ЮТУҚЛАР САРҲИСОБИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон–2030” стратегияси тўғрисида”ги  ПФ-158-сон  Фармонида, барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғоялар акс эттирилган.

Жиззах шаҳрида ҳам “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилди ҳамда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсад ва вазифалари белгилаб олинди. Айтиш жоизки, бугунги кунга келиб Фармон ижроси юзасидан Жиззах шаҳрида ўтган давр давомида муайян ишлар амалга оширилди.

Маълумки, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Жиззах шаҳри вилоятнинг 35-40 фоиз улушини ташкил қилади. 2023 йилнинг 5 ойи давомида шаҳар бўйича 900 та саноат корхонаси фаолият юритган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилнинг 5 ойида 1300 тага етди. Корхоналар томонидан бу йилнинг ўтган 5 ойи давомида 1,8 трлн. сўмлик маҳсулот, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 200 млрд. сўмлик кўп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Шаҳарда аҳоли сонининг ошиши, янги турар-жой массивлари ташкил этилиши натижасида қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кескин равишда кўтарилиб бормоқда. 2023 йилда хусусий сектор томонидан 14 та кўп қаватли турар-жой бинолари қурилган эди. 2024 йилда 16 та кўп қаватли турар-жой бинолари қад ростламоқда. Рақамларни солиштирадиган бўлсак 2023 йилнинг 5 ойи давомида 616,5 млрд. сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлса, 2024 йилнинг 5 ойида 721,5 млрд. сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, бу соҳадаги ўсиш суръати 117,0 фоизни ташкил этди.

Хизмат ва савдо кўрсатиш соҳларида ҳам сезиларли даражада олдинга силжишлар кузатилмоқда. 2023 йил бошида йирик савдо ва хизмат кўрсатувчи объектлар сони 5 тани ташкил этган бўлса, 2024 йил бошида уларнинг сони 10 тадан ошиб кетди. Биргина мисол, хизмат кўрсатиш йўналишида “Қассоблик” МФЙ ҳудудида тиббиётга ихтисослашган кўп тармоқли МЧЖ ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари “Халқобод” МФЙ ҳудудида меҳмонхона, “Шодлик”, “Иттифоқ”, “Наврўз”, “Жиззахлик” МФЙ ҳудудларида йирик умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилиши натижасида жами хизматлар ҳажми 2024 йилнинг 5 ойи давомида 2,2 трлн. сўмга (ўтган йили 1,8 трлн. сўм), чакана савдо айланмаси 857,2 млрд. сўмга (ўтган йили 737,4 млрд. сўм) етди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Янги иш ўринлари яратиш орқали шаҳар ҳудудида ишсизлик камайиб, камбағал оилалар сони йилдан-йилга қисқариб бормоқда.

2023 йил 1 январь ҳолатига ишсизлар сони 9473 нафарни ташкил этган эди. Тадбиркорлик субъектлар томонидан яратилган янги иш ўринлари натижасида ишсизлар сони жорий йилнинг бошига келиб 5144 нафаргача камайди.

Бу борадаги ишлар ҳам 2024 йилда тизимли давом эттирилиб, 12353 та янги иш ўринлари яратилади. Яратилган янги иш ўринларига биринчи марта меҳнат бозорига кириб келган ёшлар, олий ва ўрта таълимни битирган талабалар, ҳарбий хизматдан ҳамда чет эл миграциясида қайтиб келган фуқаролар жойлаштирилиб, жорий йил якуни билан ишсизлар сони 200 тага туширилади.

Йил бошида 4163 та камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, шу даврга қадар амалга оширилган комплекс чора- тадбирлар натижасида уларнинг 276 тага яқини камбағаллик даражасидан чиқаришга эришилди. Қолган 3387 та эҳтиёжманд оилаларни ҳам камбағалликдан чиқариб, шаҳримизни камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида аниқ чора-тадбири ишлаб чиқилган.

Аҳоли даромадини ошириш, уларни тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш камбағалликдан чиқаришнинг асосий йўналишларидан биридир. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан жойларда “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан МФЙлар ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли хатловдан ўтказиб чиқилди. “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастур”ига асосан 2023 йилнинг 5 ойи давомида тадбиркорлик қилиш истаги бўлган 592 та юридик ва жисмоний шахсларга 11 265 млн. сўм, 2024 йилнинг 5 ойи давомида 615 та юридик ва жисмоний шахсларга 12 688 млн. сўм кредит маблағи ажратилди.

Жиззах шаҳринининг 2024 йил январ-май ойлари учун белгиланган бюджет тушумлари прогноз режаси 306,4 млрд. сўм белгиланган бўлиб, амалда 307,0 млрд. сўм қилиб, 0,7 млрд. сўм ортиғи билан бажарилди. Шунингдек, январь-май ойларида маҳаллий бюджетга  77,4 млрд. сўм пул тушумлари туширилиши белгиланган эди. Амалда эса мазкур вазифа ҳам 80,8 млрд. сўм, яъни 3,4 млрд. сўм ортиғи билан уддаланди.

 

Сирожиддин Ҳайдаров,

Жиззах шаҳар ҳокимининг 

Молия-иқтисодиёт ва камбағалликни 

қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари. 


Авторизация