Аслида ҳар биримиз шошамиз. Бу бизнинг табиатимизга хос нарса. Умуман олганда шошиб яшасак ҳам кўп нарсага улгурмаймиз. Аллоҳ ўлчаган насибадан кўпроғини даъво қилолмаймиз. Кўнглимизни англаб етмай, бошқалардан кўнгил сўраймиз.
Шошилиш керак. Ҳаёт қисқа. Аммо шошилишнинг ҳам ўзига хос ҳикмати бор. Масалан, мен деярли шошмайман. Чунки вақтнинг тизгинини ушлаб олганман. Бу қайсидир маънода эришолмаган ғалабаларимга таслим бўлишдек гап. Чунки тақдир оқими шошсанг ҳам, шошмасанг ҳам сени ўз соҳилингга элтиб қўяди.
Шундай экан кенг дунёнинг тор бурчакларида сени туртиб турган тасодифлар, воқеалар, ҳаёт лавҳаларига шундоқ ҳам етиб борасан.
Йўл. Ҳар бир инсон рўпарасида турадиган объект. У хоҳ ҳаёт йўли, хоҳ тепаликка олиб чиқадиган йўл бўлсин, умримизнинг ярмидан кўпи йўлда ўтади. Шошиш ва шошилиш ҳам шу йўллар кесишмасига ўхшайди. Бир шоир ёзганидек: “Сен шошган йўлларда аждарлар ётар, Сен босган изларда нолалар қотар...”
Барибир шошиш яхши... Тирик бўла туриб мангу ухлагандан кўра... Ўз қадр-қийматингни англаб бораверар экансан, сенга аталган бахт ҳам шошиб, ютоқиб сен томон интилади. Ва бу шошилиш сени юксалтиради, улғайтиради...
Бир кун келиб, ҳокисор қалб ҳаётнинг сўнгги лаҳзаларини ҳис этганда, шошилишни унутасан, аммо юрак зарбига қарата: “тезроқ ур, сўниб қолма, шошил”, дейсан....
Чўлпоной Аҳмедова