СУВ ИСРОФИ КАМАЯДИ

Сув тақчиллиги кузатилаётган бугунги шароитда оби ҳаётни исроф қилмай, тежаб ишлатиш зарур. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сув сарфини камайтириб самарали фойдаланишга қаратилган ташаббусларни кўпайтириш, уларни амалиётда қўллаш орқали тежамкорликка ўтиш давр талабига айланди.

Президент раислигида жорий йил 12 февралда ўтказилган видеоселектор йиғилишида аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга алоҳида урғу берилиб, каналларни бетонлар масаласи диққат марказга қўйилганлиги бежиз эмас, албатта. Йиғилишда уқтирилганидек, асосий мақсад энг кўп сув йўқотиладиган каналларни суғориш даври бошланишигача бетонлашдан иборат. Президент ҳамма кучни тўлиқ сафарбар қилиб, вегетация даври бошлангунча бетонлаш ишларини якунлаш шартлигини таъкидлади.

Шу мақсадда ҳозирда аграр тармоқда фойдаланишда бўлган, аммо сув ресурсларининг ортиқча исрофгарчилигига сабаб бўлаётган тупроқ ўзанли канал, ички суғориш тармоқларини бетон қоплама орқали реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бежиз эмас. Жиззах вилоятида ҳам қишлоқ хўжалиги экин майдонларига сув етказиб берувчи йирик каналларни режа асосида таъмирлаш ишлари давом этаяпти. Жумладан, Сирдарёдан сув келтириб Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларидаги 35 минг гектардан ортиқ майдонни суғоришга мўлжалланган узунлиги қарийб 99 километрга яқин ДМ-1 каналининг қарийб 14,7 километр қисми бетонлаштирилмоқда. Каналнинг 5 та қисмида таъмирлаш ишлари кетяпти, жами 7 километр тупроқ ўзаннинг
 5,5 километрга яқини бетонлаштириб бўлинди. 130 нафар ишчи, 50 дан зиёд махсус техника ва ташиш транспортлари жалб этилган қурилиш-монтаж ишлари жадал боряпти. 

Мазкур канал тупроқ ўзанли бўлганлиги боис у орқали ўтган сувнинг
 20-25 фоизи беҳуда сарф бўлган. Ҳозирда мазкур ҳудудда олиб борилаётган бетонлаш ишларига 130 нафар ишчи жалб этилган бўлиб, ишни 1 апрелда топширишни режалаштирганмиз. 

Шунингдек, Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларидаги яна 20 минг 405 гектар ерга сув етказиб берувчи ДМ-2 каналининг ҳам 7,3 километрдан ортиқ қисмида реконструкция ишлари давом этяпти. Шу кунгача 5,15 километрда тупроқ ишлари, 3,4 километрда эса бетонлаш ишлари бажариб бўлинди. Лойиҳага кўра каналнинг икки ёни 8 метр, ўзан ости 5 метр кенгликда,
 20 сантиметр қалинликда бетонлаштирилмоқда. "ДМ-2" каналидаги реконструкция ишлари якунланса, 2 та тумандаги 20 минг 405 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланиши билан бирга 30-35 фоизлик сув йўқотилиши барҳам топади. 

Ана шундай таъмир ишлари ДМ-3 каналида ҳам жадал суръатларда давом этмоқда. Режа асосида мазкур каналнинг 7 километр тупроқ ўзан қисми реконструкция қилинмоқда. 4,5 километрдан зиёд масофада тупроқ ишлари,
2,45 километрда эса бетонлаштириш ишлари якунланиш арафасида. 

Ҳадемай, қишлоқ хўжалигида баҳорги суғориш ишлари бошланади. Фурсатни ғанимат билиб, давлат бюджетидан ажратилган қарийб 107 миллиард сўм маблағдан мақсадли фойдаланиб, шу каби йирик гидротармоқларнинг ҳар бир таъмирталаб участкасида иш кечаю кундуз ташкил этилган. 

 

 Зокир Норбоев,

“Жиззахсувқурилишинвест” давлат   

 муассасаси директори 

 



Авторизация