Шароф Рашидов туманидаги Совунгарлир маҳалласига қарашли кенг ва равон кўчада бир оила истиқомат қилади. Кўча томондан ҳашаматли уй дарвозаси томон юрилса ўнг қўлда гуллар етиштириладиган иссиқхонага кўзингиз тушади. Дарвоза олдида эса сўнги русумдаги ҳашаматли енгил машина турибди. Ҳовли ҳам унча катта эмас. Томорқа адоғи шундоққина кўриниб турибди. Аммо бўш жой йўқ. Ҳар бир қарич ер ҳисобда. Томорқада ҳам иссиқхона жойлашган. Ҳар томонда яшнаб турган турли хил, турли навдаги гуллар киши кўзини қувонтиради. “Жиззах гуллари” деган ном билан машҳур гулчи Моҳира Абдужабборова хонадони ана шундай кўринишда.
-Гулчилик фаолиятимни бошлашим ўзига хос бўлган, -дейди Моҳира опа.- Икки мингинчи йилларда оғир хасталикка учрадим. Ваҳмага тушиб қолдим. Тўғриси, хасталик мени тушкунликка тушириб қўйганди. Ўша пайтда турмуш ўртоғимнинг холаси - Бодом холамиз менга икки туп гул бериб, шу билан шуғулланинг, иш билан овора бўлсангиз дардингиз енгиллашади, деди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўша гулларни парваришлай бошлаб, ҳақиқатдан ҳам дардим эсимдан чиқа бошлади. Мана шу воқеа менга туртки бўлди. Гулларга астойдил мехр қўйдим. 2005 йилдан бошлаб фаолиятимни кенгайтирдим ва гулларни савдога чиқаришга ўтдим. Албатта, тинмасдан изландим, сўраб-суриштириб, билмаганларимни ўргандим. Шу тариқа ҳавас учун бошлаган гулчиликни тадбиркорликка айлантирдим. Энг муҳими дарддан ҳам қутилдим. Кейинчалик оиламиз аъзолари ҳам ёрдам бера бошлашди. Айниқса турмуш ўртоғим ҳамиша ёнимда бўлди.
-Иссиқхоналарни қиш фаслида иситиш борасида газ билан боғлиқ муаммолар барчани қийнайди. Сиз қандай йўл тутаяпсиз,- деган саволимга у шундай жавоб берди.
-Ҳаммаси тадбиркорнинг билими, омилкорлигига боғлиқ. Қаловини топсанг қор ёнади, деган гап бор. Куз фаслида чуқур қазиб, иссиқхона қурамиз-да, тагига гўнг соламиз. Устидан тувакдаги гулларни териб чиқамиз. Икки қават полэтилен плёнка ёпиб, қишдан чиқса бўлади. Бунинг учун аввало иштёқ ва меҳнат бўлса бас.
-Албатта, тадбиркорлигингиз ривожланиб, иш ўринлари ҳам вужудга келган бўлса керак,- дея савол бераман.
-Ҳа албатта, асосан оилавий бўлиб ишлаймиз. Турмуш ўртоғим Одил Абдужабборов, турмушга чиққан қизимиз ва яна бир ишчимиздан иборат мўъжаз жамоамиз бор.
-Асосан гулчилик билан шуғулланасиз, шундайми. Ёки бошқа ўсимлик ҳам етиштирасизми?
-Лимонларимиз бор. Лимон кўчатини ҳам етиштиришни бошлаганмиз. Кўчатларни махсус гултувакларда ўстирамиз. Чунки баъзи мижозларимиз ёз фаслида ҳам келиб, лимон кўчатини сўрашади.
-Гултувакда кўкартирилган лимон кўчатлари қанча туради?
-Ҳали ҳосилга кирмаган бир йиллик кўчатларни 20000 сўмдан сотамиз. Ҳосилга кирганлари албатта қимматроқ сотилади. Қиш пайтида лимонлар ҳам ёпиқ жойда сақланаши лозим. Аммо бунинг ҳам ўзига хос қоидалари бор. Яъни кўчатлар сақланадиган жойда газ плитаси ёнмаслиги керак. Лимонга унчалик иссиқлик ҳам шарт эмас. Биз лимонларни қиш кунлари асосан икки қават плёнка остида сақлаймиз. Боя айтганимдек, тагига маҳаллий ўғит солиниб, устидан кўчатлар териб чиқилади. Сўнг, сув сепилса, гўнг ўзидан иссиқлик чиқаради. Шу ҳароратнинг ўзи етарли бўлади.
Гулчилик орқали тахминан бир ойда қанча даромад олиш мумкин, деган саволимга, Мохира кулимсираб шундай жавоб берди:
-Тўғриси, олинадиган даромадларимизни турмуш ўртоғим ҳисоб-китоб қилади. Мен ҳеч қизиқмаганман. Биламанки, шунинг орқасидан машина олдик, уй қурдик. Қисқа қилиб айтганда, турмушимиз фаровон. Албатта қанча даромад олиш меҳнатингизга боғлиқ. Қанча кўп меҳнат қилинса топиладиган даромад ҳам шунга яраша бўлади. Баъзи одамлар, қийин бўлса керак, дейишади. Ҳеч қийин томони йўқ. Фақат меҳнат қилиш керак. Масалан биз кунлар исиб кетганда эрталаб ва кечки салқинда ишлаймиз. Бундан ташқари муомала, савдо махорати керак. Яъни етиштирган гул, лимон кўчатларини сотиш учун ҳам тадбиркорлик маҳорати керак бўлади.
-Эшитишимизга қараганда, сиз гулчиликка қизиққанлардан маслаҳатингизни аямас экансиз.
-Шундай, ким ёрдам сўраб келса вақтимни ҳам, маслаҳатимни ҳам аямайман. 2020 йилги пандемия пайтида ўғлим “Телеграмм”да канал очиб берди. Ҳозир бир ярим мингга яқин аъзоси бор. Шу канал орқали гулчиликни энди ўрганаётганларга тегишли маслаҳатлар, гулларни парваришлаш борасидаги йўл-йўриқларни бериб бораман.
Мохира Абдужабборова билан суҳбатлашиб қайтар эканман, улуғ ўзбек адиби Мусо Тшмухаммад ўғли Ойбек айтган гап эсимга тушди: “Кенгга кенг дунё, торга тор дунё”. Дарҳақиқат, ҳаётда арзимаган ташвишлардан тушкунликка тушиб, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолганлар қанча. Ҳолбуки дардини, ташвишини енгиб, олдига аниқ мақсад қўйганча олға интилганлар ҳамиша ёруғ кунларга етишадилар. Одамларга қалбини очиб, ёрдамини аямаганлар ортидан бахт ҳам, давлат ҳам эргашиб келаверади. Инсон қадри ҳам юксалаверади. Бу оддий, аммо ҳаётий ҳақиқатни ҳар нарсани баҳона қилиб, боқимандалик кайфиятида яшаётганлар англасалар яхши бўларди.
Саид Донишев.