ИНСОНЛАР РУҲИНИ КЎТАРИБ...

Президентимизнинг ташрифини ҳар сафар зўр ҳаяжон билан кутаман. Сабаби, ҳар гал юртбошимиз қайсики ҳудудга бормасинлар, албатта ўша жойда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа барча соҳаларда катта ўзгаришлар, янгиланишларни бошлаб берадилар, одамлар руҳини кўтариб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун астойдил ҳаракат қиладилар. Юртбошимизнинг 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига қилган ташрифлари ҳам бундан мустасно бўлмади.

Тўғри, Президентимиз бошқа ҳудудлар сингари Жиззах вилоятида ҳам кейинги пайтларда улкан ўзгаришлар бўлаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар. Вилоятимизга сўнгги йилларда 5 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинганлиги, икки ярим мингта янги корхоналар ишга туширилганлиги, булар натижасида доимий иш ўринларининг сезиларли даражада ошганлиги, тадбиркорлар сонининг тобора ошиб бораётганлиги, бир пайтлар фақат қишлоқ хўжалигига қарам бўлиб ўтирган ҳудуднинг эндиликда саноати ривожланган ҳудудга айлангани барчамизни бирдек қувонтириши табиий. Бироқ кечаги учрашувдан сўнг ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз қанчалик кўп эканлигини юракдан ҳис қилдим.

Менинг асосий фаолиятим қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ҳолда ўтган. Бир пайтлар муҳтарам Шавкат Миромонович Жиззах вилоятида раҳбар бўлиб ишлаган пайтлари кўп фикрлашганмиз, маслаҳат қилганмиз. У даврлар бошқача эди. Биргина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун техника, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар келтиришда қатор муаммоларга дуч келар эдик. Ҳозир эса имкониятлар катта. Лекин экспорт қилиш учун маҳсулот йўқ. Ҳосилдорлик паст. Ўзимизда маҳсулотларни қайта ишлаш ҳали талаб даражасида эмас. Томорқалардан ҳам унумли фойдаланмаяпмиз.

Юртбошимиз Шароф Рашидов туманининг Туёқли ва Зарбдор туманининг Лалмикор маҳаллаларида бўлганларида томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солиш, харидоргир маҳсулотлар турини кўпайтириш ҳам оила бюджети учун, ҳам халқ фаровонлиги йўида кони фойда эканлигини алоҳида таъкидладилар. Қолаверса, томорқа эгаларининг шу йўналиш бўйича билимларини ошириш жуда муҳим эканлиги айтилиб, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда томорқа эгалари билан банклар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш кутилган натижани бериши мумкинлиги ҳақида фикрлашдик.

Ўйлайманки, муҳтарам Президентимизнинг Жиззах вилоятига қилган навбатдаги ташрифлари ҳам тез орада юртдошларимиз ҳаётида ўзининг ижобий ифодасини кўрсатади.

 

Қувондиқ Абдураззоқов,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, 

меҳнат фахрийси


Авторизация