ЖИЗЗАХ ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРГА ТЎЛА ДИЁР

Муҳтарам Президентимиз 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятида бўлди. Ташриф давомида саноатнинг юқори технологик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги  ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган янги ишлар билан танишди. Янги корхоналар қурилишига старт бериш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилди. Бугун бутун жиззахликлар шу ҳақида фахр билан гапиряпти, бу галги ташриф сермаҳсуллиги билан вилоят аҳлини қувонтирди. 

Ташриф давомида рўй берган воқеалар, билдирилган фикрлар вилоят аҳлининг кайфиятини янада кўтариб, катта мақсадлар сари руҳлантиргани сир эмас. Шуни таъкидлаш керакки, ташриф давомида, учрашувларда айтилган ҳар бир фикр, берилган топшириқ ва тавсиялар замирида инсон манфаати, инсон қадри устуворлиги, турмуш шароитини яхшилаш, фаровонликни янада ошириш мақсадлари мужассам бўлди. Одамлардан истаклари, ишни ривожлантириш учун зарур масала ва таклифлар ҳақида сўралди. 

Барчамизга маълумки, ишлаб чиқаришнинг кўпайиши, мавжудлари ўз фаолиятини кенгайтириши яна минглаб иш ўринлари яратилиши учун хизмат қилади. Шундай экан олдимизда улкан ва масъулиятли вазифалар турганини ҳис қилдик, белгилланган ҳар бир лойиҳанинг халқимизга манфаатли бўлиб амалга ошиши учун бутун депутатлик корпуси фаолларимиз билан ҳамжиҳатликда ишлашимиз зарурлигига яна бир бор амин бўлдик. 

Президентимиз томонидан бу йил режалаштирилганига нисбатан қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Энг муҳими, берилган кўрсатма ва таклифлар яқин келажакда йирик корхоналар фаолияти самарадорлиги янада ошиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, ишчилар даромадлари сезиларли ўсишига хизмат қилишини англатади. Азми қатъий, шижоатли жиззахликлар тавсия ва таклифларни дастуриламал билиб, ташаббускорликни қўлга олган ҳолда улуғвор мақсадлар йўлида янада куч-қувват олишди, десак асло муболаға бўлмайди.

Жиззах вилояти кейинги йилларда анча тараққий топди, ўсди, юксалди. Муҳими вилоятимиз, йил сайин эмас, ой сайин, кун сайин, соат сайин ўзгараётганидан кўнглимдаги завқ, қувонч, ифтихор туйғуларининг чек-чегараси йўқ. Ташриф давомида, ўтказилган учрашувларда билдирилган фикрлар, Жиззахни янада ривожлантириш йўлидаги ташаббуслар, одамларимиз фаровонлиги ва даромадини  оширишга қаратилаётган улкан режалар шу эл фарзанди сифатида мени ҳам қувонтириши табиий-да.  

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Авторизация