ЎҚИШНИ КЎЧИРИШ ЎРНИГА АКАДЕМИК МОБИЛЛИК

     Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2021 йилда 95 мингдан ортиқ ёшлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилган. Жорий йилда бу кўрсаткич 150 мингга яқин бўлиши тахмин қилинмоқда. Ёшларнинг аксари ўзи ўқиётган ОТМдаги таълимдан қониқмасдан сифатлироқ жойга боришни хоҳлайди, ёки аввалбошдан шундай режа билан ўқишга кирган. Шу туфайли сўнгги йилларда мазкур масала жами мурожаатларнинг 60 фоизини ташкил этмоқда. 

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 июнда қабул қилинган "Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида" Қарорига асосан, давлатга қарашли бир олийгоҳдан бошқасига ўқишни кўчириш тартиби қатъийлаштирилди. Эндиликда оила қурган талабанинг турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириши ва давлат хизматчисининг иш жойи ўзгарганда унинг турмуш ўртоғи ёки 18 ёшга тўлмаган фарзанди ўқишини кўчириши мумкин. Бошқа ҳолларда бир давлат ОТМдан бошқасига (ҳудудидан қатъи назар) ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди. 

Юқорида таъкидланганидек, айрим ёшлар ўтиш бали паст бўлган олий ўқув юртларига кириб олгач, ўзи истаган бошқа ОТМга ўқишни кўчиришга ҳаракат қилади. Демак, 2022/2023 ўқув йилида бунга йўл қўйилмайди. Шундай вазиятда эса академик мобиллик қўлланиши мумкин. Шу ўринда савол туғилади: академик мобиллик нима? 

Академик мобиллик - талаба ёки ўқитувчиларнинг мамлакатидаги ёки хориждаги ОТМларда келишув асосида маълум муддат ўқиш ёки дарс беришини англатади. Таклиф этилаётган тартибга кўра, вилоят ОТМида ўқиётган талаба ўқишини кўчирмаса ҳам, келишув асосида пойтахтдаги университетда маълум муддат ўқиб қайтиши мумкин бўлади. Ўз навбатида, академик мобиллик орқали ички миграция амалга ошиши туфайли ҳудудларда ҳам хизмат кўрсатиш қамрови ошади. Бунинг учун эса фақат пойтахтга эмас, балки вилоятлараро уюштириш зарур.

 Маълумот ўрнида атиш керакки, талабалар маълум муддат бошқа бир ОТМда ўқиши талаба алмашинув дастурлари ҳисобланади. Бунда талаба ўзи ўқиётган ОТМ билан ҳамкор бўлган хориж ОТМларидан бирида маълум муддат ўқиб қайтиши мумкин. Бундай ОТМ хоҳ хорижда, хоҳ ўз давлатида бўлсин талабага янги муҳитда ўқиш имконини беради.

Алмашинув дастурлари қисқа – 1 ҳафтадан 3 ойгача, узоқ – 6 ойдан бир йилгача бўлиши мумкин. Энг машҳур талабалар алмашинув дастурларидан бири – Erasmus лойиҳаси орқали дастурга аъзо бўлган Европа университетларидан бирида 3 ойдан бир йилгача ўқиш имконини қўлга киритиш мумкин. Бу дастурга бакалавр, магистратура ва амалиёт учун ҳужжат топшириш мумкин. Бундай дастурларни таълим олаётган соҳага қараб исталганча топиш мумкин. 

Алмашинув дастурлари орқали талабалар ўзга давлатлар маданияти, турмуш тарзи билан танишиши, тил билиш даражасини яхшилаши шубҳасиз. Шунингдек, янги муҳитни кўрган талабаларнинг ўзига бўлган ишончи ва ўз-ўзини мустақил бошқариш қобилиятлари ҳам ошади.

Жиззах политехника институтида ҳам айнан ушбу дастур доирасида алмашинув жараёнлари фаол кечмоқда. Жумладан, Эрасмус+ дастури доирасида “Ўзбекистон-Қозоғистон олий ўқув юртларининг чарм ва чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш” лойиҳаси амалга ошириш режалаштирилган. Айни кунларда ушбу дастур бўйича олий ўқув юртимизнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Туркия Республикасининг Измир шаҳридаги Эге университетида ўқиш жараёнида иштирок этишмоқда. 

Мухтасар айтганда, ўқишни кўчириш масаласида қатъий тартиб ўрнатилганлиги таълим сифати тушиб кетишининг олдини олади. Хорижий мамлакатлар ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий ОТМ филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича амалдаги тартиб сақланиб қолинади. Бироқ бу хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос бўлмаган ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилади дегани эмас. Шундай экан, абитуриентлар ўзлари танлаган йўналиш бўйича тинимсиз ўқиб, ўрганиб талабаликка бахтига мушарраф бўлишга қаттиқ киришмоқлари лозим. 

Алишер УСМАНКУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори,

 техника фанлари доктори, профессор


Авторизация