ТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига қилган ташрифи давомида вилоятда туризм салоҳиятини ошириш, янги-янги туристик маршрутлар, шунингдек, ҳудудда “туризм ҳалқа йўли”ни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирган эди. Айни пайтда мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, вилоятнинг туризм имкониятларини янада кенгроқ тарғиб қилиш ва янги туристик маршрутлар ташкил этиш асосий мақсадга айланган.

   Жиззах вилояти Туризм бошқармаси томонидан вилоятдаги туроператорлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар учун  инфо тур ўтказилди. 

   Иштирокчилар дастлаб Фориш туманида зиёрат туризмини кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида Хўжа боғбон ота зиёратгоҳига ташриф буюриб, зиёратгоҳ тарихи ва зиёрат қилувчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Фориш туманидаги экотуризмни ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ишлар фаолиятини яқиндан ўрганиш мақсадида “Sayyod yurt camp” дам олиш масканида бўлишди. 

   Ушбу дам олиш масканида туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари билан “Очиқ мулоқот” шаклида учрашув ҳам ўтказдик. Учрашув доирасида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ошириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси белгиланиб, тадбиркорлар ва уларнинг муаммолари, таклифларини муҳокама этдик. Галдаги вазифамиз – билдирилган таклифлар асосида ўзимиз учун алоҳида дастур ишлаб чиқиб, ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилашдан иборат бўлади, - дейди вилоят Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Эгамбердиев.

   Инфо тур давомида Айдар-Арнасой кўллари ва унинг гўзал, ўзига хос қиёфаси, айнан шундай ҳудудларда дам олиш масканларини янада кенгроқ тарғиб қилиш ва янги туристик маршрутлар ташкил этиш хусусида ҳам фикрлашилди. “Oxus adventure” дам олиш маскани ҳамда тиббиёт туризмига кирувчи “Давронбой туячилик маскани” иштирокчиларни бефарқ қолдирмади. Ушбу масканларнинг туризм имкониятлари ва инсон саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида қилинаётган ишлар диққатга сазовор эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

   Навбатдаги манзил Бахмал тумани бўлди. Маълумки, Бахмал географик жойлашувига кўра тоғлар, қир-адирликлар ва умуман сайёҳларни жалб қила олиш учун кенг имкониятга эга ҳудуд ҳисобланиб, туризм - туман иқтисодиётининг “драйвер” соҳаларидан бири саналади. 

   Бахмалда кўпроқ агротуризм, экотуризм, тоғ-экстремал туризми ривожланган. Биргина экстремал туризми бўйича бугунги кунда Бахмалга 15 га яқин давлатлардан сайёҳлар ташриф буюряпти. Ҳудуднинг ўзида туризм соҳаси бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар сони 200 тадан ошди. Улар томонидан 500 га яқин кемпинглар, ўтовлар ташкил қилинган. 

   Бахмал тумани табиатининг гўзаллиги, экологик жиҳатдан тозалиги ҳам тиббиёт туризми тобора ривожланишига замин яратаяпти. 

   Инфо тур давомида Ўсмат ота ва Новқа ота зиёратгоҳларига ташриф буюрилди. Дарвоқе, вилоят бўйича зиёрат туризми йўналишида 10 та объект мавжуд бўлса, шундан иккитаси Бахмал туманида жойлашган. Айнан Новқа ота ва Саид Мирҳалиллоҳ зиёратгоҳлари вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “ҳалқа йўли”га киритилган. Ушбу зиёратгоҳлар, сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишган туроператорлар янги сайёҳат дастурлари тузиши учун айни муддао бўлди.

   Новқа қишлоғидаги ўз ишининг устаси, моҳир ҳунарманд Санақул Алимов устахонасида эса иштирокчилар етти иқлимга машҳур Новқа эгарининг тайёрланиш жараёнларига бевосита гувоҳ бўлишди. 

  Мўғол, Данғара қишлоқларидаги экотуризм масканларининг гўзал табиати, виқорли тоғлари ва туризм объектлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. 

   Сўнгги сўз ўрнида айтиш мумкинки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 80 минг нафардан ошиқ хорижий, 150 минг нафардан зиёд маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатилди. Вилоятдаги мавжуд туристик масканлар, зиёратгоҳларнинг бугунги кундаги ҳолати алоҳида ўрганилиб, ишлаб чиқилган махсус дастур асосида ушбу кўрсаткични ойма ой, йилма йил ошириб бориш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, жорий йил якунига қадар зиёратгоҳларни қайта таъмирлаш, уй меҳмонхоналари, ҳостеллар, кемпинглар сонини кўпайтириш, уларга олиб борувчи йўл, электр энергияси, алоқа тизими билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал этиш асосий мақсад қилиб олинган.

 Саид Донишев


Авторизация