунингдек, матбаа маҳсулотлари таннархини ҳамда матбаа хизматлари харажатларини пасайтириш ва бунинг учун шу соҳага энг замонавий технологияларни жорий этиш ҳам катта аҳамиятга эга.
Мухтасар айтганда, босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий тангликка солиб қўядиган омиллар – солиқлар ставкасини, матбаа маҳсулотлари ва уларни босиш харажатларини пасайтириш, журналистлар малакасини ошириш, таҳририятларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги тўсиқларни бартараф этишда яна ҳам жиддий эътибор зарур.
Саид ДОНИШЕВ,
Халқ депутатлари
Жиззах шаҳар Кенгаши депутати,
журналист.