НОРДОН МОМОНИНГ ТУШИ (ҳикоя)

Исҳоқ Исмоилов  Ғаллаорол туманининг Ўгат қишлоғида туғилган. Тошкент Гидрометеорология техникумида ўқиган. 1998-1999 йилларда Жиззах педагогика институти қошидаги чуқурлаштирилган инглиз тили курсида ўқиган. Ўзи яшаган қишлоқдаги умумтаълим мактабида инглиз тили ҳамда она тили ва адабиёт фанларидан ўқувчиларга сабоқ берган. Ҳозирда пенсияда.

Қатор ҳикоя ва қиссалари “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Муштум”, “Гулхан”,  “Тамаддун нури” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган. 

 

 

Қишлоқ ўртасидан оқиб ўтадиган каттасой тўсиларкан, сув омбори қуриларкан, деган гап тарқалди. Ўтган куни катталар келиб одамларнинг уйлари, томорқаларини хатлаб кетишди. Томорқаларни пулга чаққунча бошлари ачиб, роса овора бўлишди. Бировнинг томорқаси катта-ю, ичида шумғия ҳам йўқ, бошқаники кичкина бўлса-да, боғ-роғ, ярмидан кўпи жийда денг. Жийда дегани қиммат тураркан-да. Бировнинг иморати янги, бировники эски. Ҳаммасиники бир тараф-у, бобойларники бир тараф бўлди: “Қўйинглар бизни, ниҳолни кўчириб ўтқазиш мумкин, аммо-лекин дарахтни жойидан суғуролмайсан”, дейишди улар. Кейин қабристон ҳимоясига ўтишди.

Ҳарҳолда, барча муаммолар ҳал этилди. Қишлоқ аҳли бирин-кетин қирнинг ортидаги янги қурилган қўрғонга кўчиб кета бошлади.

Ер юзида қанча аҳил оила яшашини билмаймиз, бироқ шунисини биламизки, улардан биттаси шу қишлоқлик марҳум Келди бобонинг оиласи. Гарчи Келди бобо ҳаётлигида ўзи бош бўлиб тўрт ўғилнинг ҳар қайсисига биттадан ҳовли қурдирган бўлса-да, кейинчалик ҳам томорқа, қўра ва қозон битталигича қолди. Албатта, бундай оиланинг ҳам бошида янги жойга кўчиб ўтишдан бўлак яна бир ташвиш – қўра билан қозонни тенг тўртга бўлиш масаласи кўндаланг тургани учун ҳеч бўлмаганда кичкинагина “оилавий кенгаш” ўтказилиши лозим эди.

Кенгаш шанбага белгиланди. Таомилга кўра, маслаҳатга Қулмат бобо билан Комил бобо таклиф этилди. Комил бобо бели оғриб тургани учун келолмади. Қулмат бобонинг ўзи чиқди. Чиққани яхши бўлди. Ахир, жон қўшни, бунинг устига Келди бобонинг ҳовлисидаги терак қачон экилганидан тортиб, кўҳна оғилхона тупроғи қаердан олинганигача биладиган у киши.

Улар Келди бобо чиқарилган уй, ҳозирда Нордон момонинг ҳужрасида чордона қуриб ўтирдилар. Ош ейилиб, дастурхонга фотиҳа ўқилгач, Қулмат бобо кампирга имо қилди. Нордон момо келинларини чақириб келди-да, одати бўйича бурчакда мунғайиб ўтирди.

Ниҳоят, жамоат жам бўлгандан сўнг Қулмат бобо тили тагига бир отим нос ташлаб, гап бошлади:

- Энди бу ерда ортиқча сўзнинг кераги йўқ. Нимани гаплашиб олишимиз аниқ. Ўзларингиз биласизлар, у ерда ҳозиргидай бирга яшаб бўлмайди. Иложи топилса, ўша ёқда яна келишаверасизлар. Хў-ўш, бўлишишларинг лозим. Ҳар бирингиз албатта, алоҳида рўзғорли бўласизлар, шунинг учун ўртадаги мол-ҳол, товоқ-қошиқ, сабзи-пиёзлар ҳам... Энди янги жойда ўрганишиб олгунча... Тенг ажрим қилинмаса бўлмас. Биласизлар, Келди аканиям қазо қилганига беш-олти йил бўлди, сандали, пойтешасидан бошқа сизлар бўлишадиган мол-дунёси йўқ ҳисоб – бариси ўзингизники. Шу уйдаги бор нарса ўзингизнинг пешона терингиз...

Нордон момо ҳам кўп қатори жимгина ўтирарди. Кўнгли тўқ эди. Ўғиллари мўмин-қобил болалар. Келинлари ҳам эрларининг чизган чизиғидан чиқишмайди. Жанжалсиз турмуш кечиришади.

- Тўғри айтасиз,- деди катта ўғил,- бизга қолса, ҳалиги, ўзбекчилик дегандай... ўша ёқдаям уйларимизнинг ёнбошидан ўзимиз бир-икки иморат солиб, қўра қуриб, яна бирга яшайверардик, лекин қўрғоннинг ҳусни бузилармиш. Мумкин эмасмиш. Энамгаям айтдим...

Нордон момо катта ўғлига фахр билан боқди. Тўнғичи – шафтолихўри. Биринчи бўлиб отасининг қанотига кирган, кейин укаларига бош бўлиб қолган ҳам шу. Ҳар уч гапнинг бирида “энам” деб гапиради.

Тақсимот қорамолдан бошланди.

- Сигир еттита экан,- деди Қулмат бобо.- Ҳамманга иккитадан тегмайди. Бу ёқда ҳўкиз, ғунажин, бузоқлар бор. Ҳар ким рўзғорига яраша, ҳолига қараб бўлиб олса ёмон бўлмас.

Ўғиллар, келинлар бирваракайига маъқуллашди. Учинчи ўғил таклиф киритди:

- Молларимиз касал бўлсаям, бола туғсаям, бошқа бўлсаям сизга чопамиз. Барисини беш қўлдай танийсиз. Каттасиз, биласиз. Раз-раз ўзингиз биздан сўрамай бўлиб-бўлиб ташлайверинг.

Ўтирганлар (унча хушламай, албатта) бош ирғаб тасдиқлашди. Нордон момо ўртанча ўғлига жилмайиб қаради. Чўрткесари, суянчиғи. Ичидагини дангал айтади-қўяди. Ҳарбийга кетганида уч ой хат ёзмай ҳамманинг ўтакасини ёрай деган.

Қулмат бобо таклифни қабул қилиб сигирларни ҳар бир оилага қараб, бола-чақага қараб учтасига иккитадан, кенжага битта қилиб бўлди. Шу пайт индамай ўтирган кенжа келин кулиб-кулиб гапириб қолди:

- Анов бизга берилаётган қора сигир бор-ку, шунинг сути нимкалароқ-да. Дадасиям, болалариям оқ ошни яхши кўради...

Нордон момо бу келиннинг гапларини ўзича маъқуллаб ўтирарди. Ҳақини айириб олишни билади. Балодай, тетик. Ўзининг эркатойининг, супрақоқтисининг хотини.

- Келин тўғри айтади,- деди Қулмат бобо,- ана шундай очиқ-ойдин гапираверинглар яширмай. Кейин домонгир бўлиб юрмайсизлар.... Тўғри   айтасан, келин. Хў-ўш, нима қилдик бўлмаса?

Иккинчи ўғилнинг битта ола сигири бояги қора сигир билан алмаштирилди. Нордон момо ўғлининг афт-ангорига қараб туриб, унинг бундан норози бўлаётганини сезди. Ўзи азалдан оз-моз қитмирроқ-да. Лекин барибир энасига меҳрибон.

“Кенгаш” оғир қозондек аста-секин қизий борди. Айниқса, “кейин домонгир бўлиб юрмаслик” учун “яширмай” гапиришлар авж олди. Шунгами ёки бошқа нарсагами, Нордон момомизнинг камгапгина, юмшоққина чеҳраси тундлаша бошлади.

Алламаҳалгача ўтирдилар. Қорамол, майдамол, сабзавот-мевалар, товоқ-қошиқлар тенг тўртга бўлинди.

Уйдан чиққач, Қулмат бобо ишнинг ҳеч хафагарчиликсиз ҳал бўлганидан хурсанд эди: “Аҳил оиланинг садағаси кетсанг арзийди. Раҳматли Келди аканинг хизматдари зое кетмабди. Ўзиям чўрткесар, билағон одам эди. Фақат болалари тушмагурлар бир нарсадан оғиз очишмади-да. Э, бу масалани аллақачон ҳал қилишган, эсдан чиқадиган нарсамидики... Шундай бўлса ҳам, айниқса, шу бугун бир тилга олишганида ёмон бўлмасди чоғи...”

Бошқалар ҳам дам олиш учун уй-уйларига тарқалишди.

Нордон момо алламаҳалгача мижжа қоқмади. Унсиз йиғлаб ётиб, умрида биринчи марта марҳум чолини қарғади, негадир қарғади, фақат тонга яқин бир оз кўзи илинибдию, туш кўрибди.Аммо-лекин унинг болалари кечаси билан жойида ухлолмай тўлғаниб чиқдими-йўқми – бизга қоронғи, ҳар қалай, тонг отди.

Янги кун бошланиб, аҳил оила аъзолари яна юзма-юз учрашган, кечқурун фарзандлар яна йиғилиб, кечаги ҳал қилинмай қолган масалани ечган бўлсалар-да,   Нордон момонинг тушидан ҳеч ким огоҳ бўлмади.

... Сойнинг олди тўсилган, сув омборининг сатҳи анча кўтарилиб қолганмиш. Қоқ ўртада чўкиб бораётган Нордон момо афтодаҳол ва ҳайрон эмиш. Тўрт ўғил эса тўрт томонга қўй-сигирларининг ипидан тутганча қийналиб сузиб кетишар, қирғоққа етай деб қолишганмиш. Улар орқасига, Нордон момо томонга ачиниб қараб-қараб қўйсалар-да, иложлари йўқ эмиш. Қўллари банд эмиш.

 

 Исҳоқ  Исмоилов


Авторизация