Биз ривожланган технологиялар асрида яшамоқдамиз. Ўзбекистонда сўнги йилларда технологияларнинг кескин ривожланиши кузатилаяпти. Айниқса ИТ технологияси борасида мамлакатимизда илгари тасаввур ҳам қилинмаган даражада олдинга силжиш бор.
Ўзбекистонда кейинги беш йил ичида Ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳаси бўйича 100 минггача янги мутахассислар тайёрланади. Ўзбекистонда охирги уч йил ичида ахборот технологияларини ривожлантиришга бўлган эътибор сезиларли даражада ортди. Бунинг натижасида соҳада хизматлар ҳажми ўсиб, таълим қамрови кенгайиб борди.
Масалан, IT Park резидентлари 2021 йилда 2,5 триллион сўмлик хизматлар кўрсатган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 5 триллион сўмни ташкил этди. Хизматлар экспорти ҳажми 2021 йилда 50 миллион доллар эди, ўтган йили 140 миллион долларга етди. Яъни йилига 2-3 баравар ўсиш кузатилмоқда. IT ривожлангани сари дунё бозорида ўзбекистонлик дастурчиларга талаб ортмоқда.
Дунёда, хусусан, Ўзбекистонда IT соҳасига кадрлар етишмовчилиги юқори. Чунки IT деярли барча соҳаларга кириб борди. Рақамлаштириш замон талабига айланди. Демак, ҳамма тармоқлар учун дастурчилар етарли бўлиши керак. Шу маънода, республикада рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш заруриятга айланган. Барча вазирлик ва идораларга IT хизматларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу ўз навбатида ортиқча харажатлар ва инсон омилини камайтиришда ҳам қўл келади.
Шундай экан, соҳани ривожлантириш учун энг аввало, уни ўргатишни – таълимни йўлга қўйиш даркор. Бугун ўзбекистонлик ёшларни ITга ўқитиш, уларга ишлаши учун шароит ва маҳсулотига бозор яратиш энг муҳим масалалардан бири бўлиб турипти. Шу боис, ҳукумат томонидан IT таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда фан ва техника жадал суръатларда тараққий этиб бормоқда, бу эса янги техникаларни, технологияларни мукаммалроқ тушунишга даъват этади. Ҳозирги вақтда яхши технологиялардан унумли фойдаланиш долзарб масала ҳисобланади.
Тўғри ихтиро ва кашфиётлар бўйича Ўзбекистон 100% олдинда деб айта олмайман, лекин юртимизда ёшларнинг билим олишлари ва илм соҳасида фаолият юритишлари учун барча шароит яратилган. Зеро, Ўзбекистон - иқтидорлилар мамлакатидир. Бугунги кунда Ўзбекистонлик ёш олимларнинг ижодий, интелектуал, инновацион ғоя, лойиҳалари бугун дунёнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Руҳшона Салибоева,
Ғаллаорол тумани, 66-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси.