ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, “ЙЎЛ – КЎЛ”

Ўрни келганда айтиш лозимки, ички йўлларни таъмирлаш бўйича сўнгги йилларда сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари доирасидаги ишлар бунинг ёрқин исботидир. Шаҳримиздаги “Қалия”, “Заргарлик”, “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида асфальтлаш ишлари амалга оширилди. Вилоят кўз касалликлари шифохонаси, шаҳардаги 4-умумий ўрта таълим мактаби олдидан “Кимёгар” автоэҳтиёт қисмлари бозорини боғловчи янги йўл қурилди. Бу эса ҳайдовчиларнинг ҳам, йўловчиларнинг ҳам узоғини енгил қилди десак янглишмаймиз. 

Бироқ бу камчиликлар йўқ дегани эмас. Ачинарлиси, охирги вақтларда йўллар асфальтлангач, сув ва канализация қувурларининг ёрилиши каби ҳолатлар кўпайиб кетди. Бу ҳолат эса нафақат асфальтланган йўлнинг қайтадан бузилишига, балки аҳволнинг “Эски ҳаммом, эски тос”лигича қолишига сабаб бўлади. Ваҳоланки, тешилган қувурни таъмирлаб, йўлни қайтадан асфальтланганига ҳали гувоҳ бўлганимиз йўқ. 

Шаҳримиздаги Ҳамид Олимжон маҳалла фуқаролар йиғини... кўчасида ҳам юқоридаги каби ҳолат рўй берган. Ачинарлиси, мазкур кўча тадбиркор томонидан асфальтланган, афсуски аҳолининг қувончи узоққа чўзилмай, сув қувурини таъмирлаш баҳонасида бузилган ва бугунга келиб қуйидаги кўринишда қолган. Боз устига огоҳлантириш белгисининг ҳам антиқалигини кўриб на йиғлашни, на кулишни билади киши.

Бу каби ҳолатлар республикамизнинг барча ҳудудларида учрайди. Жумладан, Шароф Рашидов тумани Халқобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги (Осиё бозори ёнидаги кўча) яна бир кўчада истиқомат қиладиган оилалар фарзандлари ёзда тупроққа, қишда лойга қоришиб мактабга боришади. Қисқача айтганда, ёмғирли кунларда балиқ боқса бўладиган “ямалар”нинг дастидан автомашинада ўтсангиз, ғалвирга солиб эланаётгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Ачинарлиси, мазкур ҳудудга бир нечта ички кўчалар шағаллаштирилди. Бироқ, савол туғилади: энг аввало, ишни асосий кўчадан бошлаш керак эмасми? Жавобни ҳам ўзимиз бериб қўя қолайлик: бизда шунақаси бўлиб туради, бу одатий ҳол. 

Келинг, яхшиси бу ҳақда кўп гапирмасдан, сўзимизнинг исботи сифатида фотосуратларни келтирайлик. Ўйлаймизки, мутасадди ташкилотлар ҳам тез орада мазкур муаммога тез кунда ечим топишади.   

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

 


Авторизация