ҚИЗИМНИНГ ҚУВОНЧИ – МЕНИНГ ҲАМ БАХТИМ

Мен оддий ўқитувчиман. 3 нафар фарзандим бор. Бош фарзандим Нигора Руҳиллаева туғма ногирон бўлиб дунёга келган. Икки, уч ёшгача юролмаган. У ҳозир 34 ёшни қаршилаяпти. 

Қизим ҳаётда ўз тенгқурларига қўшилолмай кўп сиқиларди. Уни кўриб мен икки ҳисса қийналар эдим. У уйда ўтирар, нима иш қилишни билмай эзилар эди. Унга йўл-йўриқ кўрсатадиган устоз йўқ эди. Нигора катта бўлгач тобора тикувчилик ва тўқувчиликка қизиқа бошлади. У билан ҳунар ўрганишга ўзим ҳам бирга бордим. Кейинчалик, Жиззах шаҳридаги 22-умумтаълим мактаби қошида ҳам шундай ҳунармандчилик сирлари ўргатилаётганлигини эшитиб, ўша ерга қатнай бошлади. У ерда устозт Шоира Қодировадан қоғозлардан, мато парчаларидан ҳар хил гуллар, қўғирчоқлар, саватчалар ясашни ўрганишга киришди. Бу борада Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон номли маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизалар фаоли Дилноза Асқарованинг кўмаги катта бўлганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Дилноза қизимга керакли йўл-йўриқларни, кўрсатмаларни берди...

“Халқ сўзи” газетасининг шу йил 21 февраль кунги сонида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилганлиги ва унда менинг фарзандим каби ногиронлиги бўлган юртдошларимиз учун катта имкониятлар яратилаётганлиги тўғрисида ўқиб қолдим. Менинг диққатимни тортгани, ногиронлиги  бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим жорий этилаётганлиги, ногиронлиги бўлган шахсларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилаётганлиги ҳақида айтилган эди. Энг асосийси, энди ногиронлик касалликка эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланади, дейилган. 

Президентимизнинг йиғилишда билдирган фикрлари қизимда ҳам, менда ҳам бирдек умид уйғотди. Демак, эндиликда Нигора каби кўплаб фарзандларимиз, юртдошларимиз ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топадилар. Чунки, мен қизимни ногирон демайман. Унинг ақли-ҳушу жойида, рўзғор тутишни билади. Фақат унинг нутқида ва оёқ қисмида озроқ муаммо бор, холос. Қўлидан эса кўп нарса келади.

Энди у интернетлардан кўриб,  ҳунармандчилик маҳсулотларининг турини янада кўпайтириб, уларни кимларгадир кўрсатишга қизиқа бошлади. Қўшилар, қариндошларнинг фарзандларига совғалар қилиб беряпти. 

Ҳозир ўзимиз истиқомат қилаётган “Халқобод” маҳалла хотин-қизлари билан биргаликда боғча ва бошқа муассасаларга ҳунармандчилик маҳсулотларини кўрсата бошлади. Аввал ясаган маҳсулотларини  ҳадя қилиб бошлаган бўлса, эндиликда харидорлар чиқиб, буюртмалар ҳам ола бошлади. Муҳими у бошқалардан кам эмаслигини ҳис қила бошлади. Унинг ҳаётга бўлган қизиқиши ортди. Менинг ҳам кўнглим таскин топди. Боиси, қизимнинг қувончи – менинг ҳам бахтим!

 

 Нодира Юсупова,

ўқитувчи (Жиззах)


Авторизация