ПАХТА ҲОСИЛИНИНГ 80 ФОИЗИ МАШИНАЛАРДА ТЕРИБ ОЛИНАДИ

Жиззах вилояти пахта далаларида барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказган бобо деҳқонлар мўл пахта ҳосили етиштирди. Ана шу қимматбаҳо хомашёни қисқа фурсатларда йиғиб-териб олиш мақсадида Жиззах вилоятининг пахта ишлаб чиқарувчи 7 та туманида ёппасига машина теримига киришилди.

Бу йил об-ҳавонинг пахтачилик учун қулай келганлиги, пахта ҳосили етиштириш ўз вақтида молиялаштирилиши, асосий майдонга чигит плёнка остига экилиши, сув тақчиллиги ҳисобга олиниб, ғўза томчилатиб суғориш усулида амалга оширилганлиги, минерал ва маҳаллий ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий ресурсларнинг кафолатли таъминланиши натижасида далаларда кутилганидан-да мўл ҳосил етиштирилди.

Жиззах вилояти пахта далаларида пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда 18 ёшга тўлмаган фуқаролар, олий, ўрта ва ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчи, талаба ва ўқитувчилари, шунингдек, тиббиёт ва бошқа ташкилотлар ходимлари ҳамда ҳарбийларни терим ишларига, шунингдек, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатга жалб қилиш қатъиян ман этилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Вилоятда пахта йиғим-теримига жалб қилинган техникаларнинг тайёргарлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу йил етиштирилган ҳосилнинг 80 фоиздан ортиғини ёки 240 минг тоннасини  “MX-1.8”, “Kеys”, “Katton”, “Jondееrе”  ҳамда “Tzstsе-220” русумидаги пахта териш машиналарида териб олиш мўлжалланган ва бугунги кунда мавжуд 446 та “зангори кема” 112 отрядга бириктирилган ҳолда 7 та пахта экилган туманда ёппасига теримга туширилди. 

Жиззахлик пахтакорлар жорий йиғим-терим мавсумида етиштирилган ҳосилнинг 20 фоизини ёки 58 минг тоннасини қўлда териб олишни режалаштирган. Шу мақсадда ҳудудлардаги меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар билан ихтиёрий равишда меҳнат шартномалари расмийлаштирилмоқда.

Шу кунгача пахта териш мавсумида қатнашиш истагини билдирган жами 45 мингдан ортиқ фуқаро 452 та терим отрядига бириктирилди.

Вилоятдаги мавжуд 300 дан ортиқ маҳаллада меҳнатга лаёқатли ишсиз аҳолини пахта теримига меҳнат шартномаси асосида ихтиёрий равишда жалб қилиш орқали уларнинг бандлиги ва даромади ошишини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи гуруҳлар астойдил иш олиб борганларини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур.

Теримчи ва пахта териш машиналари механизаторларига терилган пахта учун иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб бориш, илғор отряд раҳбарлари, теримчи ва механизаторларни рағбатлантириш тизими ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, мавсум давомида бу бўйича ташкилий чора-тадбирлар кўриб борилади.

Биз пахта далаларида машина терими қандай бораётганини кўриш мақсадида Мирзачўл туманида бўлдик. 

Жорий йилда туман миришкорлари жами 12 минг 500 гектар пахта майдонига чигит экиб, ғўза парваришига алоҳида эътибор берганлари натижасида мўл ҳосил етиштирилди. Мирзачўлликлар бу йил ҳар гектар майдондан 37,9 центнердан ҳосил кўтариб, 47 минг 730 тонна қимматбаҳо пахта хомашёси етиштиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. 

Ана шу ҳосилнинг 42 минг 630 тоннасини ёки 89,3 фоизини машиналар ёрдамида териб олиш мақсадида 50 та  пахта териш машинаси йиғим-теримни бошлади, 2 – 3  кун оралиғида Хитойда ишлаб чиқарилган яна 10 дан ортиқ энг унумдор пахта териш комбайни теримга қўшилиши кўзда тутилган. 

– Йил бўйи қилинган меҳнатимиз ўз самарасини кўрсатаётганидан барча фермер, механизатор, ишчи-хизматчиларимиз бениҳоя хурсанд, – дейди Мирзачўл туман фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  кенгаши раиси Аброр Ўтаганов. – Туманимиз ҳудудидаги 310 та пахтачилик фермер хўжаликларининг далалари машина теримига 90 – 95 фоиз, кластерлар 100 фоиз тайёр ҳолга келтирилган. Етиштирган ҳосилимизни қисқа фурсатларда йиғиб териб олиш мақсадида машина теримини 2 сменада ташкил этганмиз. Уларнинг унумли меҳнат қилиши, ўз вақтида овқатланиши, смена алмашган пайтида ҳордиқ чиқариши учун барча зарур шароитлар яратилган. Илк машина теримида ҳар гектар майдондан 40 – 45 центнердан ҳосилни териб, пешма-пеш пахта қабул қилиш пунктларига етказиш мақсадида ажратилган жами 187 та пахта ташиш транспорт воситалари тиним билмай меҳнат қилаяпти. Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта хомашёси етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори – биз пахтакорларни янада қувонтирганини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Ушбу қарорга асосан, фермернинг ҳар 1 тонна терилган пахтаси учун 1 миллион сўмдан субсидия, ҳар тонна машина терими учун 200 минг сўмдан субсидия ажратилиши белгилаб қўйилганлиги ҳар бир фермерни, ҳар бир механизатор ва теримчини янада руҳлантириб юборди. 

А.Қаюмов

 


Авторизация