ЧИҚИНДИСИЗ ДУНЁ УЧУН!

   Бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб улгурган. Шу боис, Туркия давлати 105 та бошқа давлатлар билан биргаликда бутунжаҳон чиқиндисиз кунини белгилаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди ва БМТ Бош Ассамблеяси 2022 йил 14 декабрдаги мажлисида 30 мартни ҳар йили нишонланадиган “Халқаро чиқиндисиз кун” деб эълон қилди.

   Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси ва “30 март — Халқаро чиқиндисиз кун” (International Day of Zero Waste) муносабати билан республикамизнинг барча вилоятларида ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, югуриш орқали чиқиндиларни саралаб йиғиш – “плоггинг” тадбирлари ўтказилди. 

   Ушбу санада Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ҳам Шароф Рашидов тумани “Тоқчилик” МФЙ ва Уч тепа даҳасини боғловчи автомобиль йўли ёқасидаги чиқиндиларни тозалаш мақсадида акция ташкил этилди. 

   Акцияни юқори савияда ўтказишда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг Жиззах вилоят ҳудудий филиали,  “Эко-сфера” МЧЖ, Саноат қурилиш банки, вилоят Ёшлар ишлари агентлигининг кўнгилли волонтёрлари, “Ёш экофаоллар” гуруҳи аъзолари, “Тоза ҳудуд” ДУК, “Тоқчилик” МФЙ вакиллари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлик қилдилар.

   - Акция ўтказилаётган автомобил йўли ёқасига аҳоли томонидан қаттиқ маиший чиқиндилар ноқонуний ташлаб кетилганлиги сабабли биз ушбу ҳудудни тозалашга қарор қилдик. Чиқиндиларни бартараф этиш учун 6 та махсус техника воситалари жалб этилди. Шунингдек, экология ходимлари, ёшлар, ташкилот ва корхоналар вакиллари, маҳалла фаоллари кўнгилли бўлиб, шу кўчанинг тозалигига ҳисса қўшмоқдалар. Ўйлаймизки, ушбу ташаббусимиз аҳоли ва жамоат вакиллари томонидан қўллаб-қувватланади ва эндиликда бу ҳудуднинг экологик назорати таъминланади, - дейди “Эко-сфера” МЧЖ директори Бунёд Сарибоев.

   Акция доирасида 150 нафарга яқин иштирокчи кичик гуруҳларга бўлиниб, белгиланган вақт ичида ҳудудларни тозалаш топшириғини олдилар. Иштирокчиларга зарурий ашёлар, елим қоп ва қўлқоплар, антисептик воситалар, футболка, кепка, эко-сумкалар тарқатилди. 

   Шунингдек, “Ekolog.uz” жамоат бирлашмаси томонидан мазкур экологик сана доирасида Жиззах шаҳрининг “Наврўзбулоқ” сайилгоҳи ҳудудида ҳам чиқиндиларни югуриб йиғиш бўйича ёшлар ўртасида “плоггинг” ўтказилди. 

   Жиззах давлат педагогика университети, Ўзбекистон экологик партияси Жиззах вилояти партия ташкилоти, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Жиззах политехника институтидан иштирок этган 60 нафарга яқин кўнгиллилар ҳаракати билан шаҳардаги “Шодлик” МФЙ ҳамда “Наврўзбулоқ” сайилгоҳи ҳудуди турли чиқиндилардан тозаланди. Ушбу тадбир доирасида ўтказилган тренингда экспертлар томонидан ёшларга чиқиндиларни йиғиш, уларни белгиланган жойларга ташлаш ва бу борада уларнинг экологик билим ва кўникмасини ошириш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди. 

   Уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад — кенг жамоатчиликнинг чиқиндиларга бўлган муносабатини ўзгартириш ва бу орқали чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, қайта ишлаш бўйича тушунчаларни шакллантириш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш моделларини тарғиб қилиш, айланма иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлашдан иборат.

   Ўтказилган ҳар иккала тадбир якунида энг фаол иштирокчилар турли номинациялар бўйича диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. 

 

 Саид Донишев


Авторизация