ЭРНЕСТ ХЕМИНГУЭЙНИНГ ДУНЁНИНГ ЭНГ МАШҲУР БАЛИҚЧИСИГА ҚАНДАЙ АЛОҚАСИ БОР?..

Ҳар доим биз бирор бир касб эгасига юксак баҳо берар эканмиз, уларга энг машҳур сўзи билан баҳо берамиз. Масалан Ер юзидаги энг машҳур балиқчиларга таъриф берар эканмиз, бу машҳурлар балиқчилик касбини моҳири (профессиональ), оддий ўқитувчи, врач (жаҳондаги машҳур 7 балиқчилар ичида врач, ўқитувчи бор) ёки яна бирор бир касб эгаси бўлиши мумкин. Бу ҳар хил касб эгаси бўлган балиқчилар нима қилиб баъзан машҳур балиқчига ҳам айланиб қолади?.. 

Жаҳонда профессиональ балиқчилар балиқ овлаш турнирларида қўлга киритган ютуқлари орқали баҳоланади. Лекин балиқ ови мухлисларини бу балиқ овлаш турнирларидаги ютуқлар қизиқтирмайди. Одамларни балиқчиларга баҳо беришда балиқчини кўп йиллик балиқ овлаш тажрибаси ва стажи, энг катта балиқ ушлагани, энг кўп балиқ ушлагани, балиқ овлашда энг кўп рекорд ўрнатгани қизиқтиради. Лекин бу балиқчиларни кўплар танишмайди. Албатта ҳақиқий балиқ овчилари буларни билиши мумкин. Лекин балиқ овига қизиқмаган, бетараф инсонлар учун бу балиқчилар кўрсаткичлари умуман қизиқи йўқ бўлиши мумкин. Улар учун балиқчининг бирор бир «хусусияти» уни машҳур балиқчи қила олади. Масалан кўплар ҳаммага танилиб, тарихда қолган балиқчини энг машҳур балиқчи, деб ҳисоблайди. Хуш, кўплар фикрича, энг машҳур балиқчи ким?..

Машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири ҳисобланган «Чол ва денгиз» асари учун 1953 йил Пулитцер, 1954 йил адабиёт соҳасида энг юксак бўлган Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу асар жаҳон адабиёти дурдоналари йигирматалигига киради.

Хемингуэйнинг мазкур асарида инсоннинг улуғлиги, ундаги ирода, матонат, оқиллик ва азму қароридан оғишмаслик ўзгача талқинда акс этган. Асар кубалик кекса балиқчи Сантьягонинг ҳаётидаги энг катта ўлжага айланган улкан марлин балиғи билан очиқ денгиздаги жанги ҳақида ҳикоя қилинади. Балиқчи Сантьягонинг қатъиятли эканлигини 84 кун мобайнида балиқ ушлай олмай, 85-кун балиқ ушлаш учун яна денгизга чиқишидан билиш мумкин. Денгизда балиқ бор жойни топиб, беш метрлик марлин балиғи билан 3 кун мобайнида тинмай кураш олиб боради. Охири балиқни тутади. Сантьяго балиғини қутқариш учун олти акулани ўлдиради. Афсуски беш метрли балиққа акулалар хужум қилиб, ейишиб, скелетини қолдиришади. Сантьяго балиқ скелети қирғоққа олиб чиқади... 

Асар воқеалари Гольфстримда, Кубанинг шимолида Флорида бўғозида содир бўлади. Асар бўйича бир неча фильм суратга ҳам олинган.

«Чол ва денгиз» асаридаги бош қаҳрамон - балиқчи Сантьяго асарда шундай «битилганки», гуёки бу воқеаликда Сантьяго ҳаётда бўлгандай... Ҳа, Сантьяго ҳаётда бўлган...

«Чол ва денгиз» асарининг бош қаҳрамони Сантьяго балиқчининг ҳаётдаги прототипи (прототип—бадиий образга асос бўлган реал шахс) машҳур балиқчи Грегорио Фуэнтес эди (1897-2002)... 

Грегорио Фуэнтес Испаниянинг Канар оролларида туғилган. Айни болалик даври - олти ёшлигида унинг оиласи яхши яшаш илинжида Кубага кўчиб ўтганди. Болалик чоғидаёқ унинг ҳаёти денгиз билан боғлиқ бўлиб қолди. Чунки у умри охиригача денгиз соҳилида умр кечирди, балиқ ови билан шуғулланди. Тақдир тақозосини қарангки, Грегорио Фуэнтес 1920-йилларнинг охирида, денгизда жаҳоннинг бўлажак машҳур ёзувчиси, АҚШлик ёш Эрнест Хемингуэй билан учрашди.

Эрнест Хемингуэй ўша даврда Куба оролига яхши жойлашиб олганди. Ёзувчи ўзининг «Алвидо қурол» романи гонораридан Гавана шаҳри ёнидаги Сан-Франсиско-де-Паула шаҳарчасидан уй, яхта сотиб олганди. Яхтасига «Пилар» (Пилар унинг «Қўнғироқчалар кимга чалинди» номли асаридаги бош қаҳрамон аёл) деб ном берганди.

1929 йилда Эрнест Хемингуэй ўзининг кичик моторли қайиғида Кубанинг Драй-Тортугас ороллари Ки-Уэст районида кучли бўронга учрайди. Қайиғи ҳалокатга учраган Эрнест Хемингуэйни Грегорио Фуэнтес ўз катерида қирғоққа олиб чиқади. Улар шундай қилиб дўстлашишган. 1933 йилдан Грегорио Фуэнтесни Эрнест Хемингуэй ўзининг «Пилар» катери капитани (маоши жуда катта 250$) қилиб тайинлайди.

-Грегорио Фуэнтес билан танишиш менга «мўъжиза» олиб келди. Тақдир совғаси экан-ми, денгизчининг маҳорати кейинчалик «Пилар»ни уч марта бўронда қутқарди,-деб ёзганди «Катта мовий денгиз» очеркида ёзувчи.

«Пилар» катери капитани Грегорио Фуэнтес балиқ овлаш учун Кубанинг ҳамма соҳилларини кезиб чиқди. Грегорио Фуэнтес оғирлиги 300 фунтли марлин балиғини ушлашга ҳам мувофиқ бўлган. У ҳатто Эрнест Хемингуэй билан бирга иккинчи жаҳон уруши даврида Куба қирғоқларида нацистлар Германияси сув ости кемасини яширин равишда излаган. 

Эрнест Хемингуэй 1949 йилда «Холидей» журналида босилиб чиққан «Катта мовий денгиз» очеркида биринчи бор дўсти Грегорио Фуэнтес тўғрисида ёзганди...

Грегорио Фуэнтес яхши биладиганлар унинг характерини Эрнест Хемингуэй «Чол ва денгиз» повестида жуда яхши мужассамлантирган дейишади.

Балиқчи Грегорио Фуэнтесни «Ота» (Хемингуэйни дўстлари шундай аташарди) билан кўп йиллик дўстлиги ҳақида ўртоқларига гапириб берган гапларидан кўп қизиқ нарсаларни билиб олиш мумкин.

 -Мен Эрнест Хемингуэй учун ошпаз, денгизчи, унинг яхтаси капитани, энг асосийси унинг энг яқин дўсти эдим, -деб эслайди Грегорио Фуэнтес.

Грегорио Фуэнтес таъкидлашича асарга «Чол ва денгиз» номини беришни у тавсия қилган экан.

Эрнест Хемингуэй ўлими олдидан қадрдон дўсти Грегорио Фуэнтесга «Пилар» катерини ўлимидан кейин топширишни васият қилиб кетади. Грегорио Фуэнтес эса «Пилар»ни Эрнест Хемингуэй уй-музейига умрбод қолдиради. 

Ўттиз йил давомида Эрнест Хемингуэйнинг «Пилар» номли яхтасини капитани бўлган Грегорио Фуэнтес 2002 йилда Халқаро спорт балиқ ови ассоциацияси фахрий капитани унвони билан тақдирланди. Унвон Гавана ғарбида жойлашган «Марина Хемингуэй» яхт-клубида ўтказилган тақдимотда Эрнест Хемингуэйнинг жияни Хиллари Хемингуэй томонидан топширилди.

-Бу мукофотни олиш мен учун жуда ёқимли. Мукофот мен ва халқим учун кўп нарсани англатади,- деганди ўшанда 104 ёшли балиқчи. 

Узоқ умр кечирган Грегорио Фуэнтес ҳаётининг деярли кўп қисмини Гаванадан 8 километр узоқликдаги Кохимар номли балиқчилар қишлоғида ўтказди. Бугунги кунда ҳар йили Кохимарда катта ҳаворанг марлин балиқларини овлаш бўйича Халқаро Хемингуэй турнири ўтказилиб келинмоқда.

Грегорио Фуэнтес - афсонавий, энг кучли харизмага эга бўлган шахс ҳисобланарди. У«оҳанграбо» сингари одамларни ўзига тортарди. 100 ёшдан ошса ҳам қария ҳеч тиниб-тинчимасди. Кўп пиёда юрарди. Унинг Кохимардаги уйига интервью олиш учун келган кубалик ва чет эллик журналистларга қадрдон дўсти Эрнест Хемингуэй билан бўлиб ўтган ажойиб кечинмаларини сўзлаб берарди. 

Яна кўп одамлар уни табриклаш, бирга расмга тушиш учун келишарди. 100 ёшдан ошган бу нуроний балиқчи билан гаплашиш, унинг сўзлаганларини эшитиш бир тарих эди. Бу суҳбатлардан кўп нарсаларни билиб олиш мумкин эди. 

Испания ҳукумати 2001 йилда, у анча йиллар Испанияда яшамаса ҳам, унга ҳаётининг охирги йилларида расмий равишда Испаниянинг фахрий фуқароси номини берди. 

Энг қизиқарлиси, у маҳаллий аҳоли томонидан Эрнест Хемингуэйни дўсти эмас, балки ўзига хос омадли денгизчи сифатида машҳур эди. Чунки у бир неча денгиз бўронларини бошидан кечирган эди. Грегорио Фуэнтес афсонавий инсон эди: у уч асрда - ХlX, XX, XXI асрларда яшаб ўтди. Грегорио Фуэнтес 2002 йили январь ойида 105 ёшида оламдан ўтди. 

Грегорио Фуэнтес машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз» асарининг бош қаҳрамони Сантьяго балиқчининг ҳаётдаги прототипи эди. Шунинг учун ҳам Грегорио Фуэнтес тарихдаги энг машҳур балиқчилардан бири бўлиб қолди.


Авторизация