“ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН”ДА УЙ ТЎЙЛАРИ БОШЛАНДИ

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида Собира Шарофова учун бир умрга эсда қоладиган воқеа содир бўлди. Аёл оила аъзолари билан замонавий меъморчилик андозалари асосида қурилган янги уйлардан бирига кўчиб кирди.

Жиззах вилоятида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, инсонлар яшаши учун қулай шароит яратиш борасида сўнгги 7 йил ичида аниқ давлат дастурлари асосида мисли кўрилмаган, тарихий ишлар амалга оширилди. Жумладан, аҳолининг уй-жойга муҳтож қатлами учун 15 017 та, шундан 2 528 та якка тартибдаги ҳамда 382 та кўп қаватли уйларда 12 489 та хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 9-декабрдаги “Янги Ўзбекистон массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, айни кунларда Жиззах вилоятида ҳам “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил этиш ишлари авж паллага кирган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Шароф Рашидов тумани “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудида 105 та 3 936 хонадонли, “Қаҳрамон” маҳалласи ҳудудида 10 та 725 хонадонли ҳамда Дўстлик тумани “Чинобод” маҳалласи ҳудудида 32 та 640 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар ва инфратузилма объектларидан иборат 3 та “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил этиш белгиланган. Бугунга қадар мазкур ҳудудларда 22 та 1 377 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 

  “Оқтош ота” маҳалласи ҳудудидаги барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви илгари адир ёнбағри бўлиб деярли фойдаланилмасди. Ҳозир 140 гектарли улкан майдонда 9, 12 ва 16 қаватли уйларни қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, массивда 1 та 1 680 ўринли умумтаълим мактаби, 1 та “Ал-Хоразмий” номидаги ихтисослаштирилган мактаб, 1 та 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 1 та 200 қатновли поликлиника, Давлат тест маркази, Иннотехнопарк ва кураш спорт саройи ташкил этилиб, қисқа қилиб айтганда янги шаҳар барпо этилмоқда.

-  Инсонни қадрлаш шунчалик бўлади-да, - дейди “Янги Ўзбекистон” массивидаги хонадон соҳиби Собира Шарофова. – Янги уйимизда ва маҳаллада яшаш учун қандай шароитлар керак бўлса, барчаси муҳайё қилинаётганидан жуда хурсандмиз. Фарзандларимиз, невараларимизнинг таълим олиши учун янги боғча ва мактабларнинг қурилаётганлиги ҳам узоғимизни яқин қилиши турган гап. Ҳаммаси учун Президентимизга минг раҳмат. Энди маҳалламизга фақат тўйлар ярашади. 

Ҳозирда ушбу массивларда 41 mlrd.soъм давлат бюджети маблағидан 8 км йўл, 5 км ичимлик ва оқова суви тармоғи, 5,1 км электр тармоғи ва 10 та трансформаторлар, 5,5 км иссиқлик тармоғи ва 1 та қозонхона ҳамда 2,1 км газ тармоғи билан таъминланди.

Шунингдек, массивнинг бош режасига асосан, 11,2 гектар ер майдонида “Янги Ўзбекистон боғи”, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, умумий овқатланиш шаҳобчалари фаолияти йўлга қўйилади. “Янги Ўзбекистон” массиви атрофидаги қир-адирликлар туширилган ландшафт дизайн таклиф лойиҳаси бўйича 25 гектар ер майдонида Туркия тажрибаси асосида замонавий боғлар ташкил қилиниб, қисқача айтганда, янги экошаҳар барпо этилади.


Авторизация