Жиззах вилояти ўзининг гўзал табиати, пурвиқор тоғлари, танти одамлари, қадим зиёратгоҳлари билан машҳур. Агарда йўлингиз тушиб, Бахмал туманидаги Новқа қишлоғига борсангиз, баҳри дилингиз очилиб, бунга ўзингиз амин бўласиз. Асосийси, қишлоқ инсонлари жуда меҳмондўст, самимий, очиқкўнгил...
Қишлоқда бўлсангиз албатта сизни Новқа ота зиёратгоҳига таклиф қилишади. Халқ орасида ушбу зиёратгоҳ тўғрисида турли ривоятлар юради, шулардан гапириб беришади.
Ривоят ва афсоналар ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини билмадигу, бироқ булоқ кўзидаги тошлар инсоннинг бешта бармоғини ёдга солади. Асосийси, Новқа ота зиёратгоҳи юртимиздаги энг сўлим гўшалардан бири, десак асло муболаға бўлмайди. Қишин-ёзин бир хил миқдорда сув қайнаб чиқадиган булоқлари, минглаб дарахтлар, мусаффо ҳаво сизни ҳайратга солиши табиий.
Ҳудудда 6 та булоқ бор. Шундан 5 таси ёнма-ён жойлашган. Уларнинг оралиғи бир-бирига шунчалик яқин бўлсада, ажабланарлиси ҳар бир булоқ суви ҳарорати турлича. Булоқ сувлари асосий, ўрта ва қуйи ҳавзаларга тўпланиб, ҳарорати қишин-ёзин ўзгармайди, 18 даражани ташкил этади. Ана шу булоқ Новқа қишлоғи аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайди. Улар экин-тикинини ҳам фақат шу сувдан суғоради.
Дарвоқе, қишлоқ одамлари бу ердаги балиқларни муқаддас билиб, уларга асло тегмайди. Маҳаллий аҳоли орасида мазкур булоқларнинг сувлари ер ости оқимлари орқали вилоятнинг Ғаллаорол туманидаги Саъд ибн Абу Ваққос ҳамда Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳлари сувлари билан алмашиб туради, деган қарашлар ҳам мавжуд. Чунки, Новқа ота булоғида эркин сузиб юрган балиқлар, айнан юқорида номлари келтирилган зиёратгоҳларда ҳам учрайди.
Ҳудудда XIX асрга тегишли масжид, XVIII асрга оид мақбара, икки қаватли дам олиш маскани мавжуд. Бу ерга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан зиёратчилар келишади.
-Ушбу зиёратгоҳни янада обод қилиб, вилоятнинг “туризм ҳалқа йўли”га киритиш устида ишлаяпмиз. Қолаверса, Новқа – ҳунармандлар қишлоғи сифатида ҳам танилган, - дейди вилоят Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев. – Қишлоқдаги ҳунармандлар тайёрлайдиган эгарларнинг шуҳрати бугун нафақат республикамизда, балки, қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистону Туркманистонда ҳам машҳур. Шу боис Новқа қишлоғига маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими ҳам тобра ортиб бормоқда.
Новқа эгари, ёки бўлмаса яна бир номи “қизил эгар”нинг бошқаларидан фарқли жиҳатлари бор. Буни от минган чавандозу отбозлар яхши билишади. Чунки, полвон от устида қулай жойлашиши, қолаверса, эгарнинг ўта пишиқлиги халқимизнинг азалий кўпкари каби ўйинларида алоҳида аҳамият касб этади. Шу боисми новқалик уста Маҳмуд, уста Мусурмонқул, уста Исмат, уста Турсунбой, уста Санақулларнинг номи эл орасида мудом ҳурмат билан тилга олинади. Улар ясаган эгарларнинг харидори доим топилган.
-Аслида мен темирчилик билан шуғулланар эдим. Бироқ қишлоғимиз усталари эгар ясаш билан донг таратганлиги учун мен ҳам шу ҳунарга қизиқиб қолдим. Уста Бобомуроддан эгарчилик сир-асрорларини ўргандим, - дейди ҳунарманд Санақул Алимов. - Энди икки нафар фарзандим ҳам ёнимга кирган, шогирдлар келяпти. Эгар тайёрлаш бир қанча босқичларда амалга оширилади. Ўзимизнинг тил билан айтганда “корсон”, “катта қош”, “қопдоли”, “пуштак” каби яна бир қанча алоҳида-алоҳида бўлаклар бир-бирига елимланади, текисланади, пайланади... хуллас, битта эгар тайёр бўлишига камида 5-6 кун кетади.
Эгар тайёрлаш ҳам бир қараганда осонга ўхшагани билан, аслида ундай эмас. Чунки, отнинг ўзини кўрмасдан унга тахминий ўлчам олишда гап катта. Агар ўлчам тўғри олинмаса, жониворга зарар етказиб қўйиши ҳеч гапмас. Шунинг учун эгар ясовчи ҳунарманд ҳам қайсидир маънода ижодкор бўлиши лозим.
-Кўпинча узоқ юртлардан келадиган буюртмаларимизда отнинг ўзини кўрмаймиз. Фақат айтилишига қараб эгар ясашга тўғри келади. Отнинг “қарчиғайи” баланд, деса эгарнинг “ўпқон”ини каттароқ оламиз. Эгар асосан тол ёғочидан қилинади. Сабаби, тол эгилувчан, енгил, юмшоқ маҳсулот, отни урмайди, шу билан бирга ўта чидамли, пишиқ бўлади, - дея суҳбатни давом эттирди яна бир ҳунарманд Ҳайитмурод Ўрозалиев.
Хуллас, Бахмалда Новқага ўхшаш гўзал масканлар, бетакрор гўшалар жуда кўп. Бунга гувоҳ бўлиш учун фақат Бахмалга келиш керак. Унинг тароватидан баҳра оласиз, яхши инсонлар билан танишасиз, кўнглингиз тоғдек кўтарилади. Бунга биз кафил!
Саид Донишев