Жиззах вилоятида ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга бағишланган пресс-тур ташкил этилди. Вилоят ҳокими ўринбосари А.Савурбоев иштирок этган тадбир дастлаб “Ёшлар инновацион маркази”дан бошланди. Унда ҳудудда ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга ошириш борасида 2023 йилда қилинган ишлар ва келгусидаги вазифалар хусусида фикр борди. Жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, улар истеъдодини рўёбга чиқариш, чет давлатларга қонуний ёки ноқонуний иш излаб кетган меҳнат мигрантлари билан тизимли ишлаш, “Беш ташаббус” олимпиадаси бўйича тўлиқ ва асосли маълумотлар берилди.
Навбатдаги манзил нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг йирик ва ягона “JIZZAX CYBER ARENA”си бўлди. Мавзу - вилоятда рақамли технологияларни ривожлантириш ҳамда IT-соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва галдаги режаларга қаратилди. Чунончи, вилоятда аҳоли масканларини юқори тезликдаги интернет тармоғи қамров даражаси ўтган йили 87 фоизни ташкил этган . Бу йил мазкур кўрсаткични 99,9 фоизга етказиш мақсад қилинган. Қолаверса, ҳудудда 2023 йилда 389,6 минг АҚШ доллари миқдорига тенг IT-хизматлар экспорти йўлга қўйилган бўлса, бу йилги режа экспорт ҳажмини 50 миллион АҚШ долларига етказишдан иборат.
Матбуот ва ОАВ вакиллари умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, камида иккита хорижий тил ва битта касбга ўргатиш борасидаги ишлар билан Жиззах шаҳрида ўтган йили қурилиб фойдаланишга топширилган 30-умумтаълим мактабида танишишди. Дарҳақиқат, мазкур мактабда инглиз, француз, немис тиллари ёш авлодга қунт билан ўргатилмоқда. Шунингдек, хусусий тадбиркорлар жалб қилинган ҳолда тикувчилик, қандолатпазлик, чилангарлик каби ҳунарлар ўргатиш йўлга қўйилганлиги барчада илиқ таассурот қолдирди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи С.Суярованинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўзида вилоятда 4 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилса, 22 та мактаб ва 2 та мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари олиб бори лади. Демак, ўз-ўзидан ушбу соҳалардаги қамров ҳажми ҳам ошади.
Ва ниҳоят пресс-тур иштирокчилари Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Шу ернинг ўзида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ж.Ўктамовнинг спорт соҳасини ривожлантириш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Аҳамиятлиси, вилоят спортчиларининг халқаро ареналарда қўлга киритаётган ютуқлари йил сайин салмоқли кўриниш касб этиб бораяпти. Жумладан, ўтган йили Хитойда ўтказилган Осиё ва Параосиё ўйинларида битта олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медалларининг қўлга киритилиши ҳам фикримиз исботидир. Яна бир қувонарли жиҳати, Ёқутхон Холбекова, Озода Собиржонова, Игор Мялин ҳамда Ольга Забелинская каби маҳоратли спортчилар шу йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишди.
Ҳали олдинда яна қатор нуфузли мусобақалар бор. Мақсадимиз, навбатдаги Олимпиада ўйинлари иштирокчилари сафини янада кенгайтириш. Бунинг учун барча имкониятларимиз бор, - дейди Жиззах олимпия ва паралимпия заҳираларига тайёрлаш маркази директори Х.Атакулов.
Хуллас, бир кунлик пресс-тур мобайнида журналистлар ва блогерлар ўзлари учун зарур бўлган кўплаб маълумотларга эга бўлишди. Албатта ушбу маълумотлар уларнинг келгусида соҳалар юзасидан таҳлилий мақола ва кўрсатувлар тайёрлаш жараёнларида асқотади.
Саид Донишев