БАХМАЛ ОЛМАЛАРИ

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида бўлганмисиз? Қир-адирлар, пурвиқор тоғлар, айниқса, баҳорда ўз номига монанд бахмалдек майсалар билан қопланади. Мусаффо ҳавоси, зилол булоқлари билан кишиларни доимо ўзига мафтун қилиб келган ушбу маскан, кузда ҳам бошқача гўзалликка бурканади... 

Бахмал туманининг табиати, иқлими, айниқса олма етиштиришга жуда мос. Буни шу ерлик аҳоли жуда яхши билишади ва имкон қадар бунга амал қиладилар. Шу сабабли ҳам кўплаб бахмалликлар айнан боғдорчилик билан шуғулланишади. Шуғулланганда ҳам астойдил меҳнат қиладилар, ерга чин маънода меҳр берадилар. Балки шу сабабдир, бугун Бахмал олмаларининг донғи узоқ-узоқларга кетган. Унинг таърифини сўз билан ифодалаш қийин. Бунинг учун Бахмалга келиш керак, олмалар таъмини тотиб кўриш лозим.

Холиқул ака дастлаб 40 гектар майдонда боғдорчилик қилди. Секин-секин бу майдонларни кўпайтириб, ҳозирда 100 гектарга етказди. Отаси чўпон бўлган, ўзи эса...

-Ўн икки йилдан бери боғдорчилик билан шуғулланамиз. Боғимизда асосан олманинг уч хил нави - “Голден”, “Жеромин” ва “Фуджи” навларини етиштирамиз. Ҳозирча, дарахтларимизнинг эллик фоизи ҳосилга кирган, қолган қисми эса икки йилда тўлиқ мева беради. Сув муаммосини асосан томчилатиб суғориш орқали ҳал қилганмиз. Шу сабабли ҳам ҳосилдорлик яхши, - дейди “Ой жилоси” фермер хўжалиги раҳбари Холиқул Эргашев.

        Ҳозир фермер хўжалигида жами эллик нафар доимий ишчи бор. Мавсумга қараб улар сони 300-350 нафаргача етади. Ишчиларнинг ҳар бирига ўз вазифалари аниқ юклатилган. 

Олмани шунчаки экиб қўйган билан кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Унга ҳам ўзига хос эътибор керак. Сувини, озуқасини  вақтида бериш талаб этилади. 

-Ҳар бир дарахт, жумладан олма ҳам аслида “тирик жон”. У ҳам боғбондан меҳр кутади. Фақат у инсонларга ўхшаб “чанқадим, менга сув, озуқа керак”, деб айтолмайди. Асл боғбон ҳар бир дарахтнинг танасига, керак бўлса баргига қараб ўзи буни англаши лозим, - дея  фикрини давом эттиради суҳбатдошимиз.

Бахмалнинг олмазор боғларини оралар экансиз, беихтиёр кўзингиз қувнайди. Қизил, сариқ, яшил олмалар... Уларнинг ҳар бири ўзига хос хуштаъм, ширинликка ва албатта ўзига хос кўнгилга ёқар бўйга - ҳидга эга. Бу олмаларнинг кўпи нафақат ички бозорда, балки экспорт қилиниб, бошқа мамлакатларда ҳам катта талабга эга.

Туманда бу йил 150 000 тонна олма, 20 000 тонна бошқа боғдорчилик, полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бироқ, ҳозирча Бахмалда меваларни сақлаш омборлари етишмайди. Маҳсулот кўпроқ ички бозорга етказилиб берилмоқда. Нархлар эса унчалик қиммат эмас. Энг юқори сифатли олмаларнинг ҳар бир килограми саккиз – ўн минг сўмга тўғри келади. Келажакда бу ерда консерва заводи ва экспорт учун логистика маркази қурилса, айни муддао бўларди.

Холиқул ака ҳар боғ оралаганда албатта, фарзандлари, набираларини ёнига олади, боғбонлик касбни келажакда мерос қолдиришни кўп ўйлаб, уларга боғдорчиликнинг сир-асрорларини ўргатади. Нияти ҳам шунга монанд - юрт фаровонлиги, эл дастурхонининг тўкинлигию, баракасини ўйлайди. Қанчалаб инсонларнинг туриш-турмуши, оилалар ободлигига ҳисса қўшаётганлигидан хурсанд. Шундай инсонлар бор экан, ҳали бу боғлар бир гўзал боғлар бўлади. Сизу бизни ўз бағрига чорлайверади...

 

Саид Донишев


Авторизация