ТОЗА ҲАВО УЧУН КИМ МАСЪУЛ?

1985 йилда дунёнинг 147 мамлакати иштирокида Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилиниши ушбу экологик муаммони ҳал этиш мақсадида босилган илк қадам бўлди. 1987 йил 16 сентябрда эса Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколи имзоланди. Олимларнинг қайд этишича, одамзотнинг озонга зарар етказувчи маҳсулотлардан фойдаланишини тўхтатиш орқали мазкур ҳимоя қатлами тикланишини 11 йилга тезлаштириш мумкин экан. 

Тадқиқотларга кўра, совитиш техникалари, ёнғин ўчириш воситалари, таркибида галогенлар (хлор, фтор ва бром) бўлган кимёвий моддаларнинг саноат ва қурилиш соҳасида кенг қўлланилиши озон қатламининг емирилишига асосий сабаб саналади. 

Маълумки, ушбу қатлам қуёшнинг ультрабинафша нурларини ушлаб қоладиган қалқон ҳисобланади. Афсуски, сайёрамизда табиий мувозанат бузилиши натижасида унинг емирилиши жадаллашиб кетди. Натижада дунё бўйича кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, яъни аномал иссиқ ва совуқнинг кузатилиши, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг кўпайишига, ўсимликлар олами ривожланишига ҳам салбицй таъсир кўрсатаётганлигига барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз. Шу туфайли республикамизда ҳам атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида талай ишлар йўлга қўйилди. “Тоза ҳаво” тадбири доирасида автотранспорт воситаларининг кўрикдан ўтказилиши натижасида  ҳавога меъёридан ошиқ СО2 ажратаётган автоуловлар аниқланиб, техник носозликлар бартараф этилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 ноябрдаги «Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солишни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳам кенг кўламдаги ишлар ривожига туртки берди.

Бироқ барча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳавога зарарли газлар, тутунлар чиқиши тўлиқ бартараф этиб бўлмаяпти. Ваҳоланки, бу борадаги лоқайдликка айнан экологик тозалик, мусаффоликка масъул ташкилотларнинг ўзи бош-қош бўлаётганини қандай тушуниш мумкин?

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига қарашли Шароф Рашидов туманидаги марказий чиқинди полигони ёнидан ўтганлар яхши билишади. Ушбу полигондан деярли ҳар куни тутун осмонга ўрлайди. Чиқинди полигонига бораверишда Шароф Рашидов туманининг Халқобод МФЙ ҳудудидаги янги ҳовлилар жойлашган. Полигондан ўтгач эса тумандаги “Ғозғонтепа” ҚФЙ ҳудуди бошланади. Ушбу икки ҳудудда истиқомат қилувчилар тутундан безор. Аҳолининг айтишича, бир-икки маротаба ваколатли ташкилотларга қилинган мурожаатлардан сўнг бироз муддат чиқиндилар ёндирилмади. Лекин бугун яна “Эски ҳаммо, эски тос”. Шундоқ ҳам сувсиз, табиий газсиз, паст кучланишли электр энергиясига ҳам шукур қилиб, ёзда чанг, қор-қировли кунларда лой ичида яшаётган аҳолига ҳар куни тутунга бўғилиб, касал орттириб олиши “дард устига чипқондек” гап. 

Бугун Юртбошимиз ислоҳотлар инсон учун, халқ фаровонлиги, турмуш осудалиги учун хизмат қилишини бот-бот таъкидлаяпти. Ваҳоланки, тумандаги Халқобод МФЙга қарашли, халқ тилида Осиё бозори ёнида жойлашган ушбу маҳалла аҳли ҳали ҳам ислоҳотлар амалда акс этишига умид билан қарашмоқда.

Маълумотларга кўра, 35 миллиондан зиёд аҳолиси бор мамлакатимизда чиқиндиларни қайта ишлаш имконияти 2021 йил якуни бўйича 31,1 фоизга етган. Демак, чиқиндиларни ажратиш имкониятининг мавжуд эмаслиги ҳам кўзга ташланиб қолаяпти.

Жаҳон тажрибасига таяниб айтадиган бўлсак, Жанубий Корея Республикасида чиқиндилардан биогаз олиш амалиётга жорий этилган. Швеция давлати эса чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқишга эришди. Бизда эса ҳалигача чиқинди турига қараб (қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган ва органик чиқиндилар) чиқинди идишларнинг қўйилмаганлиги, чиқинди полигонларидан чиқаётган заҳарли газнинг атмосферага кўтарилиши ачинарли ҳолдир.

Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан уюштирилган бир матбуот анжуманида айнан мамлакатимизда чиқинди соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилган эди. Айтилдики, Жанубий Кореянинг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти (KEITI) билан 2021 йил 2 декабрда вилоятда 2022-2026 йилларда чиқинди соҳасини ривожланган мамлакатлардагидек ташкил этиш ва такомиллаштириш бўйича қўшма меморандум имзоланган. Унга асосан, 2022-2023 йилларда “Тоза ҳудуд” (ДУК) Шароф Рашидов тумани филиали тасарруфида бўлган марказий чиқинди полигонида чиқиндидан биогаз олиш ва тиббиёт чиқиндисини ёқиш ускуналарини ўрнатиш ва 2022 йилда лойиҳа ишлари учун 8 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиши белгиланди. 

2022 йилнинг учинчи чорагидамиз. Юқоридаги маълумотларга асосланадиган бўлсак, “Тоза ҳудуд” (ДУК) Шароф Рашидов тумани филиали ихтиёрида бўлган марказий чиқинди полигонида чиқиндидан биогаз олиш ва тиббиёт чиқиндисини ёқиш ускуналарини ўрнатиш ишлари бошланган бўлиши лозим. Шундай бўлган тақдирда полигондан атмосферага чиқаётган заҳарли тутун осмонга ўрламаслиги керак. Ваҳоланки, бу ишларнинг кечиктирилаётганлигига мутасаддилар қандай изоҳ беришар экан? 

Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги ушбу ҳудуднинг аҳволи ҳақида қанчалик хабардор, буниси, бизга қоронғу. Бироқ, хабардор бўла туриб, ҳолатга кўз юмишаётган бўлса, маҳалла ҳали-бери обод бўлмаслиги аниқ. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар тез орада ушбу масалага жиддий ёндашиб, муаммони бартараф этишига умид билдирамиз. Хулоса сиздан.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА


Авторизация